№37, 12.09.2013 РИВОЯТ
СИНОВ
Бир хонадонда эр-хотин бир ўғилу бир қизи билан аҳил, иноқ яшар эканлар. Эр ҳар куни тонг отиши билан барвақт туриб, кўча юмушига отланар, аёл эса болалари билан уй ишларини саранжом-саришта қилар, эрининг келишига мазали овқатлар пиширар, уй соҳибини яхши кайфиятда кутиб олар экан.
Эр кўчада бировларнинг юмишини қилар; гоҳ деҳқончилик, гоҳ ҳаммолчилик, гоҳ устачилик, қўйингки, ҳар қанақанги ишни қойилмоқом бажариб, кундалик топган-тутганидан рўзғорга пул, баъзан ул-бул кўтариб келаркан. Тўғри, улар бадавлат эмас эканлар. Эрнинг топганлари қозон қайнатишга, энг зарур уст-бошгагина етар экан. Рўзғор - ғордек гап. Баъзан етишмовчилик бўлиб туради. Амммо оила борига шукур қилиб, йўққа сабр қилишаркан. Оиладаги доимий аҳиллик, хотиржамликни кўрган Шайтоннинг энсаси қотибди, ғаши келибди, у Раҳмон билан баҳс ўйнамоқчи бўлибди.
- Мен, - дебди у, - хотинни йўлдан уришга уриниб кўраман. Кўрасан, бу хонадондан ҳам тўпалон, жанжал аримай қолади, оила пароканда бўлиб кетса ҳам ажабмас.
- Ундай қилма. Имонли одамларни диёнатидан айриб, гуноҳга ботирма, - Раҳмон Шайтонни инсофга чақирибди. Аммо Шайтон айтганидан қолмабди. Бир куни у башанг кийиниб, от етаклаб, олис сафардан қайтаётган савдогар қиёфасига кирибди-да, таниш эшикни қоқибди.
- Ҳозир, - ичкаридан овоз эшитилиб, дарвоза ярим очилибди. Аёл кўриниш берибди:
- Хуш келибсиз, сизга ким керак?
- Синглим, узоқдан келяпман, бир коса сув берсангиз, жуда чанқадим, - дебди. Савдогар қиёфасидаги Шайтон. Аёл бир зум йўқ бўлиб кетибди-да, гулдор косада муздек сув олиб чиқиб, унга узатибди. Шайтон сувни ичиб бўлибди, сўнг аёлга юзланибди.
- Жуда хушрўй экансиз. Назаримда яшаш тарзингиз ҳам мақтагудек эмас, шекили. Эрингизнинг аранг топганига қандай тоқат қиласиз-а? Мен билан кетсангиз, сизни зарга кўмаман, йўқчилик нималигини билмай яшайсиз. Шоҳона ҳаёт кечирасиз, чунки бойлигимнинг ҳад-ҳисоби йўқ, - Шайтон шу гапларни айтиб, аёлни роса аврай бошлабди. Аёл унинг қўлидан косани жаҳл билан олибди-да, эшик ортидан дебди:
- Мен эримнинг пулини, давлатини эмас, ўзини қадрлайман. Кунимиз ўтиб турибди. Энг асосийси, хўжайиним бизни ҳалол луқма билан боқади. Эримни қандай бўлса, шундайлигича севаман. Сенинг зар, олтинларингни бошимга ураманми? Оиламиз тинчлигини бузмасдан, йўлингдан қолма, йўқол бу ердан!..
Шу сўзларни айтиб, аёл эшикни зичлаб ёпиб, ичкарига кириб кетибди. Шайтоннинг қолган гаплари бўғзида қолибди. Ниятига етолмаганидан, қўлидан ҳеч нарса келмаганидан алам қилиб, у наъра тортибди-да, ер қаърига кириб, кўздан йўқолибди.
Умида ЭГАМБЕРДИЕВА.
|