№36, 05.09.2013 ҚАТОҒОН ҚУРБОНЛАРИ ВА ЖАБРДИЙДАЛАРИНИ ЁД ЭТИБ
САРГАРДОН БЎЛГАН ОИЛА ҚИСМАТИ
Бу оила қисмати оғир қатоғон йилларининг даҳшатларини ўзига муҳрлаб, тарихга айлантирган, десам янглишмайман.
1928 йили Шаҳрихондас "Ғайрат" колхози ташкил этилади. "Энди ҳамманинг мулки колхоз ихтиёрига ўтармиш. Оилалардаги барча жонли-жонсиз нарсалар колхоз рўйхатига олинармиш" каби миш-мишлар "Муҳаммад Розиқбой" масжиди имоми Мирзаёқуб аканинг қулоғига ҳам етиб келди. Шу куниёқ "Қора кўрпа" маҳалласида имомлик қилувчи ўғли Абдуғаффор билан маслаҳатлашиб от-арава, мол-қўйларини колхоз ихтиёрига беришади. Кўнгил безовталиги босилган бир вақтда ўша даврнинг етук зиёли, диндор, илмли кишилари НКВД ходимлари томонидан қора рўйхатга олина бошлади. Улар орасида Мирзаёқуб ака ҳам бор эди.
Ана шундай алғов-далғов кунларнинг бирида унинг оиласи ҳам Шаҳрихон темирйўл шоҳбекатидаги "қулоқ" қилинганларни сақлаш жойига келтирилади. Уч кундан сўнг "қулоқ"ларни олиб кетиш ҳақида буйруқ берилади. Чўчқа, мол ташийдиган вагонларга "юкланган" одамларнинг аҳволи аянчли эди.
Поезднинг кетиш гудоги чалинганда, баъзи ёш болалар очликдан вафот этиб нобуд бўлганди. Ўша вагонларда Шаҳрихон тумани бўйича 115 та "қулоқ" қилинган оилалар бўлиб, Украинанинг Херсон вилоятига 10 йил муддатга сургун қилинган. Поездаги бир ойлик йўл азоби кўплаб қурбонларга сабаб бўлди. Кучли қўрқув, очлик, қийинчилик... ҳаммаси даҳшатнинг ўзгинаси эди...
Етилган манзилда комендантлик соати жорий этилган бўлиб, 3-4 оила учун 1 хона берилади. Ишлашга қодир ҳар бир киши дашт-чўлларга ишга бўлиганди. Эркак-аёлнинг дала ишларига қатнашиши шарт, ишга чиқмаганлар аёвсиз жазоланарди. Далада тушликка сувда қайнатилган карам билан 100 грамм қора нон уларнинг емиши эди. Кўп оналар ўша бир бурда нонни болаларига илинар, кундан-кун ёш болалар, қариялар ўлими кўпайиб борарди.
Шаҳрихонлик Абдуғоффор маҳдум ҳамюртлари учун қайғуриши, табиийки, бу ўша вақт раҳбарларига ёқмасди. Бундай фидоийлик учун у шавқатсиз қийноққа солиниб, навбатдаги қийноқларнинг бирида вафот этади. Унинг ўлими турмуш ўртоғи Сожида опага қаттиқ таъсир қилади. Одатий кунларнинг бирида бу аёл 2 фарзандини Каховка туманидаги шифохонага олиб боришини айтиб комендантдан рухсатнома олади. Чунки у ердан ўз юртига қайтишни режасини тузганди. На пули, на емаги бор Сожида опа икки норасида билан бепаён дала-дашт йўлида анча қийналади. Ниҳоят, болаларининг касал бўлиб қолгани сабаб, бир рус хонадонининг эшигини тақиллатади. Ёлғиз яшовчи рус кампири уларга раҳми келиб, уйига киритади. Кампирнинг бир ҳафталик қарови она ва фарзандларини анча тетиклаштиради. Кетаётганларида қўлларига пул, нон бериб хайрлашади...
Не-не машаққатлар билан уч ойдан зиёд йўл босиб, Сожида опа Ватан остонасига етиб келиб, юрт тупроғини кўзга суртган аёл енгил тин олади. Шаҳрихонга келганида эса хонадони аллақачон колхоз отхонасига айлантирилганди. Опаси Шамшихон отин уларни ўз қарамоғига олади. Ўғли Абдумалик 12 ёшга тўлганда, тўсатдан касал бўлиб, вафот этди. Сожида опа айрилиқни бардош билан кўтаради, қизи билан тирикчилик учун кашта тикиб кун ўтказишади. Қизи Минаввархон бўйи етиб Жамолдин исмли йигитга турмушга чиқиб, бахтли ҳаёт кечирди. Сожида опа эса анча йиллар опасининг уйида яшаб вафот этади.
Сожида опанинг қийинчликларга қарамасдан Украинадан яёв, икки ёш боласи билан пиёда ўз юртига келиши ўзбек аёлининг жасорати, матонати тимсоли десак, асло муболаға бўлмайди.
Бугун озод ва обод юртимизда ҳамма нарса бисёр. Бугун мана шундай тўкин ҳаётимизга тамал тошини қўйган Сожида опа сингари аёллар хотирасини асло унутмайлик. Хусусан, қатоғон қурбонлари, жабрдийдалари тақдири, ҳаёти биз учун ибрат бўлсин.
Эсанбой САРИМСОҚОВ,
Шаҳрихон тумани.
|