№36, 05.09.2013 МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН
"ҚЎЙДИ - ЧИҚДИ"СИ ЙЎҚ ГЎША
Бобо ва бувиларимиз қалъа-ю қўрғонлар ичра маҳаллалар барпо этиб, унда нафақат бир тану бир жон бўлиб ҳаёт кечиришган, балки шу масканда миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизни шаклланиши учун замин яратишган.
Ўзлари яшаб турган жойининг саранжом-саришталигига, озодалигига аҳамият беришган. Улар ҳамжихатликда ўз ҳудудини янада ободонлаштириш кўкаламзорлаштиришга интилишган.
Қўрғонтепа туманидаги Султонобод қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Усмон Носир маҳалласи аҳли ҳам ўз гўшаларининг доимо обод ва кўркам бўлиши учун бир ёқадан бош чиқариб, меҳнат қилиб келмоқдалар. 2 мингдан зиёд аҳоли тинч-тотув яшайдиган маҳалла бамисоли катта бир оилани эслатади.
Донохон опа Ҳабибуллаева 2004 йилдан бери шу маҳалланинг маслаҳатчиси ҳисобланади. Ҳамқишлоқлари опани меҳнаткаш инсон, меҳрибон она, куюнчак маслаҳатчи сифатида қадрлашади. Чунки Донохон опа кеча-ю кундуз аҳолининг тинчлиги йўлида фаровонликни қарор топтиришга ҳаракат қилади. Эзгу ишлар, серташвиш юмушлар билан елиб-югуриб ишлаётган опани ҳар бир хонадон ҳурмат билан қаршилайди.
Шунингдек, маслаҳатчининг бу маҳалла ҳудудида жойлашган 33 ҳамда 35 умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари ва ўқувчилари билан ҳамкорликда турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказишга қаратилган ташаббуслари энг аввало, аҳилликни таъминламоқда.
- Бизда "Маҳалла, мактаб, оила" ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган, - дейди Донохон опа ғурур билан. - Боиси, ҳудудимизда иккита мактаб жойлашган. Ушбу мактаб директорлари Шокиржон Фозилов ҳамда Мингтилло Аҳмедовлар билан доимо бирга бамаслаҳат иш олиб борамиз. Турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиб турамиз. Чунки мактаб ўқувчилари маҳалламиз фарзандлари. Шунинг учун ҳудудимизда жиноятчилик ҳамда турли оқимларга қўшилган ёшлар умуман, йўқ. Ҳатто, бекор юрган йигит, қизларни ҳам учратмайсиз.
Опанинг гапида жон бор. Маҳалла аҳли ҳунармандчилик, чорвачилик. паррандачилик ҳамда новвойчилик билан шуғулланади. Бунинг устига ҳудуднинг ўзида иккита яъни "Матонат - барака", ва "Акбаржон ерлари" фермер хўжаликлари бўлиб, у ерда ҳам маҳалланинг ишсиз хотин-қизлари меҳнат қилишади. Махпиратхон ая Юсупова, Нодирахон Иминова, Ойистахон Саримсоқова сингари ҳунарманд аёллар "устоз-шогирд" йўналишида иш ташкил қилишиб, кўплаб ёшларга ўз ҳунарларини ўргатмоқдалар. Шунингдек, маҳалла гузарининг янгидан барпо этилиши, 10 та янги типдаги дўконларнинг қурилиши натижасида янги иш ўринлари яратилди. Кўплаб ёшлар иш билан таъминланди.
- Маҳалламизда кўпни кўрган, пиру бадавлат инсонлар жуда кўп, - дейди Донохон опа Ҳабибуллаева. - Улар билан ўтказилаётган учрашувлар, суҳбатлар болаларимиз таълим-тарбиясида муҳим аҳамият касб этмоқда. Аминманки, ўз оиласи, ота-онаси учун фахрланиш ҳиссини туйган ўғил-қизларимиз муносиб тарбия топадилар. Намунали оила бекалари бўлган Тиллахон ая Ёқубова, Ҳидоятхон она Мадаминова, Озодахон ая Алиева сингари онахонларимиз эса ўзларининг панд-насиҳатлари билан ёш оилаларга ўрнак бўлмоқдалар. 7 кишидан иборат яраштириш комиссиясида ҳам мана шундай кайвони - аёлларимиз билан ҳамкорликда иш олиб борамиз. Шунинг учун ҳам маҳалламизда "қўйди-чиқди" бўлган оилаларни деярли учратмайсиз.
Донохон опа носоғлом муҳит юзага келган оилаларни аниқлаш, уларга керакли ёрдамлар кўрсатиш, муаммоли оилалар билан якка тартибда ишлаш ва суҳбатлар ўтказиш, хотин-қизлар, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга алоҳида эътибор берадики, бу албатта, ўз натижасини кўрсатади. Шунинг учун ҳам опа маслаҳатчи бўлиб фаолият юритаётган маҳалла энг намунали гўшалардан бири, дея эътироф этилади. Бунда албатта, Донохон опа Ҳабибуллаеванинг ҳам ҳиссаси бор. Шунинг учун ҳам опанинг меҳнатлари мустақиллигимизнинг 22 йиллик байрами арафасида муносиб тақдирланди. Донохон опа мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ва ижтимоий ислохотлардаги фаол иштироки, самарали меҳнати, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишига қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Президенти фармоишига кўра "Шуҳрат" медали билан мукофотланди.
Шундай маҳаллам, юртим деб яшайдиган фидойи, жонсарак аёларимиз кўпаяверсин.
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА
|