№36, 05.09.2013 ҚАТРА
САБОҚ
Нозима турмуш ўртоғининг ҳар қанча инжиқликлари бўлса кўтарар эди-ю, бу сафарги ноўрин жаҳл қилиши, бекордан-бекорга қўл кўтариши унга алам қилди. Қизининг инжиқлиги боис, қилаётган ҳархашаси ишдан ёмон кайфиятда келган эрига баҳона бўлди.
- Болага қарамайсанми? - ўдағайлади турмуш ўртоғи ошхонада куймаланаётган Нозимага.
- Ҳозир қарайман, - дея яна ишини давом эттираверган хотини бу сафар кўзига ёмон кўриниб кетди.
Оёғининг тагида ўралашаётган қизчасини нари суриб, Нозиманинг юзига тарсаки туширди.
Беҳосдан тушган калтак заҳмидан Нозиманинг кўзидан ўт чақнаб кетди.
- Бу нима қилганингиз? - деди ҳали ҳам хезланиб турган эрининг важоҳатидан қўрқиб. - Ахир овқат димлаётгандим, сиз ҳам бир зумгина қараб турсангиз нима қиларди?
Нозиманинг гапи бўғзида қолди. Ширакайф эр кўнглига келганини қилди. Тайёр ош заҳар-заҳқумга айланди.
Нозима энди бу уйда ортиқ қололмаслигини англаб, қизчасини кўтарди-ю, онасиникига кетиб қолди.
Рустам эрталаб туриб кечаги дилхираликларни эслади. Бошини чангаллади. Яхши иш қилмаганини англади. Энди Нозима уни кечирмайди. Балки уйдагиларга айтиб улгурмагандир. У узоқни ўйлаб иш қилади. Яхшиси, газак олмай, бошини эгиб боргани дуруст. Миясига келган ўй-фикрдан дадилланди. Шоша-пиша кийиниб, йўлга тушди. Минг хижолатлик билан дарвозани тақиллатди.
Дарвозани очган қайнонаси уни хушламайгина кутиб олди. Уйига бошлади. Рустам ишга шошилаётганини айтиб, сўрига чўккалади. Шу пайт қизчаси човгундаги сувни ағдариб, қочиб қолди. Қайнонаси қизини қувлаб, уни шапатилаб урди. Сўрида ўтирган куёви жонҳолатда югуриб бориб, қайнонасига "нима учун қизимни урасиз?" дея аччиқланди.
- Ҳамманинг боласи ўзига ширин болам. Сиз ҳам қизимга қўл кўтарганингиз учун менинг ҳам ичим оғриди, - деди қайнона ҳам бор гапдан хабари борлигини билдириб.
- Узр, онажон, бу ҳолат энди қайтарилмайди,- дея Рустам қизини даст кўтариб олди-да, бир чеккада уларни кузатиб турган Нозимага "кетдик"деб ишора қилди.
Нозима онасининг "куёв келсин, ўзим гаплашиб оламан", деганида шу нарсани режалаштирган экан-да, дея мийиғида кулиб қўйди.
Зилола РАҲМОНОВА.
|