№35, 29.08.2013 ЮЗ БИЛАН ЮЗЛАШГАНЛАР
ТАБАРРУК МОМО
Марҳамат туманида бугунги тўкин ва тинч ҳаётга шукроналик келтириб яшаётган пиру бадавлат онахонлар талайгина.
Шулардан бири Гаргар маҳалла фуқаролар йиғинида умргузаронлик қилаётган Шарофат момо Жамоловадир. Онахон бу йил муборак 101 ёшни қарши олдилар. Момонинг дадиллиги, хотирасининг тиниқлиги бизни хайратга солди.
- Онам асли қашқарлик бўлиб, жудаям гўзал аёл бўлган. Отам онамни ёқтириб, ўша томондан олиб келган экан. Мен эса оилада эрка, кенжа қиз эдим, - дейди онахон. - Опам ва акам уй юмушида доим онамга кўмаклашарди. Мен ҳам уларнинг ортидан юриб, нима юмуш бажарса, шунга ҳаракат қилардим. Қорнимиз нонга тўймасди. Тунлари ҳам хира чироқ нурида пахта чувиб чиқардик. Эртадан кечгача тиним бўлмасди. Онамнинг қай вақт ухлаб, қайси вақт ўрнидан турганларини кўрмасдим. Ҳозир-чи? Бу дориламон кунларимизга фақат шукрона қилиш лозим. Набираларимга ҳам шуни кўп тайинлайман. Айниқса, нонни исроф қилмаслик, рўзғордаги борики нарсани тежамкорлик билан ишлатиш кераклигини уқтираман.
Онахонни чарчатиб қўймаслик учун ўғиллари Жўра тоға билан суҳбатни давом эттирдим. Ўғли деганим ҳам ёши улуғ инсон.
- Онам бу табаррук ёшга етгунича озмунча меҳнат қилмаган. Уч ўғил, бир қизни тарбиялаб, вояга етказди. Отам Турсунали билан бизларни меҳнатга қайишимли қилиб ўстиришган. Шунинг учун ҳаммамиз ҳам ҳаётда қоқилмай, ўз ўрнимизни топдик. Онамни маҳалладагилар "қашқарлик келин" деб аташарди.
Ана шу қашқарлик онахон бугун маҳалланинг кайвони кексаларидан бири. Уларнинг зиёратига ошиққан, бир оғиз дуоларини олишга интиқ ёшу кексалар хонадонимиздан аримайди. Онамиз уларни дуо қилиб чарчамайди. 15 набира, 13 чеварасининг исмларини янглишмай айтиб беради.
- Ахир ҳаммамизни ҳам ўзлари катта қилган-да, - дейди набираси Гуллола опа. - Энам шу кунгача уйимизга келган меҳмонларни ўзлари кутиб оларди. Энди эса тўрт қават кўрпачанинг устида уйимизнинг фариштаси бўлиб, юртимизмизга тинчлик, қут-барака тилаб дуо қилиб ўтирибдилар.
Ҳа, кексалари бор юртнинг файзи бўлакча. Улар бор уйнинг таровати ўзгача. Шарофатхон момо сингари пиру бадавлат онахонларимиз бор экан, осмонимиз ҳамиша мусаффо, юртимиздан тўкинлик, файзу барака аримайди.
Моҳимбону СОБИРОВА.
|