№35, 29.08.2013 ҲИКОЯ
ҚИЗИЛ ОЛМА
Боғимиздаги турли-туман неъматларни кўриб, яйраб кетаман. Айниқса, боғ четида аскардек тизилиб турган олма дарахти шохидаги қип-қизил олмалар кўзингни қувнатади.
Дарахтнинг устига чиқиб, уларни узиб тушмоқчи бўлдим, бироқ ариқ ёнида тўп-тўп бўлиб турган қизил олмаларни кўриб, фикримдан қайтдим. Шу пайт майсаларнинг шитирлаши қулоғимга чалинди. Ортимга қарасам, бир аёл сават кўтариб, мен томон юриб келяпти.
Унга пешвоз чиқиб салом бердим.
- Ассалому-алайкум!
- Ваалайкум ассалом! Қизим, исминг Ойгулми?
- Ҳа, опа, боғга мева тергани келдингизми?
- Шундай, мен онангнинг дугонаси бўламан. Менга мева тергани ёрдам берасанми?
- Албатта, опа исмингиз Зумрадхон тўғрими? Ойим менга шу кунларда келишингизни айтганди. Сиз ҳақингизда кўп гапирадилар.
- Мендан ойинг беш олти ёш катта бўлишига қарамай, доим бирга юрардик, гўё опа-сингилдек эдик.
- Бизникига келмай қўйганингиз учун ойим хафа бўладилар. Нега келмай қўйгансиз?
Аёлнинг юзи сўлғинлашгандек бўлди. Ниманидир эслади шекилли, бироз хаёлга берилди... гапни бошқа ёққа бурди:
- Вақтнинг ўтишини қара, сен ҳам катта қиз бўлиб қолибсан, Ойгул.
Суҳбатимиз давомида тўкилган меваларни унинг саватига бирин-кетин сола бошладик. Очиқчеҳра, киришимли бу аёлнинг негадир кўзлари маюс. Бироз гапдонлигим тутиб, уни саволга тутдим.
- Зумрад опа, қизларингиз борми? Олиб келганингизда, улар билан дўстлашардим, биргалашиб боғ айланардик. Гапимни эшитиб, ногоҳ юзидан ранг қочиб, кўзлари баттар маюслашди. Қўлидаги саватни базўр ушлаб турарди. Сўнг ерга чўккалади. Ичимда ўйладим: мазаси қочдими ёки ёмон гап гапирдимми?
Аста ўзига келиб нурсиз овозда жавоб берди:
- Ханузгача гўдакнинг бир йиғисига зорман, ўз боламни эркалаб суйгим, унинг гул каби исидан тўйиб-тўйиб хидласам дейман. Аммо...
Ўртага сукунат тушди. Ўзимнинг гапимдан ўзим уялиб, нима дейишни билмай қолдим. Унинг кўнглини кўтармоқчи бўлдим.
- Опажон, хафа бўлманг, албатта, фарзандингиз бўлади...
У аста ўрнидан қўзғаларкан, менга қараб кулиб қўйди.
Зумрад опани кузатиб қўярканман, у билан хайрлаша туриб, юзидаги қалқиб турган ним табассумни кўриб, аёл кишининг қанчалик сабр-бардошли, кучли бўлишини ўшанда англагандим.
Уйга қайтгач, онамдан дугонаси ҳақида сўрадим:
- Ойи, нега Зумрад опанинг фарзанди йўқлигини айтмагансиз?
- Қизим, ахир энди улғаяпсан, бундай нарсаларга ақлинг етмайди. - Ойим босиқлик билан жавоб берди.
- Ойижон, илтимос, Зумрад опам ҳақида гапириб беринг. Нега улар ҳалигача фарзандли бўлмаган?
Бунга нега ўзим қизиқиб қолдим, билмайман. Онамнинг кўзига илтижоли тикилдим.
- Зумрад опанг турмушга чиққанимдан кейин ҳам мени йўқлаб келиб турарди. Кейин сен дунёга келдинг, ҳатто сени опичлаб юрарди. Йиллар ўтиб у ҳам келин бўлди. Аммо фарзанд деб аталмиш буюк неъмат унга насиб қилавермагач, уни қайнонаси, қайнопалари турткилай бошлади. Қайнонаси, ҳатто ўғлини бошқа аёлга уйлантирмоқчи ҳам бўлди. Бироқ Зумрадхоннинг турмуш ўртоғи Зоҳиджон бунга розилик бермаган. Кўча-кўйда ўзи тенги ошна-оғайнилари бола кўтариб юрганини, ўғлига хатна тўйлари қилганларни кўриб, юраги ачишса-да, бунга чидади.
Зумрадхон бизникига келса, сени, укаларингни кўриб, бир қувонса, унинг қалбидаги армон устун келиб, кўзига ёш оларди. Бир куни бизникига ўйинчоқлар кўтариб, хурсанд келаётган Зумрадхонни кўрган бувинг, "қизим, яхшиси сиз эрингиз билан ажрашинг, балким сиз бошқаси билан, эрингиз ҳам бошқа аёл билан фарзандли бўлиб, кетарсиз", дея маслаҳат бергандай бўлибди. Ўйинчоқларни аста қўлимга тутқазди-да, Зумрадхон бемадор, хай-хайлашимга ҳам қарамай, кетиб қолди. Шу-шу камнамо бўлиб қолган, қизим. Бугун эса олма, шафтоли, анжир яна бошқа турли мевалардан тергани келибди. Бояқиш егиси келгандир-да. Балким...
Онам бир нимани эслагандай тин олди. Сўнгра ўчоқ томонга юзланди.
Тушликдан сўнг хонамга кириб, бошимни болишга қўйиб, ўйланиб қолдим. Зумрад опа хаёлимдан кетмади... Тонгга яқин уйғониб кетдим. Боғдаги ариқ бўйига бориб хиёл ўтирдим. Сўнг "Ойгул" дея кимнингдир чақирганини эшитдим. Бу - Зумрад опанинг овози. Шоша-пиша саломлашишгач, олдимга чўккалади. Бу гал унинг кўзлари севинчдан порлаб турарди:
- Ойгул, бир ажойиб туш кўрдим. Тушимда юзидан нур ёғилиб турувчи бир нуроний чол, қўлимга қизил олма тутқазди. Сўнг бирдан уйғониб кетдим. Ўша қизил олмани излаб шу ерга келдим.
"Юр, Ойгул" дея қўлимдан тортқилаб, мени олма дарахтлари тизилиб турган томонга судради. Йўлда кета туриб, умид тўла нигоҳлари билан менга қараб "бирам нақшинкор, қип-қизил олма эдики, худди жаннатдан чиққанга ўхшарди", дея ўша "қизил олмасини" излай бошлади. Ҳар хил шаклдаги олмаларни кўздан ўтказаркан, аммо ўзи излаганини тополмай, бироз кўнгли хижил бўлди. Охирги қатор оралаб борарканмиз, бирдан Зумрад опа дарахтнинг энг тепа шохида турган қип-қизил олмани кўриб, ёш боладек қувониб кетди. Баландда бўлгани учун ҳам қийналиб олмани узиб олдик. Қизил олмага худди яқин кишисини учратгандай севинч тўла кўзлари билан узоқ тикилди...
Шу-шу Зумрад опа қайтиб келмади. Ҳар йили ўша юзида ним табассум бор гўзал аёлни кутаман, афсус у келмайди.
Орадан йил ўтди. Бир куни боғда шафтолизор оралаб кетаётсам, яна ўша таниш ва ёқимли овоз эшитилди. "Ойгул" дея мени чорлади. Ҳа, бу - Зумрад опа. Олдига шошилаётиб, қувониб кетдим. Опа бу гал ёлғиз эмасди. Ёнида жажжи бир қизалоқ, юзлари қизил олмага ўхшарди. Англаб етдимки, бу унинг неча йиллардан буён кутган дилбанди - қизалоғи эди...
Гўзалой АБДУЛЛАЕВА.
|