Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№34, 22.08.2013

ҲИКОЯ

ҚАДРДОН ҲИД

- Турғуной, ҳой Турғуной...

Кўзлари юмуқ ҳолда ётган Турғуной момо бу таниш овоздан чўчиб кетди. Бемажоллигини ҳам унутиб кўзларини катта катта очди-да, атрофга аланглади.

- Буви, бувижон...

Момонинг ёнида ўтирган Асқад ака онасининг алаҳсираётганини тушунди. Шу боис овоз чиқармасдан ўз ҳолига қўйди.

Момо шунча қараса ҳам хеч кимни тополмади ва яна кўзларини юмди.

Шу паллада димоғида ҳув ўша беш олти ёшлигида ўрнашиб қолган таниш ёқимли ҳидни туйгандек бўлди. У пайтда ҳиднинг қандай эканини билмаганди, кейинроқ катта бўлганида қалампирмунчоқ аралаш хушбўй эканини англаган ва уни бир умр қидирди, бувисидан, қизидан, ўғлидан, яқинларидан. Ҳеч кимда туймади. Ҳозир эса ўша ҳид димоғини қитиқлаяпти. Беихтиёр:

- Аяжон... - деди энтикиб

Яна сас -садо йўқ.

* * *

Хира нигоҳлари орасидан узун чанг йўлни кўрди. Унда бир эркак, бир хотин ва қизча кетиб бормоқда. Қиз яланг оёқ. Тупроқнинг иссиқлигидан ирғиб ирғиб кетади. Аммо йиғлай олмайди. Чунки қўлидан тутган аёлдан қўрқаяпти. Аёлнинг юзи берк, бошига қора рўмол ташлаб олган. Улардан сал нари гурс-гурс қадам ташлаб кетаётган эркак аҳён-аҳёнда ортига қараб:

- Келаяпсизларми? - деб қўяди.

Турғунойнинг йиғлагиси келди. Ҳиқиллай бошлади.

- Минғирлама. Тезроқ юр!

Аёлнинг овозини эшитиб, дами ичига тушиб кетди. Яна дамини чиқармасдан юраверди. Баданини қизитаётган жазирама қизалоқнинг томоғини қуритди. Чанқаб, холсизланди. Бу сафар ростмона йиғлай бошлади.

- Оббо! Карим, буни кўтариб олинг! - аёлнинг овози яна ҳам баландроқ чиқди бу сафар.

Эркак тўхтади. Қизалоқни кўтариб, орқасига опичлади.

Ҳечам бунақа баландга чиқмаганди. Атроф кўзига ғалати кўринди. Беихтиёр илжайди.

- Қаранг-а, гўдак туриб одамни аҳмоқ қилади, юргиси келмай ғингшипти-да! - аёл сайради.

- Бўлди қил. Ўзинг зўрға юриб келаяпсан-ку. Бу бола, ҳалиям шунча масофани босиб ўтди, - эркак уни жеркиди.

Қизалоқ бир зум тинчигандек бўлди, аммо қорни очиб, баттар чанқади.

- Сув... - деди чўчибгина.

Аммо на эркак ва на аёл жавоб бермади. Қизалоқ қайтиб оғиз очишга журъат қилолмай, бошини эркакнинг белига қўйганича мудрай бошлади. Қанча юришганини билмади. Бир маҳал қаттиқ силкинишдан уйғониб кетди. Кўзини очиб секин мўралади. Узоқдан пастқам уйларнинг деворлари кўринди.

- Қизим, бирпас чидасанг, сенга сув, нон беришади. - Эркак уни бир силтаб янада баландроққа ўрнатиб ўтиргизар экан, юмшоқ гапирди.

Қизалоқнинг кўзига сув тўла идиш билан иссиқ нон кўриниб кетди. Тамшанди.

Яна озгина юришгач, уни пастга туширди. Қаршисида кичик тахта дарвоза кўринди.

- Қани кир, ичкарига! - эркак уни аста турткилади.

Қизча бегонасираб остонани босмай турди. Шу паллада ичкаридан ёшроқ йигит югуриб чиқди:

-Ҳайрият-эй, Турғуной келдингми? Бўла қол, ҳаммамиз сени кутаяпмиз!

Қизалоқ жавдираб, уни олиб келган эркакка қаради.

- Боланинг қорни оч, чанқаган, аввал овқатлантирайлик.

-Улгурмай қоламиз. Илҳақ бўб кетди. - Йигит шундай деди-ю, қизалоқни кўтариб ичкарига югурди.

Қизча ҳеч нарсани тушунмасдан атрофга қўрқиб қаради, аммо йиғламади. Ним қоронғу хонада аввалига ҳеч нарсани кўрмади. Кўзи ўргангач эса одам кўплигини пайқади. Бошларига катта рўмол солган уч- тўрт аёл тўрида тўшакда ётган касалнинг ёнида йиғлаб, ўтиришибди. Қизалоқни тўғри ўша беморнинг ёнига олиб боришди.

- Мана, Турсуной, келди кутганинг,келди, кўзингни оч, болам! Бир кампир беморнинг юз-кўзларини силаб, йиғлаб чақирди.

Яна бири эса қизалоқни унинг ёнига яқинлаштирди. Бемор ожиз ингранди. Оппоқ, қоқ суяк қўлларини зўрғагина кўтариб, қизалоқнинг кичик қўлчаларини ушлашга уринди. Кучи етмади. Кампир қизалоқни беморнинг шундоқ юзига яқин олиб борди. Қорни очлигиданми ёки қўрқувданми бурнига урилган ғалати ҳиддан энтикиб кетди. Кўзларини катта-катта очиб, беморга қаради.

- Қизим... менинг Турғунойим.. - аёлнинг лабларидан учган бу сўз қизалоққа аранг етиб келди.

Атрофдаги аёлларнинг пиқиллаб йиғлагани эшитилди.

Қизалоқ чалғиди, ким йиғлаётганини кўриш учун ёнбошга ўгирилди ва шу аснода юзи беморнинг юзига ёпишди.

- Болажоним...

Қулоқларининг остида жаранглади бу сўз... Ва яна бояги ҳид бурнига тўлди.

Кейин бирдан хона ичи йиғиларга тўлиб кетди.

Кимдир уни кўтариб олди. Ташқарига олиб чиқди.

Ерга ёзилган шолчага ўтирғизиб, олдига нон, овқат қўйишди. У атрофга ҳайрон боққанича шошиб-шошиб нон кавшай бошлади...

Ақлини таниб, катта бўлганида бувиси ўша бемор аёл унинг онаси эканини айтди.

Биринчи бор бу ҳақда эшитганида туни билан йиғлаб чиқди. Тушида эса аясини кўрди, нуқул унга қараб қовоғини уярмиш. Уни ўша уйга олиб борган эса дадаси, уни кета кетгунча тергаган ўгай аяси эканини ҳам кейинроқ билди.

Аслида "буви" дегани узоқроқ қариндошлари экан. Дадаси билан аяси ажрашгач, ўртада у сарсон бўлиб қолади. Чунки аяси оғир хаста, болани эплай олмайди. Дадаси эса эркак боши билан қаролмайди. Шунда дадасининг онаси бувисига уни берган экан.

Ўртоқларидек ота-онаси бўлишини, эркаланиб юришни умр бўйи ҳавас қилди, аммо бу ушалмайдиган орзу эди.

Ва яна бир армон ўшанда бемор аёл онаси эканини билганидан қаттиқроқ қучоқлаб ҳидларига тўйиб-тўйиб оларди.

Минг шукурки, аясининг ҳиди худди кечагидек ҳали ҳануз димоғини тўлдириб туради. Ёши саксондан ошиб, фарзандли набирали, ҳатто эварали бўлганида ҳам ўзини ўша беш ёшли қизалоқ каби сезади.

* * *

- Бувижон! Тузукмисиз? -Турғуной момо аста кўзини очди.

Ўғли Асқаджон, ёнида кичиги Асқаржон, қизлари Ойжамол, Гулжамол пойгакроқда эса неваралари. Фарзандлари унинг дардини олишга, ёнида суянчиқ бўлишга тайёр. Аммо у ўз аясини танимаган, дардини билмаган ва ҳатто, бирор марта бағрида эркаланмаган.

- Бувижон сув берайми? - бу аясига ўхшаб кетадиган кичик қизи... нигоҳида муҳрланиб қолган сувратни шу қизида кўрди йиллар ўтиб. Ва аясига ўхшашини ҳам кейин англади.

- Қизим...

Ўзининг овозидан ўзи чўчиб кетди. Назарида у эмас, аяси чақиргандек.. Кўзларини каттароқ очди. Болаларининг ортида аясини кулиб турган чеҳрасини илғагандек бўлди. Ҳатто қўлини ҳам чўзаяпти..

- Аяжон... мен келдим....

Хона ичи ҳув ўша палладагидек йиғига тўлди. Аммо бу сафар чўчиб кетмади. Аясига қўлини чўзди. Ва шу тобда бутун димоғи жудаям ширин ва тотли қадрдон ҳидга тўлди...

Матлуба ЮСУФ ОХУН.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди