№36, 05.09.2013 БУГУННИНГ ГАПИ
"КУЁВ ҚАНАҚАСИДАН ЧЕКАДИ?"
ЯНА ТЎЙЛАР ҲАҚИДА МУЛОҲАЗА
Юртимизда тинчлик, тўқчилик, тўкинчилик ҳукмронлиги боис, орзу-ҳавасларимиз ҳам бисёр. Эл олдига дастурхон ёзиб, тўй қилиш ҳар бир ўзбекнинг энг улуғ нияти. Айниқса, халқимизда қиз узатиш, ўғил уйлантириш ота-она учун улкан саодатдир. Аслида, никоҳ тўйи жамиятимизга яна бир оила қўшилганининг рамзий белгиси, эзгулик сарчашмасидир. Бироқ, ана шу эзгуликни дабдабабозликка айланиб кетиши исрофгарчилик, дилхираликларга сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Тўйгача ва тўйдан кейинги турли маросимлардаги сарф-харажатларни айтмайсизми?
Биринчи воқеа
Баҳор кунлари эди. Университетда ўқийдиган жияним дугонаси билан гаплашишимни сўраб қўл телефонини менга узатди:
"Бу семестрдаги қарзимни тўлаб қўймасам ўқишдан ҳайдалар эканман. Опамни узатганимизга икки ой бўлмай туриб Ҳайит байрами эшик қоқди. Куёв томонга 20 та саватда егулик, қайнотасидан тортиб кеча туғилган невараларгача сарпо юбордик. Байрам яқинлашди, дегунча онам бечоранинг юраги безиллайди. Ўзи опамни ҳам контрактга ўқитган эди, бояқиш. Бу ёқда ногирон отамга дори- дармон керак. Тўйдан кейин қирқ кунгача уч маҳалдан "мазар" бермаганимиз учун опамнинг боши таънадан чиқмай қолди. Опам ҳомиладор, яқинда кўзи ёрийди. Бу дегани яна бир дунё ташвиш... Сиздан илтимос, шунақа ортиқча дабдабаларни ўйлаб топаётганлар ҳақида ҳам мақола ёзсангиз, зора бизнинг қудаларимизга ҳам инсоф бериб қолса..."
Иккинчи воқеа
Шаҳар йўналишидаги "Дамас"да жаҳон бозорига кетаётган эдим. Манзилга етай деганимизда ёнимдаги ўриндиқда ўтирган ўрта ёшлардаги аёлнинг қўл телефондаги сўзлашувидан барча йўловчиларнинг энсаси қотди:
- Куёв бола қанақасидан чекади, опажон? - деб сўради у салом-аликни қуюқ қилгач. - Жаҳон бозорига тушгандим, бир йўла чилласи чиққунча етадиган қилиб олиб кетай, деб сўраётгандим.
- "Пал-мал" денг, яхши, саломат бўлинг, қудаларга салом айтинг...
Ёши улуғроқ онахон аёлни гапга тутди:
- Синглим тўй қиляпсиз, шекилли?
- Ҳа, уч кундан кейин тўй. Қиз аравага чиққунча ками битмайди, деганлари рост экан. Уч ойдан буён бозордан бери келмайман.
- Куёв болага сигарет ҳам оласизми?
- Ҳа, энди элдан қолмайлик деб... Қирқ кунгача бериладиган "мазар"га қўшиб ўша ўлгурни ҳам юборамиз-да.
- Қаерликсиз ўзи? Бунақа бемаъни расм-русумларни ким ўйлаб топяпти? Наҳот куёв чекадиган матоҳини ҳам уялмай-нетмай келин томонга олдирса? Онахоннинг астойдил жаҳли чиқиб жаврай кетди. - Йигитларимизда ор-номус қолмаяпти. Шу матоҳни солмасангиз, қизингизни ҳайдаб юборишмас, синглим...
- Қайдам, ўзим ўқитувчи одамман. Уч қизни ёлғизқўллик билан ўстирдим. Энди биринчи қизимни узатяпман, - ёзғириб қолди аёл. - Қизимга шуни ҳам таъна қилишмасин, пул кетса кетар, ўзи бу ёғи анчагина қарз ҳам кўтардик, шуниси қолиб нима бўларди...
Бу орада "Дамас"имиз манзилга етиб тўхтади. Суҳбат бўлинди. Бироқ кекса онахон аёлга йўл-йўлакай ҳам алланималарни уқтириб борарди.
Учинчи воқеа
Тўрт нафар қиз фарзанди бор дугонамни банкда учратиб қолдим. Турмуш ўртоғига Россиядан қайтиши учун йўл кирага пул жўнатаётган экан.
"Касал эрингни юбориб нима қиласан", дегандинг, гапингга қулоқ солмабман. Мана энди беҳуда йўл кира сарфлаб қайтиб келяпти, у ёқда оғирлашиб қолибди. Эсон-омон етиб келса бўлди деб, сигиримни сотдим, самолёт чиптасига пул юборяпман. Бу йил ҳам қизимни чиқаролмайдиган бўлдим. Яхши жойдан совчилар бор эди".
Дугонамнинг кўзи тўла ёш билан айтган сўзларидан қалбим тирналди. Ҳали бирон марта тўй қилмаган аёлнинг юрагига тўй қилишнинг ваҳимаси тушиб қийналарди. Тўй хурсандчилик олиб келиш ўрнига кишиларни қайғуга ботирадиган маросимга айланиб қолдими? Нима учун? Бундай дабдаба, одатларни ўйлаб топаётганлар кимлар ўзи? Уларга кўр-кўрона эргашаётганлар-чи? Наҳотки, бундайлар инсоннинг қадр-қиммати кийим-кечагу, егуликлар билан ўлчанмаслигини билишмаса? Бахт олиб келиш ўрнига дилхиралик келтирадиган, кимнингдир соғлигини йўқотиши эвазига ўтказиладиган дабдабадан кимга наф?! Обрў-эътибор топишнинг бошқа йўли йўқми?
Бундай тизгинсиз саволларнинг чеки йўқ. Бироқ, ҳар қандай нарсанинг ҳам чегараси бўлиши керак-ку. Келин томон олиб келган ётоқхона краватида бемалол уйқуси келаётган, қайнотаси совға қилган машинани гердайиб ҳайдаб юрган, чекадиган тамакисигача келин томонга олдирадиган куёв йигитларимизни ким деб аташ мумкин? Келин томоннинг қарз-ҳавола қилиб олиб берган бош-оёқ сарполарини мақтаниб кийиб юрган қайнотаю қайноналарни-чи?
Орзу-ҳавас, расм-русум шу экан деб, ўзлигимизни, ғуруримизни, ор-номусимизни, фарзандларимиз келажагини бой бериб қўйиш ҳам ҳеч гап эмас. Бугун бу ҳақда жиддий ўйлаб, қатъий қарорга келмасак кейин тузатиб бўлмас муаммоларни келтириб чиқариш мумкин. Сиз бунга нима дейсиз?
Барно ШЕРАЛИ қизи.
|