№37, 12.09.2013 "ҲАМКОРБАНК": БИРГАЛИКДА ЮКСАЛИШ САРИ
"ҚЎЛИ ГУЛДИР БАНКИМИЗ АЁЛЛАРИН"
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 25 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида АТБ "Ҳамкорбанк" томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган аёлларни молиявий қўллаб-қувватлаш, бизнесларини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида уларга шу йилнинг ўтган етти ойи давомида ажратилган кредитлар миқдори ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 1,19 баробарга кўпайган.
Банкнинг молиявий кўмаги билан ўз бизнесини йўлга қўяётган опа-сингилларимиз орасида тадбиркорлар, фермерлар, хуллас, турли соҳа вакиллари бор.
- Мен хонадонимда паррандачиликни ривожлантириш учун "Ҳамкорбанк"дан кредит олиб, ўз бизнесимни йўлга қўйдим, - дейди Андижон шаҳрида яшовчи тадбиркор Ҳакимахон Нишонова. - Банкнинг молиявий кўмаги ўз олдимга қўйган мақсадларга эришишимда катта роль ўйнади. Бу албатта, мени ва мен сингари кўплаб тадбиркорларни банкка бўлган ишончи ва ҳурматини оширади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, банк томонидан кичик ва ўрта бизнес субъектларига барча молиялаш манбалари ҳисобидан ажратилган микрокредитлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,59 фоизга ўсган.
Бу албатта, мустақиллик тенгдоши бўлган "Ҳамкорбанк"-нинг имкониятлари кенгаяётгани, ўз мижоз ва ҳамкорлари билан биргаликда юксалиш сари дадил қадам ташлаётганидан далолат беради.
Мазкур банк томонидан нафақат мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш йўлида, балки, маънавий-маърифий соҳаларда ҳам ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилаётганлиги банк тизимида хизмат қилаётган ходимларнинг маънавиятини юксалтиришга, уларнинг янги-янги қирраларини очиш, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишларига имконият яратмоқда.
Мустақиллик байрами ҳамда "Ҳамкорбанк" очиқ акциядорлик тижорат банки ташкил этилганлигининг 22 йиллиги муносабати билан байрами арафасида банкнинг бош офисида "Қўли гулдир банкимиз аёлларин" деб номланган кўргазма-савдо ташкил этилди. Тадбирда банк раҳбарияти, ходимлари, ҳамда 27 та филиал бошқарувчилари иштирок этдилар.
Кўргазмада филиаллар бошланғич хотин-қизлар қўмиталари томонидан банкир аёлларнинг қўл меҳнатлари билан тикилган, тўқилган, ясалган буюмлар ва ижод намуналари намойиш этилди. Уларни томоша қилган, кўрган киши банк ходималарининг иқтидор ва истеъдодига қойил қолмай иложи йўқ.
- Кўргазмада намойиш этилган ҳунармандчилик маҳсулотларини кўриб, банкимиз тизимида шундай қўли гул опа-сингилларимиз меҳнат қилаётганлигидан фахрландим, - дейди банк бошқаруви раиси Олмахон Тўраҳўжаева. Бу аёлларимизнинг нафақат ишда балки ҳунармандчилик, пазандачилик соҳаларида ҳам илғор ва фаол эканликларини кўрсатади.
Бухородан зарнимча, дўппи, яъни келинлик либослари, амалиёт бошқармасидан миллий ва замонавий либослар ҳамда уй-рўзғор буюмлари, енгча, чойнак ёпқич ва қўл билан банкнинг номи, янги бренди, эмблемаси сочиққа тикиб чиққанлиги йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек. Нукус, Урганч, Термиз, Денов, Асака ва бошқа бир қатор филиаллар ходималари томонидан тақдим этилган хилма-хил палаклар, кашта ва сўзаналар ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Кўргазмада айниқса, қизлар, келинлар киядиган миллий кўйлаклар, уларга тикилган кашталарнинг ўзига хослиги, ушбу либослар юксак дид ва санъат билан тайёрланганлиги алоҳида эътироф этилди.
- Кўргазмага филиалларимизда ишлайдиган банк ходимларининг ишлари олиб келинган, -дейди "Ҳамкорбанк" ОАТБ бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раиси Маърифатхон Атабекова. - Ҳар бир вилоятнинг асрлар давомида асраб келаётган ўзига хос миллий либослари бор. Аёлларимизнинг ишларини кўриб, миллий қадриятларимиз асрлар оша яшаб келишида хотин-қизларимизнинг хизматлари беқиёс эканлигига гувоҳ бўлдик. Чунки улар бу ҳунарларни оналаридан, момоларидан ўрганган. Қолаверса, ушбу кўргазма банк хотин-қизлари учун ўзига хос тажриба мактаби бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.
Бу йил биринчи бор ташкил этилган ушбу кўргазма-савдо банкир хотин-қизларнинг ҳақиқатдан ҳам қўли гул эканлигини кўрсатди. Якунда турли номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, улар банк маъмурияти томонидан муносиб рабатлантирилди.
Дарҳақиқат, айни кунда "Ҳамкорбанк" ОАТБ жамоасининг фаолияти, олиб бораётган ибратли ишлари таҳсинга сазовордир. Мухтасар қилиб айтганда, банкнинг турли йўналишлардаги юқори кўрсаткичлари, фаолияти халқаро миқиёсда тан олинаётганлиги, энг муҳими, мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришга қўшаётган салмоқли ҳиссаси кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда. Демак, бундан буён ҳам банкнинг фаолияти янада юксалади, имкониятлари кенгаяди.
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
|