Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№40, 03.10.2013

МУЛОҲАЗА

АЁЛ МАЪНАВИЯТИ

Мураккаб ҳаётнинг паст-баланд сўқмоқлари инсонни кўп синовлардан ўтказади. Ана шу синовли дунёда ота-она ва фарзанд, ака-ука ва қариндош-уруғлар ўртасидаги меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамлигида аёлларнинг ўрни беқиёсдир.

Оилада рафиқа, она, қайнона, келин бўлган мунисалар маънавиятининг тўкислиги ҳаётимизни гўзал қилса, ундаги қусурлар кишиларни ташвишга солади. Минг афсуски, бугун айрим ўзбек аёллари оналикни четга суриб, кўнгил истакларига бўйин эгишлари опа-сингилларимиз учун ор-уят бўлиши керак.

Момоларимизнинг "Рўзғорда сабр қасрини қуриш - аёлнинг вазифаси", деган ўгитларининг амали бугун оғриқли нуқтага айланмоқда. Ўзбекнинг бегойими, андишали келини бўлган айрим масъумалар бугун "аразчи", "жанжалкаш", "бетгачопар" каби таърифлар билан "олқишланаётгани"га нима дейиш мумкин? Булар аёл маънавиятида кемтиклик юзага келаётганлигидан дарак эмасми?!

Ота-она ўзидаги яхши-ёмон хислатларни билиб-билмай фарзандига беради. Шу ўринда улуғ адиб Абдулла Қодирийнинг машҳур қаҳрамони Раънони эсга олайлик. У ўн тўрт ёшида Қуръонни ёд олган, Навоий, Ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедил асарларини мукаммал билган. Бугунги қизларимизнинг аксарияти ана шу китобларни, қўйинки, бугунги кунда яратилаётган асарларни ўқишга (ёд олиш у ёқда турсин) сабри етармикан? Ҳатто, дугонаси ёки дўстига юбораётган "СМС"лари бошидан-охир ҳам мазмунан, ҳам имловий хатоларга тўла эканлигини кўриб, уларга маънавият ҳақида нима дейиш мумкин, маънавият ҳақида ким эслатади?!

Садоқат, эътиқод замирида меҳр, ишонч деган муқаддас туйғулар мужассам. Буларни қадрлаганлар кун келиб, албатта, эъзоз топади. Яна таассуф қиламизки, бугун дилбандига меҳрини бериш ўрнига, узоқ хорижга отланган оналар эртага фарзандидан қандай меҳр кутади?

Маънавият фарзанднинг ниҳол вақтидан, гўдаклигидан сингдирилади. Бунда муқаддас алланинг, меҳрли тарбиянинг ўрни катта. Эзгулик, сабр, қадр-қиммат ҳақидаги ривоятлар, эртаклар қизлар калбида ҳаё, ор-номус, меҳр-оқибат сингари туйғуларининг нурамас қасрини бунёд этади.

Куни-кеча кўчада бехосдан она-боланинг "суҳбати"га гувоҳ бўлиб қолдим (боланинг 1-синф ўқувчиси экани билиниб турибди). Онасининг қаттиқ оҳангда: "... сенга нима дегандим? Нега ўша вақтда бақириб, йиғлаб бермадинг?..."дея дакки бераётгани мени ўйлантириб қўйди. Қаранг, "меҳрибон" она илк мактаб остонасидаёқ ўғлини муттаҳамликка ундамоқда. Бугун устозининг талабини бажармаган бола эртага қандай ўқувчи бўлади? Онанинг бу "сабоғи"ни қандай таърифлаш мумкин?

Аёл маънавияти қанчалик юксак бўлса, фарзандларимиз тарбияси ҳам шу қадар бенуқсон ва мукаммал бўлади. Маънавияти юксак инсонлар ҳаётда фақат эзгуликка йўлдош бўлиб яшайдилар. Демак, ана шундай юксак маънавиятли инсонларни тарбиялаш кўп жиҳатдан аёлларга боғлиқ экан, ўзлигимизни унутмайлик, маънавий баркамол бўлишга интилайлик, азиз опа-сингиллар.

Ҳамрохон МАМАТҚУЛОВА,

Жалақудуқ тумани.

Таҳририятдан: газетхонларимиздан ушбу мақола, умуман, аёл маънавияти, маънавиятнинг фарзанд тарбиясидаги аҳамияти хусусидаги фикрлари билан ўртоқлашишларини сўраб қоламиз.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди