№37, 12.09.2013 АЁЛЛАР ТЕРИМДА ФАОЛ ҚАТНАШАДИЛАР
Пахта азал-азалдан халқимизнинг миллий ифтихори, ризқу-рўзи ҳисобланади. Вилоятимиз далаларида "оқ олтин"дан мўл ҳосил бу йил ҳам етиштирилди. Ҳар бир иш оқсоқоллар, онахонлар дуоси билан бошланса, охири хайрли бўлади. Куни кеча Избоскан туманидаги "Худойберганов Умарали ҳосили" фермер хўжалиги дала шийпонида пахта терими олдидан ўтказилган тадбирга вилоятимизнинг кайвони онахонлари, фаол аёллари, маҳалла маслаҳатчилари таклиф этилди.
Тадбирни вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов очиб, барчани ҳосилни нест-нобуд қилмай териб олишда деҳқонларга мададкор бўлишга чақирди. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан шаҳар ва туманларда асосан, уй бекаларидан ташкил этилган пахта теримида иштирок этувчи гуруҳларга ана шундай жонкуяр онахонлар раҳбар этиб тайинлангани айни муддао бўлди. Белларига оппоқ этак тутиб, пахтазор сари йўл олган онахонлар бу йилги ҳосил ҳар йилгидан ҳам мўл бўлишини тилаб дуо қилдилар. Тадбирда санъаткорлар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар даврага янада файз киритди.
Тадбир иштирокчилари вилоятдаги фаол аёллар номидан барча отахон ва онахонлар, хотин-қизлар, уй бекаларига мурожаат қабул қилдилар.
М. МАМАСОЛИЕВА.
|