№34, 22.08.2013 САНОАТ КОРХОНАЛАРИДА
"KRAV ТЕКS": ЮКСАЛИШ ЙЎЛИДА
Олтинкўл туманидаги "КRАV ТЕКS" масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон - Лихтенштейн қўшма корхонаси иш бошлаганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. 2011 йилда фаолиятини бошлаган ушбу корхонага 2012 йилда хорижий инвестиция жалб этилди. Ўшанда 250 та замонавий дастгоҳ харид қилиниб, ўрнатилди. Натижада матоларни сифатли тўқиш ва бўяш ишлари йўлга қўйилди.
Шу тариқа корхона ўз фаолиятини бошлаб, мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жорий этиш ҳисобига болалар, аёллар ва эркаклар учун трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқара бошлади. Ҳаракатда баракат, деганларидек, астойдил қилинган меҳнат самараси, қолаверса, туман ҳокимлигининг амалий ёрдами билан ишлар яхши йўлга қўйилди. Сифат ва самарадорлик йилдан-йилга юксалиб борди. Режалар ортиғи билан адо этила бошлади.
- Бугунги кунда ишлаб чиқаришда доимий изланиш, ички имкониятлардан унумли фойдаланиш, қолаверса, иш жараёнида қатъий тартибнинг йўлга қўйилиши муҳимдир, -дейди мазкур қўшма корхона бош директори Рашид Муҳаммедов.
"КRАV ТЕКS" қўшма корхонаси 2011 йилда 181 нафар ишчи - ходим билан фаолият бошлаган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 700 нафарга етди. Уларнинг 530 нафарини аёллар ташкил этади. Ишчиларнинг аксарияти ёшлар эканлиги янада қувонарли. Корхонада самарали ишлаш учун зарур барча шароитлар яратилган. Ишчиларнинг ишга келиб кетишлари учун алоҳида автобус ажратилган. Бир маҳал бепул иссиқ овқат, дам олиш хоналари ташкил этилганлиги эса иш унумдорлигини оширишга ёрдам бермоқда.
Корхонада ўрнатилган тартиб-интизомни кўриб, кишининг ҳаваси келади. Жорий этилган бир хил иш формаси эса ҳар қандай кишининг кўзини қувонтиради. Бу албатта, корхонада белгиланган тартибга барча бирдек риоя қилишини кўрсатади.
Бугун "КRАV ТЕКS"да 100 хил турдаги трикотаж маҳсулотлари тайёрланмоқда. Корхонадаги тўқув, бўёқ, қадоқлаш сингари 6 цехда барча ишлар яъни, бичиш ва тикиш, тўқиш, матога бўёқ бериш, гул босиш жараёнлари босқичма-босқич, тез ва сифатли бажарилади.
Корхонанинг яна бир ютуғи маҳсулотларининг маълум қисми чет давлатларга экспорт қилинишидир.
- Ишлаб чиқарилаётган товарларимиз Италия, Германия, Швейцария, Туркия, Таиланд, Хитой каби хорижий давлатларга экспорт қилинади, хориж билан ҳамкорлик, албатта, зиммамизга катта масъулият юклайди, - дейди директор суҳбат асносида. - Ҳар гал хорижга чиққанимда, маҳсулотларимизнинг дўконларда сотилаётганлигини кўрсам, беихтиёр қалбимда фахр туйғусини ҳис қиламан. Шу ўринда муҳтарам юртбошимизнинг маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришга эътибори, юртимизда маҳаллий корхоналар фаолияти доимий равишда қўллаб- қувватлаётганидан беҳад хурсандман. Чунки жаҳон тажрибасидан маълумки, ишлаб чиқариш мамлакат иқтисодий тараққиётини юксалтиришда муҳим роль ўйнайди.
Ҳа, юртбошимиз "Истиқболли лойиҳалар тадбиркорга ва юрт тараққиётига хизмат қилади", деганларида айнан ана шу ҳаётий ҳақиқатни яна бир бор кўрсатиб берганлар. Шу ўринда корхонадаги ишларни юритиш, камчиликларни бартараф этиш, фаолиятни янада яхшилашда раҳбарга доим ҳаммаслак директор ўринбосари Шерзодбек Каримовнинг хизматларини алоҳида эътироф этиш керак. Шунингдек, корхонада ўзининг ҳалол меҳнати билан эътибор топган Раъно Пўлатова (тўқув цехи устаси), Шириной Қозоқова, Садоқат Йўлдошева (қуритиш цехи ишчилари), Сурайё Сотволдиева, Муаззам Маъмирова, Эльмира Шамсиддинова (тикув цехи чеварлари), Феруза Назирова, Маҳлиё Абдураҳмонова, Соҳиба Қобулова, Қимматой Абдуллазизова (тахлов цехи ишчилари), Нилуфар Сиддиқова, Шоҳида Элчиева, Шодибек Тешабоев, Маҳмуда Маҳмуджонова (дазмоллаш цехи ишчилари)нинг меҳнатларини алоҳида айтиб ўтиш лозим.
- Корхонада биз ишчиларга етарли шароитлар яратилган, - дейди тикув цехи ишчиси Наимахон Мадраҳимова. - Ишга келиб-кетишимиз учун автобус ажратилган. Тушликда иссиқ овқат ташкил қилинган. Дам олишимиз учун алоҳида хонамиз бор. Энг муҳими, маошларимизни вақтида оламиз. Яратилган шароитлардан, эътибордан кўнглимиз тўлади.
Бугунги кунда юртимизда энг долзарб масалалардан бири янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлашдир. Шу маънода ҳам корхонада олиб борилаётган ишлар эътиборга молик. Юқорида таъкидлаганимиздек, корхонада ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига юзлаб янги иш ўринлари яратилди. Хусусан, жорий ва ўтган йил давомида 100 нафардан зиёд коллеж битирувчилари доимий иш ўрнига эга бўлдилар.
- Шу кунларда матоларга гул босиш, тўқув, бўёқ, тикув цехларимизга янги дастгоҳлар олиб келиб, фаолиятимизни, ишлаб чиқаришни яна ҳам кенгайтириш ниятимиз бор, - дейди корхона директори. - Бу албатта, яна 100 та ишчи ўрин яратиш дегани. Олинаётган даромадларимизнинг асосий қисми корхона фаолиятни кенгайтиришга, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга сарфланмоқда.
Ҳа, раҳбарнинг изланувчан тадбиркор бўлиши корхонага, унинг янада юксалиши учун кенг имкониятлар эшигини очади.
Корхона томонидан кам таъминланган оилаларга, ишчи хизматчиларга кўрсатилаётган моддий ва маънавий ёрдам, эътибор эса меҳр-оқибат намунасидир.
Бугунги кунда юксалиш йўлида дадил одимлаб бораётган Рашидбек Муҳаммедов бошчилик қилаётган ушбу қўшма корхона нафақат вилоятимизда, балки республикамиздаги илғор ишлаб чиқариш корхоналаридан бири сифатида эътироф этилмоқда. Корхонадаги қайноқ меҳнат, одамлардаги кўтаринки кайфият, аҳиллик ва уюшқоқлик, корхонада изланиш, юксак интизом эришилаётган муваффақиятларга омил бўлмоқда. Шунинг учун ҳам белгиланган вазифалар ортиғи билан адо этилмоқда. Корхонада бўлсангиз, бунга амин бўласиз.
САҲИФАНИ ЗУМРАДХОН АБДУЛЛАЕВА ТАЙЁРЛАДИ.
|