Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№40, 03.10.2013

БУГУННИНГ ГАПИ

ФАРЗАНДИНГИЗ ҚАНДАЙ МУЛЬТЬФИЛЬМ КЎРАЯПТИ?

Шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги давр инсониятдан фан-техника, технологияга оид кенг билимларга эга бўлишни, умуман, кенг фикрлашни талаб этаётгани сир эмас. Ушбу жараёнда Ўзбекистон, бевосита юртимиз ёшлари ҳам фаол иштирок этаётганликлари, илм-фан ютуқларини пухта эгаллашга уринаётганликлари қувонарли, албатта.

Ҳаётимизга илғор қадамлар билан кириб келган интернет ва ундан фойдаланиш, энг сўнгги чет эл фильмлари, мультфильмларини томоша қилиш, дунё мусиқаси янгиликларидан хабардор бўлиш бизни замон билан ҳамқадам юришимизда муҳимдир. Аммо улардаги миллий менталитетимизга зид, халқимизнинг ахлоқ мезонларига тўғри келмайдиган жиҳатлар кишини мулоҳазага ундайди.

Шу ўринда фарзандларимиз тарбиясида муҳим ўрин тутган хориждан кириб келаётган, телеканаллар экранларида намойиш этилаётган мультфильмлар хусусида сўз юритсак.

Хўш, бугун фарзандларимиз қандай мультфильмларни томоша қилишмоқда? Улар кўраётганларидан қандай эстетик завқ олишмоқда? Аксарият хорижий мультфильмлардаги "ур-сур", "тўполонлар" болаларимизни нимага чақираётганига эътибор беряпмизми? Ёки автомат ушлаб рақибини ўққа тутаётган интернет ўйинларидан бугун "қийқириб" завқ олаётган ўғилчангиз эртага ўзи ҳам бу "машқ"ни чинакамига хоҳлаб қолмаслигига ким кафолат беради? Бу каби саволлар талайгина. Аммо бу ҳақда мулоҳаза юритишга келганда, баъзи бировлар индамай елка қисади, яна кимдир айбни замонга қўяди.

Узоқ йиллар болажонлар севиб томоша қилган "Зумрад ва Қиммат", "Қор маликаси", "Сеними, шошмай тур!", "Том ва Жерри", "Аёз бобо", "Меҳрибон қиз ва совуқда қолган икки қуёнча", "Олтин балиқча" каби бир қатор мультфильмлар бугунги мультфильмлардан осмон билан ерча фарқ қилади.

Юқоридаги каби мульт-фильмлардаги болаликка хос беғуборлик, қизиқарлилик, одоб чегараларидан чиқмаслик сингари мезонлар бизни хануз ўша мультфильмларни мириқиб томоша қилишга ундайди. Бугунги мультфильмларимизда ана шу жиҳатлар борми? Келинг, ана шу ҳақда мулоҳаза юритайлик.

Қизларим сабабли улар томошасига шошиладиган мультфильмларга қизиқдим. Ҳозирда барча болаларнинг севимлисига айланган "Маша ва айиқполвон" чиндан ҳам кичкинтойлар учун кўришга арзийди. Болалик шўҳликлари акс этган лавҳаларни фарзандингиз яйраб кўраётгани дилингизни қувонтиради. Экранлардан тушмаётган "Кунфу Панданинг саргузаштлари" ҳам дилбандларимизга яхши овунчоқ бўлмоқда. Ҳайвонлар ҳақидаги мультфильмларда болалар учун белгиланган (айримлари бундан мустасно) одоб-ахлоқ мезонларидан четга чиқиш кузатилмайди. Шунингдек, ўзбек халқининг миллий эртаги "Зумрад ва Қиммат" асосида ишланган мультфильмлар ҳам тарбиявий аҳамиятга эга эканлиги билан эътиборга молик.

Нафақат хорижий, балки ўзимизда ишланаётган мульт- фильмларининг барчаси ҳам болаларга биз истаган маънавий озуқани бера олмаяпти. Гўё уларнинг айримлари фарзандларимизни тезроқ улғайтириб қўйишга хизмат қилаётгандек назаримда. Яқинда телеканалларнинг бирида берилган (кейинги йилларда ўзбек ижодкорлари томонидан ишланган) бир мультфильм эътиборимни тортди. Эртакдаги айрим лавҳалар, қаҳрамонларнинг гап-сўзлари катталар учундек. "Ёргинам қаердасиз? Сизни соғиндим!" деган хитоби, икки ёш учрашганда эса уларнинг бир-бирини қучиши каби саҳналар болаларга нима беради? Бу каби лавҳаларни кўрган фарзандлар катта ҳаётга эрта кириб қолмайдими? Қани, бу ерда халқимизга хос тарбия, ҳаё?

Мультфильмни кўрган кичкинтой ундаги лавҳаларга тақлид қилмаслигига ким кафолат беради? Ёҳуд фарзандимиз мультфильмлардан катталарбоп муносабатларни тушунтириб беришни сўраса, қандай изоҳлаб берамиз? Бу биргина мисол холос. Юқоридаги каби болаликка хос бўлмаган кўринишлар "қайнаб ётган" хорижий мультфильмлар жуда кўп. Улардаги ярим-ялонғоч қизлар, айрим беҳаё лавҳаларни кўриб энсамиз қотади.

Ахир мультфильм кичкинтойларбоп, уларнинг болаларча идроки учун мўлжалланиши керак эмасми? Хўрозқанд чет элники деса, ётволиб ялайдиганлар тоифасидаги айрим кишиларнинг хориж мультфильмларини кўр-кўрона тарғиб этишидан қандай маъно уқиш мумкин?

Мухтасар қилиб айтганда, фарзанд тарбиясида улар томоша қилаётган мультфильмларнинг ўрни ниҳоятда катта. Шу боис, ушбу масалага жиддий эътибор қаратиш ҳар бир ота-онанинг асосий вазифаси бўлиши керак. Бугун болажонларимиз телевизор қаршисига муҳрланиб кўраётган мультфильмларини саралаб кўрсатишимиз шарт. Акс ҳолда эртага уларнинг онгида тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи қарашлар юзага келиши мумкин. Бунга асло йўл қўйиб бўлмайди. Бу борада телеэкран ортидаги ижодкорлар ҳамда замонавийликка, "даромад топишга" ўч баъзи дискфурушлар ҳам ўйлаб кўрсалар яхши бўларди. Ахир фарзанд тарбиясига ҳаммамиз бирдек масъулмиз.

Азиз газетхон! Ушбу масалада Сиз қандай фикрдасиз?

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди