№35, 29.08.2013 ОҒИР АТЛЕТИКАЧИ ЖАЙРОНА
Истиқлол мамлакатимиз ёшларига улкан имкониятлар эшигини очиб берди. Айниқса, спорт соҳасида ёшларимиз эришаётган ютуқлар ҳақида ҳар қанча гапирсак камлик қилади. Бугун кўплаб ёшларимиз спорт орқали Ватанимиз шуҳратини юксак чўққиларга кўтараётгани айни ҳақиқат. Балиқчилик оғир атлетика бўйича уч карра Ўзбекистон чемпиони Жайрона Бўстонова ҳам ана шундай иқтидорли ёшлардан биридир.
Жайрона жуда ёшлик чоғиданоқ спорт билан дўстлашиб, ўзи ўқиган тумандаги 1 умумтаълим мактабидаги енгил атлетика тўгарагига қатнашди. Тиришқоқлиги, интилувчанлиги билан тўгаракнинг энг фаол аъзоларидан бирига айланди. Мактабни битириш арафасида унинг дилида оғир атлетикага иштиёқ уйғонди. Қиз боламан демасдан, тажрибали мураббий Ҳамидқул Мадазимов раҳбарлигидаги оғир атлетика тўгарагига аъзо бўлиб, сабр ва қунт билан шуғуллана борди.
2009 йилда ўсмирлар ўртасида Қўрғонтепада бўлиб ўтган республика чемпионати саралаш баҳсларида Жайрона муваффақиятли иштирок этди. Ўз вазни тоифасида ғолибликни қўлга киритиб, устози ишончини оқлади ва республика чемпионатига йўлланма олди. Ўз устида ишлаш, мунтазам машғулотларда қатнашиш, дадил ҳаракатлари билан инсон ўз мақсадига эришиши мумкинлигига ишонч ҳосил қилди. Балиқчи индустриал педагогика касб-ҳунар коллежининг жисмоний тарбия ва болалар спорти йўналишида таҳсил олиб юрган кезларида ундаги бу сифатлар янада улғайиб борди.
У оғир атлетиканинг даст кўтариш ҳамда силтаб кўтариш йўналишларида юксак натижаларни қўлга киритди.Ўтган уч йил давомида Жайрона оддий қишлоқ қизи нималарга қодир эканлигини кўрсатди. 2010 йил Чирчиқда бўлиб ўтган республика очиқ чемпионатида зафар қучган Жайрона спорт устаси талабини бажарди, ёрдамчи мураббий бўлиб ишлай бошлади. 2011-2012 йилларда республика миқёсидаги барча мусобақаларда муваффақият қозонган оғир атлетикачи қизнинг ютуқлари янада кўпайди.
Бу йил Жайрона учун янада омадли келди. Май ойида Самарқандда ўтказилган Ўзбекистон очиқ чемпионатида барча рақибларини доғда қолдирган Жайрона 120 килограмлик натижа кўрсатиб, яна бир бор мамлакат чемпиони бўлиБ, медаллари шодасини яна биттага кўпайтирди.
Юқори марраларни эгаллаган Жайрона бу йил Андижон давлат университетининг жисмоний тарбия ва жисмоний маданият факультетига давлат гранти асосида ўқишга имтиёзли равишда қабул қилинди.
- Ўзбекистонимизда биз ёшлар учун яратиб берилаётган имкониятлардан жуда ҳам қувонаман, - дейди Жайрона Бўстонова. - Айниқса, спортга бўлган юксак эътибор туфайли мен ва мен каби кўплаб ёшлар ўз иқтидор ва салоҳиятимизни тўлақонли намойиш этмоқдамиз. Жумладан, Хуршида Сотволдиева, Мадина Мингбоева каби дугоналарим ҳам мен каби чемпион деган шарафли номга эга бўлишди.
Буларнинг барчаси истиқлол шарофатидир. Ўзбекистондек тенги йўқ ва бебаҳо юрт фарзанди эканлигим билан фахрланаман. Мақсадим спортда юксак натижаларга эришиб, жаҳон спорт ареналаридан Ўзбекистон байроғини баланд кўтариш.
Айни кунда Жайрона Ўзбе-кистон кубоги баҳсларига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Ҳа, ғайрат-шижоатли қизимиз хали кўплаб мусобақалар, халқаро турнирлар шохсупасидан ўрин олади.
Барно ҲАЙДАРОВА.
|