№34, 22.08.2013 "МАФТУНКОР РАНГЛАР ОЛАМИ"
Андижон шаҳридаги Болалар боғида имконияти чекланган болалар ўртасида "Мафтункор ранглар олами" республика танловиниг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси, Ногиронлар жамияти вилоят бўлими ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган "Мафтункор ранглар олами" танлови имконияти чекланган ўқувчи ёшлар қалбида улуғ неъмат - Истиқлолга шукроналик, Ватан, миллий ғурур ва ифтихор, ўзликни англаш, эртанги кунга ишонч туйғуларни, қолаверса, ўз иқтидор ва имкониятларини тўлақонли юзага чиқаришларида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Танловда унинг туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 17 нафар иштирокчининг ижодий ишларидан кўргазмалар ташкил этилди. Озод ва обод Ўзбекистониимиз, замонамиз қаҳрамонлари, юртимиз рамзлари, бунёдкор халқимиз томонидан барпо этилган улуғвор иншоотлар, турли эртаклар қаҳрамонларини акс эттирган ижодий ишлар нафақат меҳмонлар, балки мутахассисларда ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Якуний натижаларга кўра, қўрғонтепалик Изатилло Эргашев "Обод турмуш йили"га бағишланган туркум суратлари учун биринчи ўринга сазовор бўлиб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иккинчи, ўрин асакалик Дилафрўз Абдуқодировага, учинчи ўрин эса шаҳрихонлик Хожиакбар Абдуғаниевга насиб этди.
|