№33, 15.08.2013 ОИЛА ВА НИКОҲ ОДОБЛАРИ ҲАҚИДА
Аллоҳ субхонаху ва таоло Қуръони каримда марҳамат қиладиким: Яъни: "Аллоҳ таоло сизларга ўз жинсингиздан, яъни одамзод наслидан бўлган киши билан турмуш қуришларингиз учун аёлларни ато қилди. Улардан сизларга фарзанду набиралар бунёд айлади ҳамда покиза неъматларидан ризқ берди".
Дарҳақиқат, ислом дини таълимотида уйланиш, оила қуриш хусусида жуда кўп гапирилади.
Одамзоднинг якка-ёлғизликда эмас, оила шаклида ҳаёт кечириб бормоғини, бунга инсон табиати мос эканлигини Аллоҳ таоло Қуръони каримда тавҳид аломатларидан бири деб санайди: Яъни: "Аллоҳ таолонинг ягоналиги аломатларидан бири шулким, сизларга ўз жинсингиздан, яъни инсон жинсидан хотинлар яратиб қўйди, токи сизлар улар билан хотиржам биргаликда яшангизлар. Ўрталарингизда меҳру-муҳаббат ҳам пайдо қилди. Албатта, бунда тўғри фикр қилувчилар учун аломат ва далиллар бордир".
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қиладиларки, уч киши келиб, пайғамбаримизнинг аёлларидан "Расулуллоҳ бир кеча-ю кундузда қанча ибодат қиладилар", деб сўрадилар. Жавобдан маълум бўлдики, Муҳаммад (с.а.в) улар ўйланганчалик кўп ибодат қилмас эканлар. Шунда улар бир-бирларига қараб айтдиларки, "Расулуллоҳ озроқ ибодат қилсалар ҳам ярашур. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда у зотнинг барча гуноҳларини кечганлиги ҳақида баён қилган".
Сўнг улар қарорга келадилар бири "Энди мен кечалари фақат намоз ўқиб чиқаман", деса, иккинчиси "Мен кундуз кунлари рўза тутаман" дебди. Учинчилари эса "Мен абадий уйланмай ўтаман" деб турганларида, Расулуллоҳ (с.а.в) уларнинг ҳузурига келади, ўртада бўлиб ўтган гап-сўзлардан хабардор бўлиб: "Мен сизлардан кўра Худодан кўпроқ қўрқурман. Лекин рўзани доимий эмас вақти-вақти билан тутурман. Кечаси намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Хотин-у зурриётларим ҳам бор. Кимки бу суннатимдан юз ўгирса, у менинг умматим эмас", деган эканлар.
Оилавий турмуш, фарзанд тарбияси, эр-хотиннинг вазифа ва ҳуқуқлари, оилавий ҳаётга доир тартиб ва аҳкомлар хусусида батафсил тўхталмасак-да, баъзи бир муҳим тавсияларни қисқача баён этмоқликни лозим топдик.
Ёшларни уйлантириш арафасида йигит билан қиз бир-бирларини кўрган, таниган бўлишлари лозим. Бу ҳақда ҳадислар мавжуд, яъни, икки турмуш қурувчи ёшлар мажбуран, ёқтирмаган кимсалар билан оила қуриши маън қилинади.
Эр-хотин ўрталаридаги муомала ва оила ишига эҳтимом кўрсатиш нақадар савобли эканлиги тўғрисида жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларида кўп таъкидлаганлар. Яъни, "Мўминларнинг ичида имони комилроғи - ахлоқ ва одоби чиройли бўлганидир. Сизларнинг ичингизда аҳл-у аёлига яхши муомалада бўлганларингиз - энг афзалларингиздир".
Бир-бирларини иззат-ҳурмат қилиш билан турмуш нақадар ширин ва файзли ўтишини эр-хотин идрок қилмоқлари зарур.
Аввало, эр ўз умр йўлдошига яхши муносабатда бўлиб, ҳуқуқларини поймол қилмасдан, агар баъзида савх-у хатоларга йўл қўйса, ширинлик билан тушинтирмоғи, балки, билмаганларини билишга кўмаклашмоғи, доимо яхши муомалада бўлишлиги лозим.
Аёл киши ҳам ўз навбатида рўзғорнинг чиройли ва тўкис бўлиши учун қайғуриши, маълум тартибларга амал қилишлиги таъкидланади.
"Фикхус-сунна" китобида зикр қилинишича, никоҳ кечаси яқинлашган қизига онаси Умома бинти ал-Хорис шундай насиҳат қилган экан:
"Қизим, одоб-ахлоқи мукамал бўлган фарзандга насиҳатнинг ҳожати йўқ бўлганда эди, мен сенга насиҳат қилмаган бўлар эдим. Лекин бу оқил-у ғофилга баробар фойдалидир. Қизалоғим, сен энди туғилиб ўсган ерингдан нотаниш бир хонадонга борурсан. У ерда сенга бир умр йўлдоши бўлгайким, у гўё сенинг султонинг бўлур.
Сен қуйидаги ўнта насиҳатимни унутмагин:
- ҳамиша қаноатли ва итоатли бўлгин;
- эрингнинг кўзи хунук ерга тушмасин, бурни нохуш ҳидни сезмасин;
- уйқуси билан таомига ўз вақтида ҳозирлик кўр;
- унинг мол-мулкига яхши посбонлик қилиб, фарзандларига меҳрибонлик кўрсатгин;
- эрингнинг буюрган юмушини бажар, сирини мудом фош қилма.
Шуларга риоя қилиб борсанг, турмушларингиз фаровон, рўзғорларингиз доруломон бўлур." .
Расули акрам (с.а.в) "Қайси бир аёл киши эрини рози қилган ҳолда дунёдан ўтган бўлса, албатта, у аёл жаннатидур", деб башорат берган эканлар.
Лекин, афсуски, баъзи бир хонадон соҳиб ва соҳибалари янги турмуш қурган ёшларнинг муросали, ширин ҳаёт кечиришларига кўмаклашиш ўрнига, янги келиндан айбу нуқсон қидириб, эр-хотин ўрталарига совуқлик тушушига сабаб бўладилар.
Ваҳоланки, ўғил уларнинг фарзанди бўлса, келин ҳам хуДди шундай. Туғилиб ўсган жойидан ўзга бир хонадонга келиб, то кўникиб, ўрганиб кетгунга қадар бу хонадондагилар бироз сабр қилишлари лозим бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизга "Ғазабларини ютувчи, инсонлар тарафидан бўладиган савх-хатоларни кечирувчи" кишилар тоифасидан бўлиб, бир-бирларимизни иззат-ҳурмат қилиб яшашликни насиб этсин.
Раҳмонберди СОБИРОВ,
Андижон шаҳридаги "Ғиштли" жомеъ масжиди имоми.
Сойибжон МАМАЖОНОВ,
Олтинкўл туманидаги "Далварзин" жомеъ масжиди имоми.
|