Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№31, 01.08.2013

САНЪАТКОР БИЛАН СУҲБАТ

МЕНИНГ БАХТИМ - ОИЛАМ

Наргиза Абдуллаева номи томошабинларга яхши таниш. У ўзининг илк роли "Чархпалак" телесериалидаги "Бувижон", яъни Зулхумор орқали халқимиз кўнглидан жой олган. У кейинчалик яратган қатор образлари билан тобора танилиб борган бўлса-да, "Бегона баҳор" филъмидаги келин роли орқали эса халқ қалбидаги меҳрни муҳаббатга айлантира олди. Бугун актириса билан суҳбатлашар эканмиз, унинг айни кундаги ҳаёти ва ижоди билан қизиқдик.

- Кейинги пайтларда фильмларда камроқ кўринадиган бўлиб қолдингиз. Бунинг сабаби нимада?

- Орада бироз танаффус қилишга тўғри келди. Чунки барчага маълум бўлганидек, иккинчи бор турмушга чиқдим. Дастлаб оила олдидаги масъулиятлар, келинлик вазифалари ва фарзандлар тарбияси дегандек...

Энди ишонсангиз, бу вақтда санъат ҳақида ўйламадим. Чунки ўзим орзу қилган оилам ва дунёга келиб топган бойлигим - фарзандларимга вақт ажратдим. Шунинг учун ижодимда танаффус бўлди. Лекин айни кунларда яна санъат оламидаман. Буни "Замонавий совчилар- 2", "Лайлойимсан" фильмларидаги ролларим орқали томошабинлар билиб олган бўлсалар керак. Аввалига турмуш ўртоғим клипларда суратга тушишимга розилик бермади. Аммо кўплаб таклифлар тушавергач, ўзлари клипнинг мазмуни билан танишиб чиққач, маъқул келганига суратга тушишимга розилик билдиряптилар. Бундан ташқари, кинолар учун ҳам режиссёрлардан тушаётган таклифларни ўйлаб кўриб, ўзининг дидига мос келганини танлаяптилар. Мен эса фақатгина уларга маъқул келган фильмларда суратга тушишим мумкин.

- Санъат кишиси бўлсангиз-да, бироқ саҳнага чиққанингизда ҳамон ҳаяжонланаётганингиз сезилади.

- Чиндан ҳам саҳнага чиққанимда негадир мени қўрқув босади. Билмадим, балки бу саҳнанинг салобатидир. Ҳатто, бир гал қаттиқ ҳаяжонланганимдан интервью пайтида йиғлаб юборганман. Шунақа пайтларда онамнинг дуоларини, турмуш ўртоғимнинг далдаларини эслайман. Ҳар гал бирор кўрсатувда қатнашганимдан сўнг биринчи бўлиб онамга қўнғироқ қилиб, ўз таассуротларимни айтаман. Хурсандчилигимни, энг аввало, онам билан баҳам кўраман. Худога шукр, онам мени ҳар доим қўллаб-қувватлаб турадилар.

- Турмуш ўртоғингиз сизнинг қайси фазилатингизни кўпроқ қадрлайди?

- Тўғриси, зўр пазанда бўлмаслигим мумкин, лекин озодаликни севаман ва бунга амал қиламан. Турмуш ўртоғимга ҳам айнан шу саришталигим ёқади. Бир куни улар менга "Москвада ўн йил давомида ишлаб юрган пайтларим деярли ўзбекчиликдан чиқиб кетган эдим. Сенга уйланганимдан сўнг, менга ўзбекона рўзғор тутишни ўргатдинг. Мени ўзлигимга қайтардинг. Бунинг учун сенга раҳмат", дедилар. Очиғи, бу гапдан хурсанд бўлиб кетдим.

- Турмуш ўртоғингиз билан илк маротаба қаерда ва қай тарзда танишгансизлар?

- Ўшанда, биринчи турмушим бузилганидан кейин жуда ҳам тушкун ҳолатда қолгандим. Гарчи инсон ўзи рози бўлиб турмушидан ажралишса-да, барибир, бу унинг ҳаётига, юрагига қаттиқ таъсир қиларкан. Менда ҳам худди шундай бўлди. Кўзимга дунё қоронғу кўриниб кетди. Орадан анча вақт ўтиб кетган бўлса-да, ана шундай азоб мени тарк этмасди. Шунда ота-онам маслаҳатлашиб, мени Москвага, ўзбек миллий таомлари тайёрлайдиган кафеда ишловчи қариндошларимнинг ёнига юборишди. Мақсад, у ёқларда ҳаво алмаштириб, ташвишларимни унутиб қайтишим эди. Уларнинг гапига индамай рози бўлдим ва бошқа юртга кетдим. Аммо ўз бахтимни айнан ўзга диёрда топаман, деб ўйламагандим. У ёқда турмуш ўртоғим мени кўриб қолдилар. Қариндошларимдан сўраб-суриштириб, уйимизга совчи юборди. Кейин эса тўй бўлди.

- Эшитишимизга қараганда, улар сизга санъатни ташлайсан, деб шарт қўйган экан. Шу ростми?

- Ҳа, рост. Чиндан ҳам улар мендан шуни талаб қилдилир. Мен эса рози бўлдим ва сабр қилдим. Ўша пайтларда режиссёрлардан бирор фильм учун таклиф тушиб қолса, йиғламсираб эримнинг кўзларига қараб турардим. Охири улар ҳам менинг раъйимга қараб, санъатни давом эттиришимга рухсат бердилар. Шунинг учун ҳам мен уларнинг барча фазилатларини ҳурмат қиламан.

- Турмуш ўртоғингизни шу қадар мақтаяпсизки, газета ўқувчиларининг тасаввурларида камчиликсиз инсон намоён бўлмоқда. Аслида унинг ҳам бирор камчилиги бордир?

- Албатта. Беайб парвардигор дегандай, уларда ҳам баъзи камчиликлар кўзга ташланади. Масалан, турмуш ўртоғим айрим пайтларда вазиятни тўғри тушунмай туриб, гапириб юборади. Гапимни охиригача эшитмайди. Кейин ўзига келганидан сўнг, айбини тан олиб, узр сўрайди. Ҳаддан ортиқ рашкчи. Буни кўчада билдирмайди.

- Турмуш ўртоғингиз яхшигина ошпаз экан. Сиз тайёрлаган таомларга қандай баҳо беради?

- Уч (кулади). Лекин мақтаб ҳам турадилар. Агар овқат тановул қила туриб, ширинлик ея бошласа, биламанки, таом ёқмаган. Агар овқат ёқса, аввал, овқатни еб, кейингина ширинлик тановул қиладилар.

Бирор нозикроқ меҳмон келиб қолса, овқатларни ўзлари тайёрлайди. Ёрдам беришимга рухсат бермайди. Негалигини билмадиму, таом тайёрлаш сирларини менга ҳам очмайдилар. Ўзи ошпазлар шунақа бўлишаркан.

- Бугун сиз билан суҳбатлашиб бахтдан масрур эканлигингизга гувоҳ бўлдим. Шундай бўлса-да, Наргиза Абдуллаева учун асл бахт нимада?

- Дарҳақиқат, мен бугун дунёдаги энг бахтли аёлларнинг бириман, десам муболаға бўлмайди. Чунки ҳар бир қиз орзу қилган оилам, мени тушунган турмуш ўртоғим ва дунёга келиб топган давлатим - фарзандларим бор. Бунинг устига ўз севган касбимни давом эттираяпман. Озми, кўпми халқимизнинг меҳрига сазовор бўлдим. Менга яна нима керак? Шу ўринда газета ўқувчиларига, мухлисларимга бу ёруғ оламдаги энг катта бахт аёллик бахтини тилаб қоламан. Ким нимани бахт деб билса, унга эришсин. Дунёда ҳеч қайси аёлнинг кўзлари ёшланмасин. Барча-барча инсонларга ҳар доим бахтидан қувониб юриш насиб этсин.

Суҳбатдош

Феруза ИҚБОЛ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди