№35, 29.08.2013 ХОТИН-ҚИЗЛАР СПОРТИ РИВОЖЛАНМОҚДА
Мамлакатимизда истиқлол йилларида хотин-қизлар спортини ривожлантириш, опа-сингилларимизни спортга жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айни кунда мазкур йўналишда вилоятимизда олиб борилаётган ишлар, эришилаётган натижалар салмоқли эканлигини алоҳида эътироф этиш лозим.
Хусусан, вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан "Обод турмуш йили" Давлат дастури, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда республика ҳукуматининг жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш юзасидан қабул қилиган қарорлари ижросини таъминлаш борасида қатор ижобий ишлар олиб борилмоқда.
Айни кунда вилоятдаги корхона, ташкилот, муассасалар, бирлашмаларда фаолият кўрсатаётган 1420 та спорт жамоасида 805 979 нафар киши спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Уларнинг 380 минг нафарга яқини хотин-қизлардир. Яъни, вилоятда мунтазам спорт билан шуғулланувчиларнинг 47,0 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. Бундан ташқари, спорт секциялари ва тўгаракларида 259272 нафар қатнашчилар дарсдан ва ишдан бўш пайтларида шуғулланаётган бўлиб, уларнинг 114768 нафари хотин-қизлардан иборат.
Вилоятда хотин-қизларни саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни оммавий спорт-соғломлаштириш тадбирларига жалб этиш учун вилоятимизда барча шарт-шароитлар яратилган. 30 та ўйингоҳ, 784 спорт зали, 45 та сузиш ҳавзаси, 3709 та спорт майдончалари ишлаб турибди. Шунингдек, жисмоний тарбия дарслари, спорт машғулотларида 905 нафар аёл мураббийлар самарали фаолият олиб бормоқда.
Дарҳақиқат, юртимизда аёлларни спортга жалб қилиш масаласи муҳим йўналишлардан биридир. Чунки уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, фаоллигини ошириш айнан уларнинг жисмонан соғлом бўлишлари билан боғлиқ. Шу боис ҳам аёллар спортини ривожлантириш давлатимизнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсати маҳсулидир.
Ҳозирда вилоятимизда хотин-қизларни спортга жалб қилиш борасида алоҳида дастур ишлаб чиқилган бўлиб, ана шу асосда ишлар изчил олиб борилмоқда.
Турли байрамлар, саналарга бағишланиб ўтказилаётган турли мусобақаларда иштироок этаётган опа-сингилларимиз сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Биргина "Наврўз" умумхалқ байрамига бағишланиб, январь, февраль, март ойларида босқичма-босқич ўтказилган югуриш марафонининг 1-босқичида 39 мингдан зиёд, 2-босқичида 18 мингдан зиёд ва 3-вилоят босқичида 2500 дан зиёд хотин-қизлар иштирок этди. Шунингдек, "Наврўз" байрами муносабати билан вилоят хотин-қизларининг "Иқбол" газетаси соврини учун теннис бўйича очиқ турнир, Р.Шерматова хотирасига бағишлаб ўтказилган анъанавий спартакиада, "Журналист аёллар - одам савдосига ва гиёҳвандликка қарши" шиори остида бўлиб ўтган аёллар спартакиадаси доирасидаги спорт мусобақаларида 3 минг нафарга яқин аёллар иштирок этдилар. Умуман, жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятимиз шаҳар ва туманларида спортнинг оммавийлигини ошириш мақсадида ўтказилган 258 та спорт мусобақаларида 105 минг нафардан зиёд хотин-қизлар иштирок этди.
Хотин-қизлар ўртасида спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар самараси ўлароқ, вилоятимиз спортчи қизлари республика ва халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Жумладан, республика мусобақаларида қатнашган 585 нафар қизларимизнинг 192 нафари ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олган. Халқаро мусобақаларда иштирок этган 115 нафар вилоятимиз вакилалари томонидан 13 та олтин, 9 та кумуш, 15 та бронза медаллари қўлга киритилди.
Эришилган муваффақиятларга сузувчи, самбочи, енгил атлетикачи қизларимиз салмоқли ҳисса қўшди. Хусусан, сузиш бўйича Раъно Амонова, Мафтунабону Тўхтасинова, Фотима Амилова, Шохсанам Тошпўлатова, самбочи қизларимиз Дилноза Қамбарова, Дилдора Убайдуллаева, Маликабону Мирзаева, Шаҳло Йўлдошева, Гўзалой Каримова, Ойгул Найманова, оғир атлетикачи Гулмира Эргашева, енгил атлетикачи Ирина Мороз, Навбаҳор Каримжонова, таэквандочи Нигора Иминжонова, стол тенниси усталари Гулнора Акбарова, Одина Ортиқоваларни алоҳида эътироф этиш жоиз. Андижонликлар ана шу спорт юлдузлари билан ҳамиша фахрланади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда хотин-қизлар ўртасида спортнинг бадиий гимнастика, каратэ, самбо, теннис турларига бўлган қизиқиш бирмунча ошиб бормоқда, аёллар футболини ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар ҳам эътиборга молик.
Хулоса қилиб айтганда, истиқлол шарофати, яратиб берилаётган кенг имкониятлар туфайли хотин-қизлар спорти кундан-кунга юксалиб бормоқда. Бу энг аввало, келажак авлодни яратувчи опа-сингилларимиз соғлигини мустаҳкамлашга, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилмоқда, қолаверса, спорт соҳасида ҳам қизларимиз жаҳон спорт майдонларида юқори марраларни забт этиб, ўзбек аёлларининг, қизларининг нималарга қодир эканликларини намойиш этиб, юртимиз шуҳратини ошираётганлиги барчамизни чексиз қувонтиради.
Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|