№33, 15.08.2013 МЕҲР ЎЛМАСИН
ҲУКМНИ БОЛАКАЙ ЧИҚАРДИ
Судда кўрилаётган иш юзасидан тарафларнинг фикрлари тингландию, судя ҳукм чиқаришни бу иш юзасидан изтиробда қолган болакай зиммасига юклади. Ҳамманинг нигоҳи унга қадалган. Якуний хулоса унинг фикрига таянади...
- Қани, болакай, сен ким билан яшашни хоҳлайсан? Отанг биланми ёки онанг билан...
Жовдираган кўзлар маҳзун товуш ила яна ҳаммани ўйга толдирди.
- Иккаловлари билан ҳам...
Одатда арзимаган сабаблар билан фақатгина ўзини ўйлаб, енгил ҳаёт измида ажрашишга "бел боғлаган" айрим ота-оналар қилаётган ишлари натижасида энг кўп жабр кўргувчи бу бегуноҳ болалар эканлигини ўйлаб ҳам кўришмайди. Натижада эса...
Жиноятчи болалар, кўча безорилари, тартиббузарлар... ушбу рўйхатнинг катта қисмини айнан номукаммал оила фарзандлари ташкил этаётганини маълумотлар исботлайди. Бу фожеа олдида ажралишга асос бўлгувчи ҳолатлар арзимаган икир-чикир эмасми?
...Меҳрибонлик уйи ўқувчиларининг "Мен катта бўлсам..." мавзуида ёзилган иншоларини текшириб ўтирган Наима устоз Садоқатнинг фикрларини ўқиб, юраги алланечук титраб кетди. Мурғак қалбга шунча дард қандай сиғди?..
"Мен катта бўлсам, дунёдаги энг яхши она бўламан. Биламан, ҳозир тенгдошларимнинг барчаси бирор касб ҳақида ёзмоқда. Кимдир яхши шифокор бўлмоқчи, кимдир ўқитувчи, яна кимдир эса инженер. Мен ҳам келажакда албатта, касб эгаллашни хоҳлайман. Лекин бу менинг асосий мақсадим эмас. Интилганим, менга беришмаган меҳрни фарзандимга бериш. Мен ҳеч қачон ўз фарзандимдан воз кечиб кетмайман. Энг, энг, энг яхши она бўламан..."
Бу ердаги ҳар бир болага қанчалик меҳр берманг, унга ташналигини қондира олмайсиз. Ҳар куни дераза қаршисида туриб, ҳеч бўлмаса бир маротаба ота-онасининг келиб қолишини орзу қилмаганининг ўзи йўқ. Бироқ Садоқат буткул ўзгача, у ўша орзуни ҳам қилмайди. Узоқ-узоқ ҳаёл суради, фақат нима ҳақида буни ҳеч ким билмайди.
Ота-онасининг ҳар кунги жанжаллари ниҳоят ажрашишгача етиб бордию, онаси укасини олиб, ота уйи Самар-қандга кетди. Садоқат эса отаси билан қолди. У ёқда она бошқа оила қурди, бу ёқда ота... Ўгай она учун қиз тайёр хизматкор бўлди, лекин шунда ҳам бу оилага сиғмади. Турли жазолар, хўрликлардан зада бўлган қиз ҳали у, ҳали бу синфдошининг уйидан паноҳ топди. Ўгай она эса буни бебошликка йўйди ва қизни ўз онаси тарбиясига топшириш масаласини кўндаланг қўйди. Садоқатнинг кўнглига ёруғлик инди. Ўз онаси бағрида бўлса, ҳаммаси ортда қолади. Шунча масофадан келган она нажот истаб, кўзлари мўлтираб турган фарзанди олдида унга бола керак эмаслигини айтди. Садоқатнинг эса кўнгли тилка-пора бўлди. Шу кундан бошлаб, бировга гапиришни ҳам истамади. Уни болалар уйига топширдилар. Бу ердаги ҳар бир бола умид билан оиласини кутади, бироқ Садоқат ўша умиддан ҳам мосуво. Чунки ақл тафаккури идрок этиб турган бир вақтда ундан воз кечдилар. Шундай бўлса-да, кичкинагина жусса меҳрсизлик туфайли экилган нафрат дарахтида меҳр меваларини яратиш учун ўзида жасорат топмоқда. Катталарнинг хатоларини матонат билан тўғрилашга интилмоқда.
Баъзан болалар катталардан кўра теранроқ фикрлашади.
...Суд якуний ҳукмни ўқиди. Хуллас, болакай хоҳлагандек бўлди.
Шу ўринда оила фақат ота-она, яъни эр-хотиннинг эмас, балки болаларники ҳам эканлигини асло унутмайлик. Бирор ножўя ҳаракат қилишдан аввал ана шу беғубор қалбли фарзандларимиз тақдирини ўйлайлик.
Моҳидил МАМАСОЛИЕВА.
|