№35, 29.08.2013 ЕТТИ ЁШЛИ ЧЕМПИОН
Юртимизда, хусусан, Андижонимизда истеъдодли ёшлар жуда кўп. Бор йўғи етти ёшида қизлар ўртасида шахмат бўйича Ўзбекистон чемпиони деган номга сазовор бўлган Дурдона Тожибоева ана шундай истеъдод соҳибларидан бири.
У ҳозирда Олтинкўл туманидаги 10-умумтаълим мактабининг 2-синф ўқувчиси. Тенгдошлари эндигина "Алифбо" ни тугатиб, равон ўқишни ўрганаётган бир пайтда Дурдона катта ёшлилар учун ҳам мураккаб ҳисобланган спорт тури бўйича кутилмаган натижага эришди.
- Шахмат ўйнашни 4 ёшимда дадамдан ўрганганман, - дейди Дурдона. - Орзуларим улкан, келажакда Рустам Қосимжонов каби чемпион бўлишни орзу қиламан.
Дурдона етти ёшида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган бўлса-да, бу қизалоқнинг илк ютуғи эмас. У ана шу даврга қадар ўндан ортиқ нуфузли мусобақаларда қатнашиб, уларнинг аксариятида биринчи ўрин соҳибаси сифатида ўз истеъдодини намоён этди.
Мамлакат биринчилигида эса кучли рақиблар билан юзма-юз келишга қарамай, очколар ҳисобида 8 ёшлилар бўйича спорт устаси талабини бажарди.
- Истеъдодли Дурдона келажакда нафақат Ўзбекистон, балки халқаро майдонларда ҳам юртимиз довруғини ёйишига асло шубҳа йўқ.
Зилола ТУРСУНБОЕВА.
|