№41, 10.10.2013 ҚУРБОНЛИКНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ
Қурбон ҳайити яхши амаллар, хурсандчилик, эзгулик байрамидир. Ушбу байрамда мўминлар мурувват, хайр-эҳсон, яхшилик қилиш, ўзаро иттифоқлик, дўстлик, ҳамкорлик сингари сифатларни ўз ораларида татбиқ этиб, Аллоҳнинг катта ажр-савобларига сазовор бўлишади. Расули акрам (с.а.в) ҳайит кунининг кечасини Аллоҳдан катта мукофот олиш вақти деб атаганлар.
Меҳрибон Роббимиз Аллоҳ хақ Субхану ва таоло барчаларимизни фақат ўзигагина ибодат қилишга буюради. Қилган ибодат ва яхши амалларимиз унга яқинлашиш ва унинг розилигини топиш учун бир воситадир. Инсонни Аллоҳга яқинлаштирувчи ибодатлардан бири бу - Қурбонликдир.
Қурбонлик учун сўйилган ҳайвонлар орқали мўмин киши Аллоҳнинг амри билан ўз молидан воз кеча олиши имтиҳон қилинади. Динимизда қурбонлик амали нақадар савобли эканлигини қуйидаги оятдан ҳам билиш мумкин: "(Эй Муҳаммад), албатта, биз сизга Кавсарни ато этдик бас. Сиз Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва (жонлик) сўйиб, қурбонлик қилинг! Албатта, сизни ёмон кўргувчи кимсанинг думи қирқилгандир (яни, беному нишон йўқ бўлиб, кетгувчидир)!" (Кавсар сураси, 1-3 оятлар).
Қурбонлик қилиш бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилса-да, аслида фойдани инсон ўзи кўради. Қурбонлик ниятида сўйилган ҳайвоннинг гўштидан сўйган одамнинг ўзи, кўнгил яқинлари ва муҳтожлар манфаатдор бўладилар. Аллоҳ эса инсоннинг қалбидаги ниятига кўра муомала қилади.
Албатта, қурбонлик қилишлик фазилатли ва чиройли амаллардан ҳисобланади, аммо Қурбонликни холис Аллоҳ учун қилиш, риё, яъни одамлар кўрсин, мақтасин ёки қурбонлик қилмасам одамлар гапиради, деган ниятдан холи бўлишликнинг савоби улуғдир.
Ҳазрати Али (р.а) Расулуллоҳ (с.а.в)дан ривоят қиладилар: "Ким қурбонликка жонлик олиши учун бозорга борса, Аллоҳ таоло ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади ва ўнта гуноҳини кечиради ва мартабасини ўн даража кўтаради. Жонликни савдо қилаётганда айтган сўзларни тасбеҳ ўрнида қабул қилади, у учун берган ҳар бир дирҳамига етти юз дирҳамнинг савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фаришта яратади ва улар қиёматгача унинг учун истиғфор айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун Исмоил алайҳиссалом фарзандларидан бир қулни озод қилганлик савобини беради", - дедилар.
Улуғларимиз ривоят қиладилар, Довуд Алайҳиссалом (р.а): "Ё Довуд, Муҳаммад (с.а.в) умматларинг қилган қурбонликлари учун нима ато этгансан?" дедилар. Аллоҳ таоло хитоб қилди: "Ё Довуд, Муҳаммад (с.а.в) умматларидан қурбонлик қилганларга қурбонликнинг баданидаги ҳар бир тукига ўнта савоб ато қилиб, ўнта гуноҳини кечаман".
Анас ибн Молик Расулуллоҳ (с.а.в)дан ривоят қиладилар: "Хашр (қиёмат) содир бўлган вақтда мўминлар ўз қабрларидан турадилар. Аллоҳ: "Эй фаришталар, менинг бандаларимни маҳшаргоҳга уловсиз олиб борасизларми? Улар дунёда бирор жойга бормоқчи бўлишса, пиёда боришмас эди. Туғилмасдан олдин уларга ота сулби, кейин оналарнинг қорни маркаб бўлади. Туғилганларидан кейин она бағрида ва сутдан тўхтатганда эса оталарининг елкаларида юришар эди. Улғайганларида туялар, хачирларда юришарди. Агар денгизда сафар қилсалар қайиқлар ва кемаларда сузардилар. Вафот этганларида мўмин биродарларининг елкаси уларга уловлик вазифасини бажаради. Энди тирилиб қабрларларидан тургач, маҳшарга пиёда боришмасин. Қурбонликларини келтиринг, миниб боришсин", - деди.
Қурбонлик қилишга қодир бўла туриб, қурбонлик қилмаган инсонларга қарата Пайғамбаримиз (с.а.в) "Кимки қурби ета туриб, қурбонлик қилмайдиган бўлса, намозгоҳимизга яқинлашмасин", - деганлар. Ушбу ҳадисда қурби ета туриб дегани, закот ҳисоби миқдоридаги молга эга бўлишидир. Бошқа бир ҳадиси шарифда Расуллуллоҳ (с.а.в) Атрофда турган ҳолларида одамларга қараб шундай дедилар:
Уламолар қурбонликни "Қурбон" ҳайити куни қуёш чиқмасдан илгари сўйиш мумкин эмаслигига айтиб ўтганлар. Чунки пайғамбаримиз (с.а.в) Қурбон ҳайити куни ҳайит намозини ўқиб бўлгач, хутба ўқидилар ва бундай дедилар: "Ким ҳайит намозини ўқишдан олдин қурбонликни сўйган бўлса, ўрнига бошқа жонликни сўйсин. Ким ҳали сўймаган бўлса, энди намоздан кейин Аллоҳнинг номи билан сўяверсин" - дедилар (Бухорий ривояти).
Агар ҳайит куни қурбонлик қилишга вақт топа олмаса, ҳайитдан кейинги икки кун ичида сўйиш ҳам жоиздир. Бундан ташқари, қўй ва эчки бир кишининг номидан, мол ва туяни бир кишидан то етти кишигача ҳамкорликда, шерикликда (барчаларининг, ниятлари қурбонлик қилиш бўлиши шарт) сўйишлари жоиздир.
Қурбонлик учун сўйиладиган ҳайвоннинг сифати ҳақида Баро ибн Озиб (р.а) ривоят қилган ҳадисда Расуллуллоҳ (с.а.в) бундай деганлар: "Тўрт хил жонворни қурбонлик қилиш жоиз эмас: Бир кўзи кўрлиги аниқ билиниб турган, кассалиги аниқ билиниб турган ва илиги йўқ бўлиш даражада қариб қолган ҳайвонлар". Қурбонлик учун сўйиладиган ҳайвон нуқсонсиз бўлиши муҳимдир. Чунки Аллоҳ Ўзининг каломида: "Сўйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Нимани эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир" - деб марҳамат қилган. (Али-Имрон, 92-оят).
Қурбонликнинг гўшти уч қисмга тақсимланади. Бир қисми хомлигича камбағалларга тарқатилади, иккинчи қисми пишириб, эҳсон қилинади, учинчи қисми эса хонадон аҳиллари учун қолдирилади. Салим Ибн Абу Жаъд (р.а) ривоят қилган ҳадисда Расуллуллоҳ (с.а.в) Фотима онамизга (р.а): "Қурбонлик қилаётган жонлигингни олдида унга қараб тур. Албатта, Аллоҳ таоло биринчи қон томчиси томиши билан гуноҳларингни кўтаради", - дедилар. Шунда Имрон Ибн Хусайн (р.а): "Расуллуллоҳ, бу сизга ва аҳлингизга хосми ёки ҳамма мусулмонларгами?" деб сўради. Расуллуллоҳ (с.а.в) "Ҳамма мусулмонларга" деб жавоб бердилар.
Азиз юртдошлар! Муборак Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ таоло барчаларимизни холис ниятлар билан қиладиган қурбонликларимизни, ибодатларимизни даргоҳида қабул айласин. Ийд қурбон барчангизга муборак бўлсин!
Одилжон ҚОСИМОВ,
Андижон шаҳридаги "Уйғур" жомеъ масжиди имоми.
Шаробиддин МУСАБОЕВ,
Андижон шаҳридаги "Абу Хурайра" жомеъ масжиди имоми.
|