№37, 12.09.2013 КЕЧИНМА
СЎНГИ МАКТУБ
Мадина ёзув столи устида турган, ёрининг қачонлардир қалби ҳис-ҳаяжонга тўлиб, меҳр-ла битган номасига кўзи тушдию, юрагининг туб-тубига яшириб кўйган, ширин ва азобларга тўла хотиралари кўз ўнгида жонлана бошлади.
Номани столининг нариги бурчагига суриб қўйди. Жунбушга келган хотиралари сабаб, қалбида кечаётган туйғуларни қораламоқ мақсадида қўлига қалам олди.
Ҳарчанд уринмасин, бирор нарса ёзмоққа қўли бормади. Фикрлари туман каби тарқалди. Хаёли ўша нома томон кетди. У ўша, эсини ўғирлаган тўрт букланган қоғозни олдию, китобининг ичига яшириб қўйди. Гўё қалбидаги севгисини яширгани каби. Афсус, сабри етмади. Ҳар кун бир бор бўлса-да, кўз югуртириб чиқадиган ўша мактубни қўлига олди, титроқ ила уни очди.
"... Менинг меҳрибоним, қалбимнинг қўри, умримнинг мазмуни, ҳаёт йўлимни нур бўлиб ёритгувчим, омонмисан? Сени жуда-жуда соғиндим. Дийдорингга боқиб, шаънингга бисотимдаги борики мақтовларни айтишга, сенинг ёнингда эканлигимни ҳис қилишга заррача бўлса-да уринмай бўлмаяпти. Сенинг табассуминг, ўйчан нигоҳинг, ширин хаёл суришингни мудом қўмсайман. Сен менинг ҳаётим мазмуни..."
Ҳа, у "сен менинг ҳаётимсан", дея кўп бор такрорларди. Бу сўзлар Мадинага ёд бўлиб кетганди. Ҳаётнинг бешафқатлигига ишонмаган қиз ҳар онда уни кўриш, овозини тинглаш умиди билан яшарди. Энди-чи? Энди у ёнида эмас. Уни фақатгина кўз ўнгига, хаёлига келтира олади, холос.
Мактубнинг давомини ўқишга тутинади. "Саноқли кунлардан сўнг яна сенинг ёнингда бўламан..." Мадина шу заҳоти "Нега мени алдадингиз, нега ёлғон сўзладингиз, мени аросат кўчасига ташлаб кетдингиз . На олдинга, на ортга юра оламан. Сиздан фақатгина хотиралар ва мактублар қолди", дея фарёд чекди. Бу фарёд қалбидан отилиб чиқаётган ҳайқириқдек унга тинчлик бермасди. Лекин севгиси, ҳаётидаги энг ширин лаҳзалар билан боғлиқ хотиралар унинг қалбига таскин берарди.
Назира УСМОНОВА.
|