№32, 08.08.2013 "ИККИ ЁҚЛАМА ҚОПҚОН" ҚЎЙГАН ХОНИМ
(ЁКИ СОВЕТ ИТТИФОҚИНИНГ ПАРЧАЛАНИШИГА ҲИССА ҚЎШГАН АЁЛ)
АҚШда америкалик антропологларнинг (антропология - одамнинг келиб чиқиши ва эволюцияси, жисмоний тузилиши ва ирқларнинг пайдо бўлиши ҳақидаги фан) Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги даврда махфий хизмат билан ҳамкорлик қилганлиги ҳақидаги ҳужжатлар ошкора қилинди. Ибтидоий халқлар ҳаётини ўрганувчи олимлар билан махфий хизмат ўртасидаги ҳамкорлик тасодифан бошланди.
Ҳарбийлар 2-жаҳон урушида японларнинг ўзига хос бераҳмлигини тушуна олмай олимлардан ёрдам сўрадилар.
Уруш пайтида олимлар Японияда ишлай олмасди, шунинг учун улар масофадан миллий характерни ташхислаш услубини ишлаб чиқдилар - халқ маданиятини, матбуотини, санъатини, ташвиқот усулларини ўргандилар. АҚШ душман Япония давлатини йўқ қилишга жазм қилди. Лекин олимлар Японияни ашаддий душмандан содиқ дўстга айлантириш йўлларини ўрганиб чиқдилар. Эксперимент ижобий натижа берди. Асосий ролни бу тадқиқотларда машҳур антрополог олима Рут Бенедикт ўйнади. Унга ҳамкасби Маргарет Мид - кейинчалик СССРга қарши совуқ уруш асосини солган олима - яқиндан ёрдам берди.
1950 йилларда ўз мақолаларида собиқ Иттифоқда келажакда рўй бериши мумкин бўлган "турғунлик даврини" кўра билган Мид хоним машҳур антрополог олима бўлиб, 1971 йилда унинг номзодини, ҳатто АҚШ президентлигига қўйишган. Россияда ҳам машҳур олима сифатида танилган. Бироқ ҳужжатлардан унинг махфий хизмат ходимлари билан ҳамкорлик қилгани ва Россияга нисбатан нафрат туйғуси борлиги маълум бўлган. Бунда унга ҳамкасблари - Рут Бенедикт, Грегори Бейтсон ва Джефри Горерлар яқиндан ёрдам берганлар.
Улар шундай усулда ишлаган: халқнинг миллий характерини аниқлаб, унинг ўзига хос томонларини ўрганиб, онгини бошқариш бўйича усулларни ишлаб чиққан. Бундай технология деталлари сир сақланса-да, оз-моз бўлса-да, маълум томонлари бор.
Масалан, ҳаммадан кўра шу услублардан яхши фойдалана олган олим Бейтсон японлар онгини қандай бошқаришни билган. У демократиянинг хусусиятлари тўғрисида сафсата сотмай, ҳукумат радиостанцияси ташкил қилиб, расмий ташвиқот олиб борди, содир бўлаётган воқеаларни бўрттириб, японлар онгига шубҳаланиш уруғини сочган. СССРда бундай қилишга тўғри келмади ҳам - Кремлдаги раҳбарлар бундай ташвиқотни аллақачон бошлаб юборган эди.
Мид хоним руслар характери бундай ташвиқотдан ва тарбия тизими сабабли иккига бўлинганлигини, битта шахсда қарама-қарши - муҳаббат ва нафрат, ишонч ва шубҳаланиш туйғулари яшашини аниқлади. Бир томондан инсон ҳеч кимга ва ҳеч нарсага ишонмаса, иккинчи томондан, ҳатто душманга ҳам ишониши мумкин. "Қайта қуриш" даврини ва машҳур рус маталини ("Доверяй, но проверяй", "Ишон, аммо текшир") эсланг. Бу матални АҚШ президенти Рейган бир неча марта такрорлашни севарди. - Экспертлар бу маталнинг шу даврдаги одамларга таъсирини аниқ белгилаб бердилар: биз шубҳаланиш ҳолатида эмас, балки, ишонч ҳолатида бўлганмиз. Онгни бошқариш услубларини Бейтсон 1930 йиллари янги Гвинеяга қилган экспедицияси вақтида ўргана бошлаган. Шу ерда у Мид хоним билан танишди. Ҳарбий кундаликлардан шу нарса маълум бўладики, у 1947 йилда ташкил этилган ЦРУ (марказий разведка бошқармаси) иш услубига асос солади.
Мид хонимнинг руслар характеридаги қарама-қаршиликлар, боланинг гўдаклигида маҳкам сиқиб йўргакланишида, деган тушунчаси қаттиқ танқидга учрайди.
1970-йиллари маҳкам йўргаклаш салбий ҳолатларга олиб келишини доктор Спок ўз китобида ёзган, "айрим психолог мутахассислар агар бола гўдаклигида, ҳиссиётлари энди ривожланаётган даврда ёрдамга муҳтож, ҳаракатсиз ҳолатда бўлса, бундай ҳолат унинг ички дунёсини майиб қилиб, ўзини эркин тутиш ҳиссини олиб қўйиши мумкин, деб изоҳлайдилар". Бу изоҳ Спокда қаердан пайдо бўлди? Чунки 1939 йили Спок Мид хоним қизининг шифокори бўлган. Мид хоним бола тарбияси билан боғлиқ ғояларни экспедиция вақтида ибтидоий халқлар ҳаётидан ўрганди.
Масалан, Мид хоним АҚШда биринчи бўлиб, қизини режим бўйича эмас, балки бола талаб қилганда эмизишни бошлади. Кейинчалик бу амалиёт доктор Спок сабабли ҳамма жойда тарқалди.
Собиқ иттифоқ ўз даврида Америкаликларнинг илмий тадқиқотлари қопқонига тушиб, "Бейтсоннинг икки ёқлама қопқонидан" чиқиб кета олмади. Онгнинг қарама-қарши ҳолати - ҳудди шундай деб аталади.
Яқинда россиянинг Белгород областида қишлоқ аҳолисини психологик текширувдан ўтказишди. Бундай тадқиқотни қишлоқ хўжалиги соҳаси билан шуғулланувчи компания олиб борди. Деҳқонлар худди ўша "икки ёқлама қопқон" ҳолатида бўлиб, яшашга ҳаракат қилишга қизиқиши қолмаганлиги аниқланди.
Шу ерда Мид хонимнинг қуйидаги сўзлари ёдга тушади: "Ақлли ва ўз ишига содиқ инсонларнинг кичик гуруҳи дунёни ўзгартириб юборишига шубҳа қилманг. Тарихда доим шундай бўлиб келган".
"АиФ"дан
Нигорахон ТОЖИМАТОВА
таржимаси.
|