№41, 10.10.2013 ҚАДРИЯТЛАРИМИЗНИ ЭЪЗОЗЛАЙЛИК
ДЎППИ - МИЛЛИЙЛИГИМИЗ ТИМСОЛИ
Ҳайит байрами арафасида 90 ёшли бувимни кўргани бордим. Ҳар галгидек уйимиз биз фарзандлари, невара, чеваралари билан гавжум бўлди. Дастурхонга фотиҳа қилингач, бувим менга: "Қизим, шу сандиқни очиб, оқпар дўппини олгин", деб қолди.
Тахмондаги кўрпачаларни олиб сандиқни очсам, оқ матога ўралган дўппи сандиқ ичида тугунлар устида турган экан. Уни бувимга узатдим. Бувим матони очиб, дўппини авайлаб силади ва бир энтикиб қўйди. Ёшлик даври ёдига тушдими, дўппига узоқ термулиб қолди. Сўнгра чевара қизларига қараб, "мана шуни бирортангиз кийсангиз-чи, яп-янги турибди, янги келинлик пайтимда кийганман", деди қўлидаги нақшинкор дўппига ишора қилиб.
Тўрт қиз бир-бирларига қараб кулишди. Улар орасида энг каттаси бўлган Гулираъно: "Бувижон, буни ҳозир ҳеч ким киймай қўйган-ку, ҳозир булар урф эмас", дея жавоб берди.
Опам иккимиз уларга танбеҳ бердик. Аммо бундан хафа бўлган бувим кўзларига ёш олди. Ахир кўнглидан ўтган кечинмаларни қаердан ҳам биларди бу қақажонлар. "Бувижон, менга берақолинг, қизим, албатта, кияди, бирам чиройли дўппи экан," дея кўнглини олмоқчи бўлдим.
***
Бир куни "Дамас" машинасида ишга кетаётсам, орқа ўриндиқдаги икки қизга кўзим тушди. Улар барчанинг эътиборини тортадиган даражада баланд овозда, ярим рус, ярим ўзбекчалаб кимнингдир устидан кулишарди. Олд ўриндиқдаги дўппи кийиб, сочини майда қилиб ўриб олган қиз йўлда тушиб қолгач, уларнинг кулгиси янаям авжига чиқди. "Дўппи кийгани етмагандек, қўл телефони ҳам бор экан..." Гапирмоқчи бўлиб, ўзимни базўр тутиб тургандим, бир отахон уларга танбеҳ берди: "Сизлар ҳам ўзбекмисизлар, дўппи кийган бўлса, миллий кийимимиз, нима қипти, сизларга ўхшаб ажнабий кийинмапти-ку!" Қизлар жавоб беролмай тилини тишлашди. Чунки отахон ҳақ эди.
Бир ҳамкасбим ўзининг никоҳ тўйида дўппи кийишни истамай, яқинлари билан тортишган жияни ҳақида гапириб берди. Тортишув куёвнинг "Дўппи киядиган бўлсам, тўй бўлмайди", дея қўйган шартига кўниш билан якун топибди. Бироқ куёвнинг бобоси ҳам, бувиси ҳам хафа бўлишиб, тўйда иштирок этишмабди.
Бундай воқеаларни кўп бор кўриб, эшитганимдан буён бир нарса менга тинчлик бермай қўйди. Қачондан буён миллий кийимимиз бўлган дўппининг қадри бу даражада тушиб кетди? Нега фарзандларимиз уни кийишдан ор қиладиган бўлиб қолишяпти? Ўзи таниб- танимаган турли миллат, чет эллик ёшларнинг кийинишига кўр-кўрона эргашаверишнинг оқибатими бу?
Инсоннинг кийими унинг ички дунёсини, одоб-ахлоқини кўрсатиб туради. Очиқ-сочиқ кийинган муаллиманинг ҳаё ва ибодан ваъз айтишини бир тасаввур қилиб кўринг-а. Дўппининг хосияти улуғлигини кексаларимиз доимо таъкидлашади. Балиқчилик дўппидўз ҳунарманд Жамилахон Қурбонова шундай дейди: "Дўппи бошни иссиқ-совуқдан, шамоллашдан, чанглардан сақлайди. Ўзбек қизларининг дастурхон атрофида, таом тайёрлаётганда ялангбош юриши одобсизлик саналади. Бундан ташқари, дўппи бошнинг давлати ҳисобланади. Уни авайлаб-асраш, оёқости бўлишига йўл қўймаслик керак. Ўз дўпписини йўқотиб қўйган кишида кўнгилсизлик юз беради".
Марғилонлик яна бир дўппидўз онахон Раҳимахон Ҳамидова: "Дўппининг тепа қисмидаги тўртта гул эркаклар саломатлигини тўрт томондан ҳимоялаб туради. Четларидаги ўн олти гул эса бош кийим соҳиби болали бўлиши ва оиласининг аҳил бўлиши тилагини англатади."
Шаҳрихонлик кекса отахон Абдумалик Турсуновнинг дўппи ҳақидаги фикрлари ҳам жуда қимматли: "Матога оппоқ ипак билан безак берилиши эркаклар қалби поклигининг рамзи саналади. Йигит кишининг ғурури ва диёнати дўпписида эканлиги ҳақида қадимдан ўгитлар бор. Шунинг учун ҳам ориятини поймол қилаётган йигитларга "Бошингда дўппинг, белингда белбоғинг борми?" дея танбеҳ берилган. Бошдан дўппини ечиб отиб юбориш ҳақорат ҳисобланган".
Халқимиз орасида "Маслаҳатчинг бўлмаса, дўппингни ерга қўйиб, у билан кенгаш" деган нақл бор. Бу бош кийимнинг нақадар улуғлигини билдиради. Дўппининг тўрт томони борлиги дунёнинг тўрт томони бирлашувини англатадиган рамзий белги. Юртимизда турли кўринишдаги дўппилар мавжуд. Бозорларга борсангиз, бири-биридан бежирим дўппиларни учратасиз. "Анжан", "Чуст", "Марғилон", "Шаҳрихон" деб аталувчи дўппиларининг ҳар бирида ўзгача маъно бор. Эркакларнинг "қалампир нусха" безаги берилган дўппилари энг кўп тарқалган бўлиб, поклик ва кўз тегмаслик рамзи ҳисобланади. Хотин-қизлар дўппиларидаги пат боғлами, қушлар тасвири оқилалик рамзи саналади. "Бодом" безаги эса ҳаёт ва унумдорликни тиловчи тимсолдир. "Илон изи" нақши эса халқимиз томонидан тумор сифатида эъзозланади.
Шу маънода миллий бош кийимимизни эъзозлаб, бошимиздан қўймай кийсак, бу фақат рўшнолик келтиради. Фарзандларимиз онгига ушбу бебаҳо миллий урф-одат ва анъаналаримизни сингдириб борсак, миллий маънавият ва ўзлигимизнинг тобора чуқур илдиз отишига ҳисса қўшган бўламиз.
Барно ҲАЙДАРОВА.
|