№41, 10.10.2013 ҚАТРА
УМИДЛИ ДАРГОҲ
Келинчак... Ўзга хонадонга умид билан қадам ранжида қилди. Туйғулари бокира. Ўй - хаёлларида фақат бир тилак. У ҳам бўлса, шу оилага киришиб кетиш, қайнонасини она, қайнотасини ота деб уларга пешвоз чиқиш, энг яқин инсонига доимо ҳурмат, эътиборда бўлиш... Бу у учун қийин эмас. Фақат улар шу нозик ниҳолни парваришлаб, меҳр бера олармикан? Шунинг изтироби уни қийнайди.
Келинчакнинг бу дастлабки қадамдаги ўйлари, кечинмалари.
Янги хонадон эгаларининг унга бўлган илиқ муносабати, қайнонасининг минг айланиб, ўргилиши кўнгилдаги барча ғуборларни тарқатиб юборди. Оила аталмиш даргоҳда ҳамиша шу илиқ муносабатни асраб қолиш, азиза бўлиш умиди билан тунларни тонгларга, кунларни ойларга, ойларни йилларга улади. Остонасини гулларга буркади, оиласини гулдай яшнатди. Боиси, шу илк қадамдаёқ кўрган меҳрни асраб қолди. Шунга яраша у ҳам оила аъзоларининг ҳар бирининг ҳурматини жойига қўйиб, меҳр кўрсатди. Қайнона, қайнотасининг дуолари билан ўзидан кўпайди.
Наққош тақдир унинг чеҳрасига ажиб зийнат чизиқлар тортди. Ҳаётнинг ўзидай сокин қайнонаси, ҳикматгўй қайнотаси, меҳрибон турмуш ўртоғига боқиб, шу муқаддас даргоҳнинг сиру синоати фақат яхшилик, меҳр-муҳаббатда эканлигини англади. Бу йўлда фақат сабрнинг этагидан тутиш лозимлигини ҳаёт унга ўргатди.
Ҳамрохон МАМАТҚУЛОВА,
Жалақудуқ тумани.
|