Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№40, 03.10.2013

Хикоя

ҚАНИ ЭНДИ, ҲАММА КЕЛИНЛАР ШУНАҚА БЎЛСА?

Арафа куни эди. Асака бозорида гуруч сотаяпман. Гуручим - бозорнинг олди гуручи. Савдо яхши бўлаяпти. Бир пайт 25-30 ёшлар чамасидаги йигит билан бир аёл келди. Йигит салом-аликдан сўнг бақувват панжаси билан бир ховуч гуручни олиб, бор кучи билан сиқиб кўрди. Гуруч доналари унинг кафтига шиша синиқлари каби санчилиб қолди. У аёлга (хотини бўлса керак):

- Мана шу гуручдан оламиз. Энг яхши гуруч - шу. Ошни бузсанг, тўлайсан, - деди кулиб.

- Худо адаштирмаса, ошни кулдириб юбораман, нима деяпсиз? - деди хотин ҳам бўш келмай.

- Тоға, биз яқинда янги уйга кўчиб ўтганмиз. Уйда биринчи марта арафалик ош дамлашимиз. Шунга қанча гуруч олсак бўларкин? - деди йигит менга қараб. Мен ҳайрон бўлиб:

- Неча жонсизлар? - дедим.

- Бир қизим, икки ўғлим бор: беш жонмиз.

- Қўшнилар ҳам кўпми?

- Ҳа, кўп. Янги янги қурилган уйлар. Ҳаммасида одам бор, бари ўзимизнинг ҳамқишлоқлар, - деди.

- Бўлмасам, бир кило олинглар. Қўшниларга берасизлар, ўзларинг ейсизлар, - дедим.

Хуллас, олишди, пулини беришди, раҳмат айтишди.

Улар мендан йигирма қадамча юргач, аёл эрига нималарнидир уқтирди. Эр икки-уч бор "қўй" дегандек қўл силтади. Хотин қаттиқ турди: эрининг енгидан тутиб, мен томонга олиб келди. Мен бировга гуруч тортаяпману, хаёлим эр-хотинда. Ўзимча буларга гуруч ёқмади. Энди қопга тўкиб пулини қайтариб олишади, деб турибман.

- Тинчликми, қизим? Пулдан адашибсизми? - дедим уларнинг кўзига термулиб. Эри индамади.

- Тинчлик, тоға. Хижолат бўлманг. Гуручдан яна бир ярим кило берасиз. Алоҳида идишга солиб беринг, - деди аёл кулиб. Гуручни тортдим. Пулини олдим. Эр-хотин ўртасида бўлган тортишувнинг боисини сўрадим. Аёл:

- Тоға, биз янги уйда олий нав гуручдан ош дамлаб есак, эски уйда қолган қайнотам билан қайнонам нима дейди? Билишиб қолса, хафа бўлишмайдими? Алоҳида бўлиб чиққанимизга ҳали бир йил бўлгани йўқ. Ўшанга хўжайинимни қайтариб келдим. Эр хотиннинг гапини бўлди:

- Кеча кириб "ота, арафаликни шу ерда қилайлик" десам, "Йўқ, ўғлим, ўша ерда - янги уйда қилинглар. Ўша ердаги одамларга эл бўлинглар. Янги қўшниларга яхши ният билан ош улашинглар - меҳрли бўласизлар", - деди.

- Тўғри, ота шундай дейди-да. "Менга арафалик қилиб бер" дейдими, демайди, - деди аёл катта сумкага нарсаларини жойлаб.

- Жуда улуғ иш қилдинглар, қизим. Улуғ кунда ота-онанинг қилган дуоси тез ижобат бўлади. Эрта-кеч сиз ҳам келин оласиз. Бу яхшилигингиз икки ҳисса бўлиб қайтади, иншооллоҳ. Энди-чи, имкон бўлса, гуручга яраша гўшт, битта ширин қовун, тўртта юмшоқ нон ҳам қўшиб олинглар, - дедим.

- Ҳа, оламиз, сиз айтганларни ҳам. Қуруқ гуручни олиб кирамизми, тоға? - деди аёл.

- Хотиним жуда куйканак. Бир ишни қиламан дедими, қилади. Ота-онамнинг олдида кичик укам қолган. Ҳамма нарсаси етарли. Биз арафалик олиб бормасак ҳам бўлаверади, - деди йигит менга бир кўзини қисиб. Хотини аччиқланиб:

- Кетдик, бекорларни айтибсиз. Мен олиб бораман, қайнотамнинг дуоси менга керак. Юринг, кўтаринг анови сумкани, - дея буюрди.

Улар бозорнинг одамлар гавжум жойига киришиб, кўздан ғойиб бўлишди.

- Нариги ёнимда гуруч сотаёттган шеригим - Мулла Абдувоҳид ака бизни кузатиб турган экан. Ёнимга келиб:

- Олимжон ака, тинчликми? Ҳалиги эр-хотин билан узоқ савдолашдингиз, - деди. Мен бўлган воқеани унга таъсирланиб айтиб бердим. У оғир хаёл суриб:

- Ўша аёлга раҳмат. Қайнотанинг дуоси отанинг дуосидан улуғ бўлади. Яхши одамнинг фарзанди экан. Қани энди, ҳамма келинлар ҳам шунақа бўлса? Агар олган нарсаларини қайнота билан қайнонасининг олдига қўйса, улар юракдан чиқариб дуо қилишса керак... - деди-да, қўлини очиб, ўша нотаниш аёлнинг ҳаққига дуо қилди.

Олимжон РАҲИМОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди