Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№40, 03.10.2013

ТУРМУШ СЎҚМОҚЛАРИДА

МАЪРАКАДАГИ ОЛҒИРЛАР

Холиданинг онаси улуғ ёшга кирган бўлса-да, тетик эди. Аммо онахон бетоб бўлиб, уч кун ётди-ю, оламдан ўтди. Онасининг вафоти ҳақидаги хабарни эшитган Холиданинг ишхонасидагилар, узоқ-яқин қариндошлари, дўст-ўртоқлари унга ҳамдардлик билдиришди.

Холиданинг яқин дугонаси Шоира маърака куни ҳам вақтлироқ келди. Сабаби, беминнат хизмат қилиш билан дугонасининг ёнида туриб, унга ҳамдард бўлиш эди. Азадор мезбонлар Шоирахонга "сиз уйга кириб, қудалар билан бирга меҳмон бўлиб ўтиринг", деб уни меҳмонхонага таклиф қилишди. Аммо Шоира дугонасининг ёнида туришини айтиб, уйга кирмади.

Холида дугонасининг гапларини эшитиб унга нисбатан яқинлик ҳиссини сезди.

Шоира келган меҳмонларга чой ва егуликлар ташиб енгил-елпи ишларни бажарди. Дастурхонхонани тартибга келтирди. Келган-кетганларнинг тугунларига ўзи бош-қош бўларкан, токчадаги сумкаларга кўзи тушди ва ўйлади: укалари етарли даражада бозор-ўчар қилишганига қарамай, Холида онасининг маросимини бекаму кўст ўтсин деб, ноз-неъматлар ва ширинликлар олиб келибди. Бир маҳал у - бу ишга қарашиб юрган меҳмон-келиннинг дастурхонга қўйиш учун тайёрлаб қўйилган чиннидаги олмаларни олиб, артиб қайтадан идишга жойлаётганини кўриб, аввалига хурсанд бўлган Шоира уни кузатиб турса, ҳар бир идишдан биттадан меваларни "уриб қолиб" олдига тўплаяпти. Энг ёмони, келин шу "иқтисод" қилган меваларни секингина сумкасига солиб қўярди. Эндироқда у тугунига сомса, ширинликлардан бир талайини солганди. Унинг бу қилиғини кўриб турган яна бир меҳмоннинг ҳам "калласи ишлаб" кетдими, у ҳам топган-тутганини ўз дастурхонига солишга тушиб кетди. - Вой, менга ҳам сомсадан иккита беринглар, укаларига қараб қолган қизимга олиб бораман, - деди қариндошларидан яна бири қатламани елим халтасига жойлаштираркан.

Шоиранинг кўз ўнгида бири қанд-қурслардан, бири мева-чева, яна бири яна бошқа нарса билан ўз тугунларини тўлдиришяпти. Шоира уларга қараб туриб, ҳайрон қолди: "Тавба, одамларга ҳам ҳайронсан. Улар бу ерга таъзия билдириш, маросимни ўтказишга ёрдам бериш учун хизматга келишганми ёки ўз тугунларини тўлдиришганими? Ҳа, бечора дугонам-а! Сенга қийин экан-да, - деди ичида дугонасининг бу олғир меҳмонларини кўриб. - Сен аёл бошинг билан топиб-тутиб, емай-ичмай, оёқда тик туриб, меҳмонларни чиройли кузатиш пайида бўлсангу аммо ўз қорнини ўйловчи баъзи қариндошларинг дастурхондаги баракани ўчирмоқдалар".

Бу маҳалда Холида опалари билан совуқда ташқарида келди-кетдини кузатиш билан банд. Уларнинг дастурхонхонага киришга, овқат ейишга вақтлари йўқ, одам кети узилмайди.

Шоира, ниҳоят, қўшнилар ўтирган уйга кирди. Эл қатори олдига қўйилган неъматлардан тановул қилди. Меҳмон бўлди.

Меҳмондорчиликда "оз бўлса етади, кўп бўлса кетаверади" деганларидек, Холида қўшимча идишларга тузаб қўйган егуликлар ҳам тугади. Меҳмонхона дастурхонидаги қолган-қутган, майда-чуйдаларгача ўтирганларга бўлиб берилди. Дастурхон, хонадаги ноз-неъматлар ҳам тақсимланиб, ҳар бир кишига тугунча тайёрланди. Уй эгасига нон синиқларини ҳисобга олмаганда, деярли ҳеч нарса қолмади.

Ниҳоят, маросим тугади. Уддабурон қариндошлар енгилгина келиб, қаппайган тугунларини олишди-да, ҳовлини йиғиштиришда ёрдам бериш хаёлларига ҳам келмай, уйлари томон йўл олишди. Улар кўпчиликнинг ризқидан сўроқсиз олинган нарса ўғирлик билан тенглигини билишармикин?

Идиш-товоқларни йиғиштириб, ювишга ёрдам бериб бўлиб, Шоира уй эгаларига энди кетиш ниятида эканлигини билдирди. Кечадан бери меҳмон кутиш ташвишидан чарчаган Холида дугонасига эргашиб, у ҳам ўз уйига отланди.

Икки дугона йўлда кетаркан, Шоира дастурхонхонада кўрганларини дугонасига айтиб берса, у ўзини қандай ҳис қилишини тасаввур қилиб кўнгли ҳижил бўлди. Гаплари чақимчиликка кириб қолишидан чўчиди. Онасидан айрилгани етмагандай, бу билан унинг кўнглини янада чўктиришни истамади. Фақат энг яқин дугонасининг олғир, ўз яқинининг обрўсини ўйламайдиган, назари оч қариндошлари борлигига ачинди. Дугонасининг тонг отмай бозорга бориб, қийналиб олиб келганлари меҳмонларга насиб қилмай, қариндошлари қўлида "талон-тарож" бўлиб кетганидан хафа бўлди. Мана шундай маърака маросим демай дастурхонини қаппайтириб, ориятни йиғиштириб қўяётган баъзи бир аёллар орамизда борлигидан дили ранжиди. Бугунги кўрган ҳолатни ҳам дугонасига айтолмади.

Икки дугона катта йўлга чиқишгач, хайрлашишди. Холида Шоирага миннатдорчилик билдирди. Шоира унинг орқасидан бир зум тикилиб турди, орқасига қайрилиб қараган Холидага қўлини аста силкиб қўйди.

Ойдин МАМАДАЛИЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди