№37, 12.09.2013 "АЁЛ - ЖАМИЯТ КЎЗГУСИ"
Андижон давлат тиббиёт институтида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, соғлиқни сақлаш вазирликлари, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамда "Адолат" СДП вилоят кенгаши ҳамкорлигидаги "Аёл - жамият кўзгуси" деб номланган республика илмий-амалий семинари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон миллий университети, Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат университети, Тошкент педиатрия, Бухоро, Самарқанд давлат тиббиёт институтлари, шунингдек, республикамиздаги бошқа бир қатор олий ўқув юртларида фаолият кўрсатаётган олималар, фаол хотин-қизлар иштирок этган мазкур анжуманда мавзу доирасида "Обод турмуш йили" давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хотин-қизлар фаоллигини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича сўз юритилди.
- Анжуман республикамиздаги олий ўқув юртларида фаолият кўрсатаётган хотин-қизларнинг билим ва малакаларини, фаоллигини ошириш, ўзаро тажриба алмашишларига кенг имконият яратиб берди, - дейди Андижон давлат тиббиёт институти ректори, тиббиёт фанлари доктори Алишер Шодмонов. - Айниқса, олима аёлларимизнинг илмий салоҳиятини юксалтиришда, хотин-қизлар соғлигини сақлаш борасидаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этди.
Бундан ташқари, анжуманда аёллар соғлигини муҳофаза қилиш, аёллардаги мавжуд касалликларни эрта аниқлаш, даволашда илғор усул ва тажрибаларни қўллаш, даволаш ишларининг самарадорлигини ошириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, ҳар бир оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш масалаларига жиддий эътибор қаратилиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Куннинг иккинчи ярмида анжуман ўз ишини секциялар доирасида давом эттирди. Соҳа мутахассислари мавзулар доирасида ўзларининг илмий маърузалари билан иштирок этдилар. Жумладан, "Саломатлик - соғлом турмуш гарови", Оилада толерантлик тарбияси", "Соғлом маънавий муҳитни шакллантиришда оиланинг роли", "Соғлом аёл - соғлом жамият" сингари қатор мавзулардаги маърузалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Анжуманда ўқилган илмий маърузаларда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларда турли хасталиклар келиб чиқишининг олдини олиш, касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш тадбирларини ўз вақтида ташкил этиш юзасидан таклиф, тавсия ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Бир сўз билан айтганда, анжуман хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини, жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузини ошириш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашишларига, билим ва малакаларини юксалтиришга хизмат қилди.
Анжуман ишида вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова иштирок этди.
Моҳигул ЖЎРАЕВА,
Андижон давлат тиббиёт институти умумий амалиёт врачлар тайёрлаш кафедраси мудири, институт хотин-қизлар қўмитаси раиси.
|