Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№37, 12.09.2013

БУГУННИНГ ГАПИ

БОЛА ЎҒРИЛАРИ КИМЛАР?

ЁҲУД ЎРИНСИЗ ВА АСОССИЗ МИШ-МИШЛАР ХУСУСИДА

Бугун вилоятимизнинг қайси ҳудудига борманг, одамлар орасида "Бола ўғирлайдиган гуруҳ бор эмиш, жуда кўп бола йўқолибди", "Болани ўғирлаб, унинг турли соғлом ички аъзоларини олиб, яна ташлаб кетишаётганмиш", қўлга олинган бола ўғриси: "биз кучли ва жуда кўпмиз, бизни тўхтата олмайсизлар", деганмиш сингари миш-мишлар шунчалик кўпайиб кетдики, бундан аҳоли, айниқса, кўплаб аёллар саросимага тушмоқда.

Хўш, бу каби миш-мишларнинг асоси борми, уларни ким тарқатяпти, деган саволлар ҳар биримизни қизиқтириши, ташвишга солиши табиий.

Очиғи бу гап тар-қалганига анча вақт бўлди. Кимдир айтди-қўйди деб эътибор ҳам бермагандик. Афсуски, бу ҳақдаги миш-мишлар йўқолиш ўрнига тобора кенгроқ, ваҳималироқ бўлиб тарқалмоқда.

Наргиза МЕЛИБОЕВА, ўқитувчи:

- Ҳар куни эрта тонгдан фарзандларимни бирини боғчага, бирини мактабга олиб бораман. Ҳамкасбларим, қўшниларимдан бола ўғирланаётганлиги ҳақидаги миш-мишларни эшитиб, хотиржамлигим йўқолди. Уйга қайтгандан сўнг ҳам уларни кўчага чиқиб, ўртоқлари билан ўйнашларига рухсат бермай қўйдим. Худди кўчага чиқишса, уларни олиб кетиб қолишадигандек. Гарчи, асосли бирор воқеанинг гувоҳи бўлмасам ҳам, гап ёмон нарса экан-да.

Мулоҳаза қилиб кўрсак, бу каби асоссиз гап-сўзларни ўзимиз тарқатяпмиз. Кимдандир эшитдик. Ўша танишимизга: "Тўхта, ким сенга айтди, ўзинг бола ўғирланишига гувоҳ бўлмаган бўлсанг, нима учун бундай беъмани гапларни гапириб юрибсан, деб тўхтатдикми? Йўқ, албатта. "Шунақамикан" деб, унинг гапларини уйимизга кириб айтдик, бу билан ваҳимани авж олишига ҳиссамизни қўшдик. Бу бизнинг лоқайдлигимиз, теран фикрламаслигимиз, ҳушёр эмаслигимиз мевасидир.

Айрим калтабин одамларнинг мулоҳазалари билан бу сингари миш-мишлар урчиб бораётгани ҳам бор гап.

Яқинда бир воқеа юз берди. Андижон шаҳридаги маҳаллаларнинг бирида ёш болаларни кекса бувисига қолдириб оиланинг барча аъзолари ўз юмушлари билан чиқиб кетишади. Онахон эътиборсиз қолиб, 4 ва 6 ёшли ака-ука набиралари ўйнаб кўчага чиқиб кетганини сезмай қолади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳар куни юқоридаги сингари ваҳимали гапларни эшитаётган онахон бундай вазиятда қай аҳволга тушиши мумкин. У дарҳол қўни-қўшни, ўғил-қизларини оёққа турғазади. Маҳаллани ваҳима босган. Бақир-чақир билан ўзларидан катта ёшдаги болалар ортидан анҳорга чўмилгани кетган болаларни қидириб топгунларига қадар ўтган 3 соат ичида онахоннинг сочлари бутунлай оқариб кетди, юраги хуруж қилди, оёқлари яхши ишламай, бир жойга михланиб қолди. Бу вақеадан сўнг онахон узоқ вақт касалхонада даволанишига тўғри келди. Айрим юртдошларимиз эса бу каби оддий, ҳаётий ҳодисаларни хаспўшлаб миш-мишлар тарқалишига замин яратаётгани ниҳоятда ачинарлидир.

- Бўстон даҳасидаги кўп қаватли уйлардан бирданига 4 та бола йўқолибди, деган миш-мишни эшитиб, ҳайратга тушдим, - дейди Андижон шаҳри, Бўстон даҳасидаги 6-сон маҳалла фуқаролар йиғини диний маърифат, маънавий-ахлоқий масалалари бўйича маслаҳатчи Зоҳидахон Аҳмедова. - Ҳудудимиз ҳеч ким йўқолгани йўқ. Одамларимиз шу қадар мулоҳазасиз бўлишадими, нима учун асоссиз гапларга ишониб, гапириб юришади. Бу аксарият фуқароларимизнинг фикрлаш даражаси, дунёқараши, ҳуқуқий билимларини янада юксалтириш борасида кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб бориш зарурлигини кўрсатади.

Мазкур масалани ўрганиш, миш-мишларнинг нечоғли асосли эканлигини билиш мақсадида вилоят ички ишлар бошқармасига, Андижон шаҳар ички ишлар бўлимига мурожаат қилганимизда, бола ўғирланиши билан боғлиқ гап-сўзлар умуман, асоссиз эканлиги, вилоятимизда бу каби ҳолатлар умуман қайд этилмаганлиги маълум бўлди.

Қўчқорбой ҲАКИМОВ, вилоят ИИБ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи, подполковник:

- Одамлар орасида ёмон гап жуда тез тарқалади. Бироқ ахборотнинг ишончлилик даражасига кўпчилик эътибор қаратмаётганлиги сабаб бундай миш-мишлар авж олиб кетган. Битта гап иккинчи одамдан иккита бўлиб ўтади. Учинчисидан эса учта... Натижада бундай хабар аҳоли ўртасида ваҳима келтириб чиқаради. Болалар ўғирланиши билан боғлиқ гап-сўзлар ҳақиқатга зид. Ички ишлар бўлимларида бундай ҳолат умуман қайд этилмаган.

Раҳимжон АЛИМОВ, Андижон шаҳар ИИБ ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўлинмаси вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўлинмаси катта инспектори, майор:

Жорий йилда бола йўқолиши билан боғлиқ 1 ҳолат қайд этилган. Яъни, Янги бозор ҳудудида онасининг бепарволиги сабаб боласи адашиб қолган. Лекин бола эртасига Жалақудуқдан топилди ва соғ-саломат оиласи бағрига қайтган. Бу каби ҳодисалар бўлиб туриши табиий ҳол.

Расмий идоралардан аниқ ва ишончли маълумот олган бўлсак-да, одамлар билан бевосита суҳбатлашиб, бу каби гап-сўзларга аниқлик киритишга уриниб кўрдик. "Хўжаободдаги бир маҳалладан бирданига бир нечта бола йўқолибди", деган миш-мишни эшитиб, Хўжаобод туманига бориб, одамлар билан суҳбатлашганимизда, "бизда эмас, Марҳаматда йўқолибди" дейишди. У ерга бориб суриштирганимизда, бу воқеа Шаҳрихонда бўлибди, деган қуруқ гаплардан бошқа нарсани аниқлолмадик. Одамларимизнинг шу қадар содда ва ишонувчанлигидан, мулоҳазасиз гапларидан ҳайратга тушдик. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, кенг жамоатчилик, маҳалла фуқаролар йиғинлари масъуллари, фаоллари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳам бу каби миш-мишларнинг олдини олишга етарли эътибор қаратмаган.

Миш-мишларнинг замирида қанча кўнгилсизликлар юзага келади. Кимдир соғлигини йўқотади, яна кимдир ваҳима босиш, юрак безовталиги хасталикларини ошириб олади. Яна кимдир эса кўнгил хотиржамлигини йўқотади.

- Дини исломда, муқаддас китобларимизда одамлар орасида миш-миш, ваҳима тарқатиш катта гуноҳ эканлиги айтилган, - дейди Андижон шаҳридаги "Абу Хурайра" жомеъ масжиди имоми Шаробиддин Мусабоев. Жумладан, Қуръони Каримнинг "Хижрат" сурасининг 12 оятида "Эй иймон келтирган бандалар, ҳар хил ёмон гумон қилишликдан сақланингизлар, инсон ўзини баъзи ёмон гумони билан гуноҳкор бўлур" деб марҳамат қилинади. Қолаверса, Пайғамбаримиз (с.а.в)дан яна шундай ҳадис бор: "Эшитган гапини сўраб-суриштирмасдан бошқаларга етказаверадиган одам ўта гуноҳкордир". Яна бир хадисда эса: "Ўзгаларнинг кўнглини ғаш қилувчилар биздан эмас" дейилади. Демак, ўринсиз, миш-мишларни тарқатувчи, одамлар орасига ваҳима солувчи кишиларни Аллоҳ ҳеч қачон дўст тутмайди.

Яна бир бор таъкидлаб ўтамиз, бола ўғирланиши ҳақидаги миш-мишлар замирида ҳеч қандай асос йўқ. Бундай ваҳимани бугунги тинч-осуда, фаровон ҳаётимизни кўра олмаётган бир гуруҳ ғаламислар тарқатаётган бўлиши ҳам мумкин. Биз бундай ваҳималарга ишонмаслигимиз, ортиқча хавотирга тушмаслигимиз лозим.

Бу борада маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида тушунтириш ишларини олиб бориш, масалага кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ҳам ўз муносабатини билдирса, ишонамизки, одамларни чалғитаётган, аёлларимизни ваҳимага солаётган ўринсиз миш-мишлар барҳам топади.

Фахридин ИБАЙДУЛЛАЕВ,

Моҳидил МАМАСОЛИЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди