Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№38, 19.09.2013

ҲИКОЯ

ДЕВОРСИЗ ҲОВЛИ

Маҳалланинг энг чеккасида, пахтазорнинг шундоқ ёнгинасида этаги адирликка туташган бу ҳовлининг девори ҳам, дарвозаси ҳам йўқ. Чунки хонадон соҳиби Раҳимжон отанинг ўз эътиқоди бор.

Дунёга ҳамма омонатга келган. Ўзини тўрт девор ичига қамагани билан Аллоҳ асрамаса, беркинганинг бекор. Отанинг олти фарзанди минг уриниб, туғилиб ўсган ҳовлиларини рисоладагидек қилиб безаб-тузолмадилар, негаки ота рухсат бермади. Фароғат хола чолининг қоидаларига кўникиб кетган, болалари ҳеч бўлмаса, сиз қаттиқроқ туринг, дейишларига қарамай, уларнинг ҳою ҳавасларига қўл силтаб қўя қолади.

- Ҳаммангизнинг ўз уйингиз бор, ўшани хоҳлаганча тузаб-безаб олаверинглар, бу бизнинг макон, - дейди доимо Раҳимжон ака. - Шу пайтгача очиқ-сочиқ яшадик, бундан кейин ҳам яшайверамиз. Биздан сўнг қандай қиласанлар, ўзингларга ҳавола. Аммо адирлик томонга девор урманглар, ҳовлига шабадаям, баракаям кирмай қўяди.

Энг ажабланарлиси, ҳовлининг бирор ерига шунчаки уруғ тушиб қолсаям, униб чиқади, агар астойдил деҳқончилик қилинса, сабзавот ҳам, мева-чева ҳам мўл-кўл бўлади. Шу боис қишлоқдагилар Раҳимжон отанинг ҳовлисини хосиятли дейишади.

Антиқа воқеалар ҳам шу деворсиз ҳовлида рўй беради.

Бир йили маҳалладаги ҳеч бир ҳовлидаги ишкомда узум бўлмади. Ҳатто, астойдил парвариш қилганлар ҳам ҳеч вақо олишолмади. Отаникида бўлса, ишкомдан ошиб, томга чиқиб кетган шохлардаям узум мўл бўлди. Келаси йили кўпчилик отанинг узумидан кўчат олди. Яна бир йили бўлса, адир томондан адашиб кириб қолган қўй роса бир ҳафта эгасини кутиб, қўрада турди. Ота болаларини ҳар томонга жўнатиб, қўйнинг эгасини қидиртирди. Меники, деган одам чиқмади. Бу орада қўй қўзилади. Саккизинчи кунга борганда, бир аёл боласини етаклаб келиб қолди. Раҳимжон ота олдин обдон суриштирди. Ниҳоят, қўйнинг эгаси шу аёл эканига ишонч ҳосил қилиб, қўрага етаклаб борди.

Уч қўзининг ўртасида қўйини кўриб, аёл шўрликнинг эси оғиб қолай деди.

- Қўйим қўзилайдиган эмас эди, - дея олди холос.

Маълум бўлишича, аёл уч боласи билан бева қолган, рўзғорини зўрға ўтказаётган, атиги иккита қўйи бор экан. Бечора суюнганидан битта қўзини Раҳимжон отага қолдирмоқчи бўлди.

- Сағирларнинг ҳаққини емайман. Омонатни эгасига қачон топшираман, деб неча кундан буён ҳаловатим йўғу, қилган қилиғини қаранг, бу хотиннинг! - Отанинг фиғони фалакка чиқиб, аёлни ёзғириб берди.

Охир-оқибат, она-бола битта қўйини тўртта қилиб берган отага қайта-қайта раҳмат айтиб чиқиб кетишди.

Раҳимжон ота бу тун кечаси билан ухлолмай чиқди. Бобосини, онасини тушида кўрди, бирам безовта. Ўрнидан туриб таҳорат олди, жойнамозини солиб, нафл намозини ўқиди, ўтганларни бир-бир ёд олиб, узундан-узоқ дуолар қилди. Бомдод вақти кирмагани учун саловат айтиб, тасбеҳ ўгириб ўтирган эди, адир томондан инграгандай овоз келди. Астойдил тинглади. Ингроқ яна такрорланди. Шошиб ўрнидан туриб, ҳовли саҳнига тушди. Ота анча-мунча нарсадан чўчимайдиган, тун қоронғусида ҳам далага чиқиб кетаверадиган инсон. Бироқ бу сафар нимагадир юраги пўкиллади, оёқ-қўли титраб, чўчиди. Ингроқ овози қайта-қайта эшитилавергач, ўзини қўлга олиб, дала томон юрди. Йўл-йўлакай ҳар эҳтимолга қарши қўлига кетмон олди. Тун билан тонг улашиб, ергача чўзилган бу маҳалда ўт-ўланларни шудринг қоплаган эди. Отанинг яктаги жиққа ҳўл бўлди. Аммо бунга эътибор бермай, ғўза оралаб овоз келган томонга юрди. Ингроқ тобора яқинроқда эшитилди. Ғира-ширада нарсалар яққол кўринмасди, шу боис аста энкайди. Бир-икки қадам нарида шарпа кўзга ташланди. Раҳимжон ота қўлидаги кетмонни кўтарди ва:

- Кимсан? - деди овози борича, яқинроқ бориб.

Не кўз билан кўрсинки, барваста бир эркак қонга беланиб ётарди. Ота шошиб қолди, кетмонни ташлаб ёрдамга югурди.

- Ух, ух, ҳозир болам, ҳозир, - дерди нуқул бошқа гапга тили айланмай.

Ерда ётган одам ҳам оқсоқолни кўриб хийла тетиклашди, туришга уринди, бироқ тура олмади. Раҳимжон ота уни елкасидан тутиб, судрай бошлаган маҳал нотаниш киши ҳушини йўқотди. Ота шошиб қолди. Шунча уринса ҳам, уни бир қадам силжитолмасди.

- Эҳ, баччағар, қарилигим панд берди-я, - дея ўзини койиди. Тобора кўпроқ оқаётган қондан ваҳимага тушди, овозининг борича ёрдамга чақира бошлади:

- Ким бор, одам бўлсанг, келавер. Ёрдамга келинглар!

Бомдод намозига турган қўни-қўшни Раҳимжон отанинг овозини эшитиб, шу ёққа югуришди. Чолини излаб ҳовлига чиққан Фароғат хола кичик ўғли Рафиқжонни уйғотиб, ёрдамга шошилтирди.

Жабрланган нотаниш кишини отанинг ҳовлисига олиб келиб, ишком тагидаги сўрига ётқизишди. Рафиқжон дўхтирга югурди. Бир зумда бу гап кўчага тарқалиб, ҳамма ҳовли томон ошиқди. Айримлар бирор нарса топиш илинжида дала томонга қараб кетишди. Бу орада маҳалла бошида яшайдиган Турсунбой дўхтир етиб келди. Аҳвол жиддийлигини сезиб, дарров ишга киришди, Раҳимжон ота худди ўзининг жигари кулфатда қолгандай типирчилар, тинмай савол берарди.

- Айтинг, ўғлим, тирик қоладими?

- Худо хоҳласа, яшайди. Кўп қон йўқотгани учун ҳушидан кетган. Қаранг, мана билак томирлари узилиб ётибди, биқиниям зарарланган. Боши қаттиқ лат еган.

Турсунбой доктор ярадорга чаққонлик билан муолажа қиларкан, ота яна саволга тутди:

- "Тез ёрдам" чақирсинми?

- Рафиқжон кетди чақиргани, унгача мен зарур ёрдамни кўрсатиб тураман, - доктор беморга кетма-кет укол қиларкан, отага далда берди: - Хавотирланманг, яхши бўб кетади. Яхшики, кўриб қолибсиз, бир-икки соат шу аҳволда ётганида ёмон бўларди.

Ҳовли ёнига "Тез ёрдам" машинаси келиб тўхтади. Рафиқжон навбатчи шифокор билан носилка кўтариб, кириб келди:

- Қани кўтаринглар, машинага олайлик!

Ҳамма ёрдамга ошиқди. Раҳимжон ота машинанинг олдига чиқиб, ўтириб олди:

- Дада, сиз қолаверинг, мен бораман! - Рафиқжон уни тушишга ундади. - Уст-бошингиз ҳўл, шамоллаб қоласиз!

- Йўқ бораман! Кўзини очганида тепасида бўлай, кимлигини билай! - Ота бошқа гапга ҳожат қолдирмасдан шарт кесди.

Машина туман марказига қараб елди.

Ота касалхонага кела солиб шифокорларни шовқин-сурон қилиб тезлатди. Ҳатто, қон зарур, деганларида енгини шимариб:

- Мана, мендан олинг!- деб туриб олди.

Аммо шу куни бемор ҳушига келмади. Бу орада дала томонга кетганлар адир пастидаги катта йўлда пачоқ бўлиб ётган чет эл русумидаги машинани топишди. Дарров милиция чақиришибди, машина ичидан ҳайдовчининг ҳужжатлари топилибди. Ҳалокатга учраган киши самарқандлик Шуҳратбек Ғофуров экан. Ўша заҳотиёқ манзилига хабар жўнатилди.

Машинанинг бутунлай хароб бўлганига қараганда, юк машинаси билан тўқнашган. Бироқ иккинчи машина йўқ, афтидан қочиб кетган. Милиция бу ҳолат бўйича қидирув эълон қилди.

Эртасига тушга яқин Шуҳратбек кўзини очди ва тепасида оппоқ соқолли чолни кўрди.

- Ота! - унинг биринчи айтган гапи шу бўлди.

- Худога шукур, ўзингизга келдингиз, - Раҳимжон ота дарров уни пешонасини ушлаб, юзини силади.

Шуҳратбек зўрға жилмайиб:

- Раҳмат, - деди.

Отанинг кўзи ёшланди.

- Жим ётинг, ўғлим, тирик қолганингиз учун Яратганга шукур қилинг! Энди мен уйга борай, эҳсон қилиб юборай, ирими шунақа ўғлим, умидворлар безовта бўляпти,- деди оталарча меҳрибонлик қилиб.

Шуҳратбек ҳолсиз қўлларини хиёл кўтарди, кўзларини юмиб:

- Раҳмат, ота, раҳмат, - деди.

Раҳимжон ота уйга йўл олди. Кела солиб Фароғат ая билан келинини шоширди.

- Ҳеч бўлмаса, асрга улгуринглар, ош қилиб мачитга чиқарайлик. Бобом билан онам бекорга тушимга кирмаган, қаранг-а, улар мени уйғотиб, бечора Шуҳратжонга ёрдам беришга ундаган. Шунга айтадиларда, ўлган ўликмас деб.

- Вой чол тушмагур-эй, ҳали у боланинг кимлиги аниқмас. Олдин қариндош-уруғларидан бирортаси келсин, нима гап-сўзлигини билайлик, кейин бир иш қилайлик, - деди Фароғат аяга чолининг ҳаракати эриш туюлиб.

- Қанақа хотинсан-а, уларнинг келиш-келмаслиги билан нима ишинг бор? Битта одам тирик қолди, у ётми, танишми? - Раҳимжон ота жаҳл билан буйруқ берди.

Бошқа гапга ўрин қолмади.

Аёллар дарров ишга тушиб кетишди. Ҳали атрофга оқшом чўкиб улгурмаган паллада Раҳимжон отанинг ҳовлиси ёнига кетма-кет иккита машина келиб тўхтаб, ундан уч эркак, бир аёл ва икки ўспирин тушиб келишди. Улар қўллари кўксида ҳаммага салом бераркан, аёл тўғри келиб Раҳимжон отанинг бўйнига осилиб йиғлаб юборди:

- Отажон, минг раҳмат, укамнинг ҳаётини сақлаб қолибсиз. Энди бизга ҳам ота бўлдингиз!

Қолган меҳмонлар ҳам бирин-кетин келиб ота билан қучоқлашиб кўришишди. Келганлар Шуҳратбекнинг опаси Хадичахон, укаси, ўғиллари экан. Уларнинг айтишича, Шуҳратбек Самарқанддаги бир хусусий корхонанинг бошлиғи экан. Андижонга ўзи билан бирга ўқиган ўртоғиникига тўйга келаётган бўлган.

- Отамиз оламдан ўтиб кетганлар, - деди Хадичахон ҳаяжон билан. - Энди отам ўрнидасиз. Андижонда дўстларимиз кўп, мана, қариндошларимиз ҳам топилди.

- Минг раҳмат, болам, Яратган эгам мени бир воситачи қип қўйди, холос. Умрини зиёда қилган экан, Шуҳратбек ўғлим тирик қолди, шунисига шукур, -ота вазминлик билан гапирди.

Меҳмонлар кўзларига ёш олиб, қайта-қайта миннатдорчилик билдирди.

Шуҳратбек тузалиб чиққунича отанинг ҳовлиси гавжум бўлди. Беморнинг Андижондаги дўстлари меҳмонларни олиб кетмоқчи бўлишди, аммо улар мана шу деворсиз ҳовлида қолишни афзал билишди. Айниқса, Хадича опа отанинг ёнидан бир қадам силжимас, суҳбатлашиб тўймасди.

Бир ҳафталар ўтиб, Шуҳратбек анча ўзига келиб, шифокорларнинг рухсати билан Тошкентга кўчириладиган бўлиб қолди. Кетар маҳал Раҳимжон отанинг қўлини тутиб, раҳмат айтди:

- Ота, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, машинам Камазга урилиб, мен ташқарига отилиб чиқиб кетаётганимда кўз олдимга оппоқ соқолли чол келди! Даланинг ичига судралиб киришимга ҳам ўша чол сабаб, тобора ҳолим қуригани сари, қаёқдандир "олдинга силжи" деган овоз келаверди. Ҳушимни йўқотмаслик учун судралавердим. Салгина бошимни кўтарсам, кўзимга фақат девор кўринади. Нафасимни ростламоқчи бўлиб, бошимни ерга қўювдим, тепамда шарпа сезилгандай бўлди. Қарасам, оппоқ соқолли чол. Қўли билан сизнинг ҳовлингиз томонни кўрсатди. Ундан ёрдам сўрадим, бироқ у дарров кўздан йўқолди. Эслаб қолганим, бир қўлининг бармоқлари тўмтоқ экан.

Раҳимжон ота сесканиб кетди. Кўзларини катта-катта очиб, шошиб:

- Бу бобом!-деди.

Шуҳратбекнинг ҳам ранги оқарди:

- Демак, мен руҳни кўрибман-да!

- Ҳа, аммо бу дунёдан ўтганлар ўликмас, болам. Қолаверса, бобом катта домла бўлган, нафаси жуда ўткир эди. Ҳозир яшаётган ҳовлим шу бобомдан мерос. Болаларим ҳадеб "девор билан ўрайлик", дейди. Бобом раҳматли васият қилган. "Асло девор урмагин, мен шу ерда ўтириб, ҳовли поёнидаги адирликда жаннатни кўраман. Бу дунё билан у дунёнинг ўртасида девор йўқ, вақт бор, холос", дерди. Шу бобомни кўргансиз, болам. Сизнинг келишингизни эса менга белги қилди. Хуллас, икки дунё оралиғида бир-биримизни топдик-да, - ҳаяжонга тўлиб гапираркан, отанинг юраги ҳапқирди.

- Отажон, умрим охиригача хизматингиздаман, - деди тўлиб- тошиб Шуҳратбек.

- Агар ростдан ҳам менга ўғил бўлган бўлсангиз, бир илтимосим бор, - деди ота сокинлик билан.

- Қулоғим сизда, ота.

- Сизни уриб юборган камаз ҳайдовчиси ёш бола экан. Қочиб кетиб, нотўғри қилган. Аммо қўрқиб кетган, ўшандан бери иситмада алаҳлаб ётган экан, мелисахонага опкетишибди, ота-онаси қақшаяпти.

- Ота, сиз бирданига икки инсоннинг ҳаётига жон фидо қилдингиз. Илойим, сиздай инсонлар кўпайсин. У йигитга даъвоим йўқ. Мени ўлимдан сақлаб қолиб, оиламга қувонч қайтардингиз.

Раҳимжон ота Шуҳратбекни маҳкам қучоқлади.

Матлуба ЮСУФ ОХУН.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди