№31, 01.08.2013 УЧРАШУВЛАР КЎТАРИНКИ РУҲДА ЎТМОҚДА
Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоятимизда ҳам республика Маънавият тарғибот маркази ва унинг вилоят бўлими ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 22 йиллик байрамини муносиб кутиб олиш, ана шу улуғ байрамга бағишлаб аҳоли ўртасида "Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!" деган ғояни ўзида мужассам этган маданий-маърифий учрашувлар, адабий-бадиий кечалар, умуман, кенг кўламли тадбирлар ўтказилмоқда. Айни кунларда ана шундай тадбирлар вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда.
Сир эмаски, мамлакатимиз, қолаверса, вилоятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида ўтган йигирма икки йиллик мустақил тараққиёт даврида асрларга татигулик ишлар амалга оширилди. Бунинг самараси ўлароқ юртимиз, шу жумладан, Андижонимиз кундан-кунга юксалиб бормоқда, халқимизнинг турмуш тарзи тубдан яхшиланмоқда. Энг муҳими, ўзлигимизни англадик, қўлга киритаётган ютуқларимиз эса жаҳон жамоатчилиги томонидан эътироф этилмоқда. Бу албатта, ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз фахр-ифтихор туйғуларини ҳадя этади.
- Аҳоли ўртасида маънавий-маърифий тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад, аҳоли маданий даражасини юксалтириш, тарихан таркиб топган миллий ва маънавий қадриятларимизни кенг тарғиб этишдан иборат, - дейди республика Маънавият маркази вилоят бўлими раҳбари ўринбосари Муҳаммаднодир Исматуллаев. - Қолаверса, халқимиз руҳиятига кўтаринкилик бахш этиш, озод ва обод диёримизнинг 22 йиллик тўйини муносиб кутиб олишга қаратилган.
Жойларда бўлган учрашув ва мулоқотлар аҳолининг барча қатламларига нафақат кўтаринки кайфият улашмоқда, балки уларнинг маънавиятини бойитмоқда, қалбларида юрт равнақига даҳлдорлик туйғуларини янада мустаҳкамламоқда, бўлаётган ўзгаришларга бефарқ эмаслигини кўрсатмоқда.
- Мустақиллик бизга улкан имкониятлар, улуғ неъматлар берди, - дейди Марҳамат туманидаги Дорбоз маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдуманноб Дадабоев. - Ўзбекистоннинг энг чекка, чегара ҳудудларидан бири ҳисобланган маҳалламиздаги қурилиш, ободонлаштириш борасида бўлаётган ўзгаришлардан беихтёр қалбимиз фахрга тўлади. Энг муҳими, мана шундай тинч ва осуда ҳаётимиз истиқлол берган улуғ неъмат эканлигини дилдан ҳис этамиз.
Вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида, қишлоқларида таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар, ижодкор зиёлилар ҳамда санъаткорлар иштирокида бўлиб ўтаётган маданий-маърифий тадбирлар юрт кўрки-камолидан ғурурланиб яшаётган фуқароларимиз қалбида эзгулик, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат, юрт равнақига фидойилик туйғуларини мустаҳкамламоқда.
Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|