№37, 12.09.2013 ҲИКОЯ
ЭНАЛАР ЎЛМАЙДИ
- ЭНА!!!
Ўзининг чинқириғидан ўзи уйғониб кетди. Қараса, тепасида энаси муздек пешонасига қўлини қўйиб, хавотир билан тикилиб турибди.
- Ёмон туш кўрдингми Қултой? Терлаб кетибсан.
- Ҳа, яна ёмон туш кўрдим. Қандайдир тасқара маҳлуқ аввалига қувлади, кейин бўға бошлади. Ўлиб қолаёздим.
- Қўрқма, жон болам, тушга нималар кирмайди... чилёсин қип қўяман. Ҳаммаси чиқиб кетади.
Муаззам момо қушноч, кўл олган. Қишлоқда жин чалган борми, касал-кусал борми, бирор фалокатга йўлиққан борми, ҳаммаси момонинг чилёсин ўқишидан кейин тузалади.
Муаззам момо неварасига узоқ дам солди. Қотган нон билан чиқсин-чиқсин қилгач, Носирнинг қалтироғи босилди, энасининг тиззасида ухлаб қолди. Момо узоқ вақт неварасининг пешонасидан қўлини олмади, унга термулиб туриб, "Илоё тўйингни кўрай, болаларингни катта қилиб берай", деб пешонасидан ўпиб қўйди. Буни невара сезмади.
***
- Уйларингга меҳмон келганми, кеча сенга қўнғироқ қилсам, бир аёл гўшакни кўтариб, йўқлигингни айтди, қишлоқча гапирди...
Гапи Носирнинг жон-жонига текканидан Шерозий мамнун илжайиб турарди. Унга қараб туриб, синфдошини кечаги кун тушида кўрган маҳлуқ эсига келди. Ундан чексиз нафратланиб кетди. Лекин ичидан ўтганларини сездирмади, сир бой бермади.
- Ҳа, улар дадамнинг танишлари, уйимизга меҳмонга келганди. Носир уялди. Ўз энасидан, отасининг онасидан синфдошининг олдида ор қилди. Асли қишлоқ фарзанди эканлигидан, ота юрти олис тоғлар бағрида жойлашган мўъжазгина қишлоқ эканини шаҳарлик оғайнисига айтишини эп кўрмади.
***
- Бек, бугун энангни олиб шаҳарни айлантириб кел, зерикди.
Дадасининг гапи Носирга ёқмади, тўғрироғи, бугун синфдоши Зуҳрани кинога олиб тушмоқчи.
- Бугун физикадан имтиҳоним бор эди-да, бошқа бирон кун, шаҳар айланармиз. Биласиз-ку, физика энг қийин фанлардан бири, топшира олмасам, чатоқ бўлади.
- Имтиҳонинг тушгача тугаса керак, ундан кейин шаҳар айлангани чиқсанглар бўлади-ку. Гапимни икки қилмасдан, айтганимни қил, - дадасининг овози бу сафар қаттиқроқ чиқди.
- Майли, болам, вақт топганда, мени айлантирарсан. Ўзи шаҳарнинг нимасини айланаман, қариган чоғимда. Рустам, қўй, болам, Қултойимни уришмагин, - Муаззам момо ерга қараб безрайиб турган неварасини бағрига босди.
- Имтиҳонингни яхши топшириб кел. Илоҳо омин, доимо йўлинг оқ, йўлдошинг ҳақ бўлсин. Кел, болам, пешонангдан ўпиб қўяй, илоё тўйларингни кўрай, болаларингни ўзим катта қилиб берай.
- Бўлди, раҳмат, эна. Имтиҳонга кеч қоляпман.
- Боя синфдошинг қўнғироқ қилганди, сени ухлаяпти, дегандим.
- Бекор унақа дебсиз, эна. Майли, мен кетдим.
Носир лифтга кирдию, нимадир эсидан чиқди, шекилли, ортига қайтиб қўнғироқни босди.
- Ҳа, болам, нимадир эсингдан чиқибдими?
- Эна, уй телефонига қўнғироқ қилишса, кўтарманг, илтимос, - шундай дея Носир тезда лифтга кириб кетди. Аммо ортидан унинг "Хўп, болажоним, хўп", деган сўзларини эшитмади.
***
Имтиҳонларини топширгач, Носирбек қишлоққа кетди. Анчадан бери келмаганди, қирларни айланди, тоғ ёнбағирларига чиқди. Лекин кўнглидаги хижиллик тарқамади. Сабаби энаси бетоб. Узоқ йўталади, баъзан қон туфлайди. Амакилари бир неча марта шаҳардаги манаман деган дўхтирларга кўрсатиб келишди. Соғайиш ўрнига, кундан-кунга орқага кетяпти. Бир кун Муаззам энанинг аҳволи жуда ҳам оғирлашди. Носир энасининг тепасида узоқ турди, муздек тер босган пешонасидан силади, оҳиста ўпди. Эна кўзини базўр очди:
- Қултой, ўлсам нима деб йиғлайсан?
- Унақа деманг, эна. Ҳали кўп яшайсиз. Худо хоҳласа, тўйларимда бош бўласиз, болаларимни катта қилиб берасиз.
- Қанийди, тўйларингни кўрсам, қазойим яқин кўринади, Қултой.
Шу пайт хонага Абсамат дўхтир кириб келди. Энани узоқ текширгач, Носирнинг қўлига бир энлик қоғоз тутқазди.
- Бор, мана шу дориларни топиб кел, - Носирнинг кўзлари косасидан чиқиб кетай деди. Ахир шунча дори фалон пул бўлади-ку! Қайдан топади шунча пулни, киссасида ҳам саноқли пул қолган. Неварасининг узоқ вақт ўйланиб туриб қолганини кўрган эна ҳолсизлик билан ўрнидан туришга уринди.
- Қултойжон, болам, сандиқнинг устидаги кўрпалар қатида пул бор. Ўшандан олиб дори опкелақол, ёмон бўп кетяпман.
Носир безрайганча энаси айтган жойдан пул олди-ю, кўчага югурди. Кўчада оғайниларини кўриб, уларга чалғиб қишлоқдаги ягона дорихонага бир соатлардан кейин етиб борди. Афсус, дорихоначи Сумбул янга ярим соат олдин уйига кетган экан.
***
- Носир, энангни бериб қўйдик.
Рашид амакининг чинқириғи Носирнинг қулоғида жаранглайверди, телефони қўлидан тушиб, полга сочилиб кетди. "Бўлиши мумкин эмас, энам бизларни ташлаб кетиши мумкин эмас. Дори, дори, қуриб кетсин ўша дори!". Етти ака-уканинг онам деган нидоси ер-кўкни ларзага солди. Носир ўкириб йиғлади, ҳўнграб йиғлади. Сочларини юлиб йиғлади. Аммо бундан энди фойда йўқ. Носирнинг энаси энди қайтиб келмайди.
Муаззам энани ерга қўйишди. Бутун қишлоқ марҳумани қабристонгача, то тўрт чақиримгача кўтариб боришди.
Янги пайдо бўлган қабр олдида фақат Носир қолди. Тўйиб йиғлади, йиғлайверди, охири кўзида ёши қолмади. Кўп хотираларини эслади, дори воқеасини ёдга олди. Дори олиб келганимда, энам ўлмасмиди, деб ўкинди. Кимнингдир қўли елкасидан ушлагандагина ўзига келди. Қараса, Раҳим амакиси.
- Турақол, Носиржон, кетдик.
- Энамни ташлаб кетаманми?
- Носирнинг ёш тўла кўзлари амакисига қадалди.
- Бошқа иложимиз йўқ, жиян.
- Энангнинг руҳи шод бўлсин, десанг, кетдик. Руҳини чирқиратма энангни. Қабрдан етти қадам узоқлашгандан кейин савол-жавоб бошланади. Сен эса қабрни қучоқлаб, йиғлаб ўтирибсан.
Амакисининг гапи таъсир қилдими ё қандайдир куч таъсир қилдими, Носир ўрнидан турди. Кўз ёшларини артди, тўнига ёпишган лойларни қоқди, дўпписини тўғрилади. Қабрга узоқ тикилди. Қабрдан бир ҳовуч тупроқ олиб, дастрўмолига ўради. Бир-икки қадам юриб, ортига бурилди. - Мени кечиринг, эна, гуноҳкор Қултойингизни кечиринг.
Носир амакисини кутмасдан жадал юриб қабристондан чиқиб кетди...
***
- Энажоним, эна қизим! - Носир бўйнидан маҳкам қучоқлаб олган қизчасини пешонасидан ўпиб эркалади, сочларидан силади.
- Дада, нега мени эна қизим, дейсиз? - Жажжигина Муаззам кўзларини пирпиратди.
- Чунки она қизимсиз-да, асалим.
Муаззам дадасининг юзларидан чўлпиллатиб ўпди-ю, чопқиллаганча болалар майдончаси томон югуриб кетди. Носир қизчасининг ортидан кулиб қараб қолар экан, кўнглидан бир нидо отилиб чиқди: "Эна, энажоним, сиз мен билан мангу яшайсиз, кўзларингиз Муаззамхонда, чеварангизда яшайди. Сизнинг Қултойингиз сизни жудаям яхши кўради".
Давронбек ОРИПОВ.
|