№39, 26.09.2013 1 ОКТЯБРЬ - ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ
БОЛАЛАРГА МЕҲР УЛАШУВЧИ МЕҲРИБОНУ
Инсоннинг қандай эканлигини унинг олдига қўйган мақсадига қараб билиш мумкин. Избоскан туманидаги 25-умумтаълим мактабининг француз тили фани ўқитувчиси Меҳрибону Абдуллаеванинг устозлари унинг ўқувчилик вақтидаги интилувчанлиги, чет тилларига бўлган қизиқиши туфайли келажакда, албатта, етук мутахассис бўлишига ишонч билдирган эдилар.
Опалари Гуллола, Гулҳуморларнинг изидан борган Меҳрибону ҳақиқатдан ҳам мактабни тамомлаб, Тошкент давлат Жаҳон тиллар университетига энг юқори кўрсаткич билан ўқишга қабул қилинди. Олийгоҳни тамомлаб, илк ишга келган кундан болаларга ўзгача меҳр, ишга нисбатан масъулият билан астойдил фаолият бошлади.
Ўқувчиларга хорижий тилни ўргатишда ўша халқнинг ҳаёти, маданияти, урф-одатлари билан таништиришга алоҳида эътибор қаратди. Бунинг учун ҳар бир дарс алоҳида тайёргарлик талаб этади. Меҳрибонунинг фаолиятидаги энг эътиборга молик жиҳат ҳам ўқувчилари билан бир олам одами бўла олишлигидадир. Уларни тушунишга, фикрларини уқиб олишга инитилади. Шу сабабдан ҳам ёшлар устозининг дарс соатларини интиқ кутадилар. Унинг муваффақиятлари ҳам шунга муносибдир. Ўтган йили ўқувчиси Моҳларой Мамадалиева "Билимлар беллашуви"нинг вилоят босқичида фахрли биринчи ўринни эгаллаган бўлса, бу йил фан олимпиадасида иккинчи ўринни қўлга киритди. Ўғилой Аъзамжонова эса "Билимлар беллашуви"да 3-ўринга муносиб деб топилди.
- Аёлнинг ишдаги муваффақиятига оиладаги хотиржамлик асос бўлади, - дейди қаҳрамонимиз. - Турмуш ўртоғимнинг ишга бўлган муҳаббатимни қадрлаши эркин ишлашимга имкон яратди. Уларнинг маслаҳати билан қабул қилган қарорларим ўзини оқлади. Оилада ҳам, ишда ҳам кўнгил хотиржамлигига эришдим.
Исми жисмига монанд, ўзгаларга доим меҳр соғинувчи бу аёлнинг уч нафар фарзандига берган юксак тарбияси, ҳамкасблари, шогирдлари, балки кенг жамоатчилик ўртасида ҳурмат-эътибор топганлиги унинг етук мутахассис, қолаверса, кўплаб инсоний фазилатлар, кенг дунёқараш соҳибаси эканлигини кўрсатади.
Ҳамрохон МАМАТҚУЛОВА.
|