Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№31, 01.08.2013

МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН

АҲИЛЛИК ҚЎРҒОНИ

Избоскан туманидаги "Ўртоқлар" қишлоқ фуқаролар йиғини "Зарбдор" маҳалласида кўпчилик диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи Мактубахон Мамадалиевани ўз оиласининг яқин сирдоши, маслаҳатдоши сифатида ҳурмат қилади.

Чунки Мактубахон маҳалладошларининг қувонч-ташвиши билан яшайди. Уни гоҳ маҳалла ҳудудида жойлашган 42- умумтаълим мактаби ўқувчилари даврасида, гоҳ мустақил оила қуриш истагида турган ёшлар ҳузурида долзарб мавзуда мулоқот қилиб турган чоғида учратасиз.

- Обод турмуш йили муносабати билан маҳалламизда турли ёшдаги аҳоли қатлами иштирокида давра суҳбатлари, учрашувлар, кўрик-танловлар уюштириб боряпмиз, -дейди маслаҳатчи Мактубахон Мамадалиева. - Албатта, бунинг натижасида оилалар ўртасида аҳиллик, ҳамжиҳатлик мустаҳкамланмоқда, ибратли оилалар сони кўпаймоқда. Ахир халқимизда "Оила - қўш устунли айвон" деган гап бор. Бунинг замирида улкан маъно мужассам. Масалан, фаолиятим давомида жуда кўп оилаларнинг турмуш тарзи билан танишишимга тўғри келган. Бир нарсани сезаманки, ўқиган, бирор касб-ҳунарнинг бошини тутган оила соҳиблари хонадонларида доим тотувлик ҳукм суради. Томорқасидан ҳам тузукроқ ҳосил олишнинг уддасидан чиқолмайдиган, меҳнатдан қочадиган, ўзгалар ва маҳалла ёрдамидан доим умидвор бўлиб юрадиган хонадонларда эса тез-тез келишмовчиликлар юз беради.

Оилалар мустаҳкамлигига эришишда ёшлардан ҳам кўпроқ катталар, ота-оналар зиммасидаги вазифа залворлироқ, деб ўйлайман. Фарзандидан келажакда қандай оила соҳиби ёки соҳибаси чиқишини улардан яхшироқ бошқа ҳеч ким билмайди. Айримларнинг қўлида бирорта ҳунари йўқ, ҳали ўзларига боқиманда бўлган ўғилларининг бошини иккита қилиб қўяётгани ёш оилалар ўртасида ажримлар, арзимас низоларнинг кўпайишига сабаб бўляпти.

3014 нафар аҳолиси, 778 та оила истиқомат қиладиган мазкур маҳалланинг етмиш фоизи намунали, тотув хонадонлардан саналади. Бу эса, Мактубахондай куюнчак маслаҳатчи ва фаоллар томонидан олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишларининг самарасидир. Қолаверса, бу маҳаллада хотин-қизлар ўртасида устоз-шогирд анъанаси давом этмоқда. Ҳунарманд аёллар ўз ҳунарларини ўргатиш асносида ёшларга катта ҳаёт сабоқларини сингдириб бормоқдалар.

Бундан ташқари, маҳаллада тўй-маъракаларни камхарж, исрофгарчиликларсиз ўтказишда маҳалла фаоллари Назирахон Мирзааҳмедова, Аҳмадҳожи Имомалиев, Рўзимтой ака Содиқов, Насибахон Эшматова, Буҳожар опа Латипова доимо маслаҳатчига елкадош. Дастурхончилар Ҳалимахон Раҳмонова, Дилоромхон Нор-қулова, отинойи Ўктамхон опа Азизоваларнинг юрт ичида юриб, тушунтиришлари ўз натижасини бермоқда. Тўйлар камхарж, ихчам тарзда ўтказилмоқда.

Шунингдек, хотин-қизлар саломатлиги, яқин қариндошлар ўртасидаги қудачилик, балоғат ёшига етмай турмуш қуриш ҳолатларини бартараф этишга ҳам катта аҳамият қаратилган.

"Маҳалла - оила - мактаб" ҳамкорлиги ҳам яхши йўлга қўйилган. Ҳар ойда 42-умумтаълим мактабининг спорт залида оилалар ўртасида спорт беллашувлари (уй бекаларини жалб қилган ҳолда) ўтказиш анъана тусига кириб қолган.

Шу билан бирга 21 кишидан иборат жамоатчилик вакилларидан тузилган махсус гуруҳлар томонидан ҳар куни камида 7-8 та оилага кириб, зарур маслаҳат амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Бу муаммоларни бартараф этиш оилаларнинг яшаш тарзи билан танишиш имконини бермоқда.

Маслаҳатчи, нафақат, оилалар билан ишлашга, балки маҳалланинг қиёфасига, ободончилик, озодалик ишларига ҳам кўпроқ эътиборни қаратишга интилади. Чунки одамларнинг онги ва маданияти мана шунга боғлиқ эканлигини яхши билади. Шу боис, маҳаллага борганки одамнинг ён-атрофга қараб, баҳри дили очилади. Маҳалла марказида чойхона, сартарошхона, тижорат дўконлари ва бир қатор маиший хизмат кўрсатиш масканларининг аҳолига хизмат кўрсатиши эса ана шу эътиборнинг бир кўринишидир.

Ҳа, маҳалла обод - юрт обод, маҳалла тинч - оила тинч, деб бежиз айтмаганлар. Мактубахон Мамадалиева сингари маслаҳатчиларнинг маҳалла аҳлини аҳиллик билан бирлаштириб, куюнчаклик билан олиб бораётган ишлари ҳамиша элнинг назарида. Элнинг назарида бўлиш эса бахтдир.

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди