Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№34, 22.08.2013

САЛОМЛАШИШ ОДОБИ

Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгандан кейин: "Эй одам, бориб анави фаришталарга салом бергин, улар қандай жавоб қайтарсалар, шу сўзлар сенинг ва зурриётларингнинг салом-алиги бўлади", деди.

Одам алайҳиссалом фаришталарга: "Ассалому алайкум", деб салом бердилар. Фаришталар: "Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ", ("Ассалому алайкум" жумласининг маъноси: "Сизга тинчлик ва омонлик бўлсин", демакдир) деб жавоб қайтардилар.

Аллоҳ таоло таълим берган бу саломлашиш бизга Одам алайҳиссаломдан мерос бўлиб қолган. Муқаддас Қуръони каримда шундай дейилади: "Бас, қачон уйларга кирсангизлар, бир-бирларингизга аллоҳ ҳузуридан бўлган покиза саломни айтинглар", (яъни "Ассалому алайкум" денглар" ("Нур" сураси, 61-оят).

Ислом дини нозил қилинган динларнинг энг охиргиси ва мукаммали бўлгани учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ислом динини энг гўзал ахлоқлар билан зийнатлаган. Саҳоба Анас ибн Моликдан ривоят қилинган ҳадисда мусулмонларнинг ахлоқи тўғрисида бундай дейилади: "Пайғамбаримиз (с.а.в) менга беш амални қилишим лозимлигини уқтирдилар: "Эй Анас, таҳоратингни эринмасдан мукаммал қил, умринг зиёда бўлади. Менинг умматимдан ким йўлиқса салом бергин, савобларинг кўпаяди".

Ўз уйингга кирганингда аҳлингга салом бер (яъни, бола-чақаларингга салом бер), уйинг-га хайру барака киради.

"Чошгоҳ намозини ўқигин, чунки бу намоз сендан олдин ўтган, Аллоҳга берилган бандаларнинг намозидир. Эй, Анас, ёш болаларга раҳм-шавқатли бўлиб, қарияларни ҳурмат қилгил, қиёматда менга ҳамроҳ бўласан" (Термизий ва Абу Довуд ривоятлари).

Кириладиган жойга қараб салом бериш ҳам ўзгариб туради. Бу тўғрида шундай ривоят қилинади: "Масжидга кирганда "Ассалому ала Расулиллоҳ", дегин, ўз уйингга (аҳлингга) кирганда "Ассалому алайкум", дегин. Ва ҳеч ким йўқ уйга кирганда "Ассалому алайно ва ъало ибодиллоҳис солиҳийн" дегин (Мужоҳид ривояти).

Аллоҳ таоло бизларга салом бериш билан бир қаторда саломга алик олишни ҳам ўргатиб, "Нисо" сурасининг 86-оятида шундай дейди:

"Қачон сизларга салом беришса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинг ёки ўша саломнинг ўзини қайтаринглар. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани ҳисобга олгувчи зотдир".

Демак, бирор киши сизга "Ассалому алайкум", деса, сиз унга: "Ва алайкум ассалому ва раҳматуллоҳи", деб алик олишингиз лозим. Бир ривоятда айтилишича, бир киши келиб: "Ассалому алайкум" деб Пайғамбаримиз (с.а.в) га салом берибди. Пайғамбаримиз (с.а.в) алик олиб, "ўн" деб қўйибдилар. Иккинчи киши келиб: "Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ", деб салом берибди. Пайғамбаримиз (с.а.в) алик олгач, "йигирма", деб қўйибдилар. Учинчи киши эса "Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ", деб салом берибди. Пайғамбаримиз (с.а.в) алик олгач, "ўттиз", деган эканлар. Саҳобалар ҳайрон бўлиб сўрашибди: "Ё Расулуллоҳ, нега биринчи киши билан саломлашганда ўн, иккинчисига йигирма, учинчисига эса ўттиз деб қўйдингиз? Сабабини тушунмадик?"

Пайғамбаримиз (с.а.в) жавоб қилибдилар:

- Биринчи киши "Ассалому алайкум", деди ва ўн савобга эга бўлди. Иккинчи киши эса "Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи", деди. Унга йигирма савоб ёзилди. Учинчи киши эса "Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокотуҳ", деб ўттизта савоб олди" (Термизий ва Абу Довуд ривоятлари).

Шундан маълумки, саломлашишда айтилган битта ортиқча яхши тилак савобнинг ўнтага ортишига сабаб бўлар экан. Салом берган кишининг қўли кўксида, чеҳраси очиқ бўлса, оладиган савоблари янада кўпаяди.

Баъзи жойларда "Ассалом" деб чала салом беришади, бу ҳам дуруст эмас, чунки"Ассалом" тинчлик, омонлик деганидир, "алайкум"ни қўшмаса, кимга тинчлик, омонлик тилаётганлиги номаълум бўлиб қолади. Шу сабабдан бирор киши аниқ қилиб: "Ассалому алайкум", деса, сиз ҳам аниқ қилиб: "Ва аллайкум ассалом", деб жавоб беришингиз лозим.

Одоб бўйича улов минган киши пиёдага, пиёда киши ўтирган кишига, озчилик кўпчиликка, кичик каттага, юқоридаги киши пастдаги кишига салом бериши керак.

Саломлашишда манманлик, ўзини юқори олиш, кибрланиш ёмон хулқдир. Икки киши бир-бири билан учрашиб қолганда қайси бири аввалроқ салом берса, шу киши Аллоҳнинг олдида улуғроқ ва яхшироқ саналур. Шу сабабдан у киши "Мендан ёшку, аввал у салом берсин", деб кутиб ўтирмасдан ўзингиз салом берсангиз, Аллоҳнинг олдида улуғ кишилардан саналасиз ва шу ишингиз билан ёшларга таълим бериб, унга дўстлигингизни изҳор этган бўласиз.

Пайғамбаримиз (с.а.в) ёш болаларга ҳам биринчи бўлиб ўзлари салом берардилар. Имом Муслим Пайғамбаримиз (с.а.в) дан шундай ривоят қилади: "Имонга келмагунча жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирларингни яхши кўрмагунча имонли бўлмайсизлар. Сизларга бир нарсани айтайми? Шуни адо этсангиз бир-бирларингизни яхши кўрасизлар, саломни ораларинг-да ошкор қилинглар".

Исломда саломлашиш дўстлик ва муҳаббат даражасига кўтарилади. Дўстлик ва муҳаббат имонни кучайтиради. Имон эса эгасини жаннатга олиб киради. Шундай экан, саломлашиш шартларига ҳамиша амал қилайлик. Зеро, шунда Аллоҳнинг суюкли бандалари қаторидан жой оламиз ва унинг марҳаматига мушарраф бўламиз.

Наврўзбек САМАДОВ,

Андижон шаҳридаги

"Холиқбердибой"жомеъ

масжиди имоми.

Абдураҳмон АРТИҚОВ,

Андижон шаҳридаги "Чинор"

жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди