№35, 29.08.2013 ШУКРОНАЛИК
БУ ЮРТДА ЯШАШНИНГ ЎЗИ БАХТ
Мен дала одамиман. Тупроқни яхши кўраман. Ҳар куни эрталаб далага келиб, шийпонга кириш йўлини супириб-сидирилганига кўзим тушади. Бу бир қувонч, ўз ишига киришиб кетган ишчилар сизга пешвоз чиқади - орзиқиб кетаман. Сувчи ўзи билиб, далага сув қўяётган бўлади, бошқаси ғўза парвариши билан овора, тракторчи ўзига ажратилган техникадан унумли ва тўғри фойдаланишни билади. Ҳаммаси учун шукур. Ўзим ардоқлаган касбим, қадрдон далаларим бор.
Инсон қайси соҳада бўлишидан қатъи назар, ўз ишини яхши кўриши баробарида уни қайсидир маънода санъатга айлантириши керак.
Мана 40 йилдан зиёд вақт бўлибдики, тупроқ билан тиллашиб, оддий, тўпори одамлар билан диллашиб, уларнинг кўнглига йўл топиб, ишлаб келмоқдаман. Қилган меҳнатларим давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. "Шуҳрат" медали, "Дўстлик" ордени ҳамда 2008 йилда "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвонига сазовор бўлганлигим бу ҳаммаси шу далада тупроқ кечиб топган олтинларим.
Ҳар бир инсон ўтказган кунидан қаноат ҳосил қилмаса, завқ туймаса эртанги кунга ишончи бўлмайди. Шундай экан, ишчи сув қўйяптими, чопиқ қиляптими, у билан суҳбатлашиб турсангиз, унинг ишончи ортади, завқи ошади, қолаверса, ўзингизнинг кўнглингиз тўлади. Меҳнат унумдорлиги эса муваффақиятларга замин яратади.
Бу жаннатмонанд юртда меҳнат қилишнинг ҳам, яшашнинг ҳам завқи ўзгача. Буни шу юртда яшаган ҳар бир инсон яхши англайди.
Сиёсатхон АБДУЛЛАЕВА, Ўзбекистон Қаҳрамони
"Олтин водий гулшани" фермер хўжалиги раҳбари.
|