№41, 10.10.2013 СИЗ КУТГАН УЧРАШУВ
БИЗ БИЛГАН НАСИБА ҚАМБАРОВА...
"Сухандон журналист учун биргина айтилган ёки ёзилган сўз ҳам катта масалаларни ҳал этишда кўприк вазифасини ўташи мумкин", деган эди донолардан бири.
Ана шундай ҳар бир айтган сўзига масъулият билан ёндошиб, халқимиз қалбидан чуқур жой олган сухандон, журналист Насиба Қамбарованинг қалб дунёсига киришни, бир оғиз суҳбатидан баҳраманд бўлишни лозим топдик.
Бундан 52 йил олдин Насиба Қамбарова ТошДУнинг журналистика факультетида ўқиб юрган кезларидаёқ ўзининг ширали ва мазмундор овози, жозибали қарашлари билан устозлар назарига тушди. Айниқса, ТошДУнинг 40 йиллик юбилейида университет қошида очилган ҳаваскорлик ансамблида дутор чалиб чиққанида, Ўзбекистон телевидениесининг сухандони Ўктам Жобиров узун сочли, атлас кўйлаги ўзига ярашган истарали бу талаба қизни телевидениега таклиф қилади. Шу-шу Насиба опа 37 йил телевидениеда сухандонлик қилди.
- Насиба опа сиз телевиде-ниеда сухандонлик қилган пайтингизда биз ёш ўқувчи қизлар эдик. Сизнинг сўзлардаги талаффузингизни, ҳар бир сўзингизни эътибор бериб тинглардик. Қандайдир жозибангиз билан тингловчини ойнаи жаҳон қаршисига михлаб қўярдингиз. Ҳозир ҳам ўша ёшликдаги тароватингизни йўқотмагансиз. Бунинг сири нимада?
- Раҳмат. Яхши устозлар кўриб, нафақат касб сирларини, балки бу касбнинг бир бўлаги бўлган ташқи қиёфа, гўзаллик сирларини ўргандим. Сўзда эса сеҳр бўлиши, равон ўқишимиз билан томошабиннинг қалбига кириб боришимиз лозимлиги, бизни масъулият билан сўзга ёндошишга ундарди. Телевидение бошловчисини ажратиб бурадиган нарса ҳам аслида ташқи кўриниши ва овозидир.
- Саҳнанинг пирлари бўлади, дейишади. Сухандонлик санъатининг ҳам пирлари борми?
- Мен бундан ярим аср олдин сўз ижросини санъат даражасига кўтарган, йиллар мобайнида томошабинлар хизматида бўлган сухандон, илк дикторларимиздан бири Ўктам ака Жобировни мана шундай сухандонлик санъати пирларидан бири, деб биламан. Мени телевидениега бошлаб келган, менга устозлик қилган бағрикенг инсон (жойлари жаннатда бўлсин) билан бир вақтда ишлаб эл назарига тушдим. Шунингдек, Галина Мельникова, Насиба Иброҳимова, Насиба Махсудова, Раъно Толиповалар дикторлар мактабини яратган десам, муболаға бўлмайди.
- Насиба опа, сиз сухандонликдан ташқари "Улуғбек юлдузи" фильмидаги ролингиз билан ҳам томошабинлар ёдида қолгансиз. Кичкинагина эпизодда ҳам эсда қоларли роль ижро этгансиз. Лекин кейин сизни кинода учратмадик.
- Олийгоҳни тамомлаган йилим, яъни 1964 йили мени шу кинога таклиф қилишган. Сиз айтган кино экранларга чиққандан кейин киноижодкорлар томонидан жуда кўп таклифлар бўлган. Бироқ қўлимда ёш гўдагим борлиги учун таклифларни қабул қилмаганман. Қолаверса, актрисаликдан кўра сухандонлик, баъзи кўрсатувларда бошловчилик, концерт дастурларини олиб бориш менга кўпроқ завқ берарди.
- Бир пайтлар "Назм ва наво", "Лирика кечаси" сингари кўрсатувлар бўларди. Унда ғазаллар ўқирдингиз...
- Ҳа, адабиётга, шеъриятга ихлосим жуда баланд эди. Шеър, ғазаллар ёзиб турардим. Ғазал ўқишни хуш кўрардим. Шу боис, сиз тилга олган кўрсатувларда ҳамда республика радиосининг адабий драматик эшиттиришларида Темурмалик Юнусов, Қодир Махсумовлар билан Навоий, Фузулий, Машраб, Лутфий, Огаҳий, Нодира, Увайсий ғазалларидан ўқирдим, ўзим ҳам роҳатланардим.
- Бундан эллик йил олдинги томошабин билан ҳозирги томошабин ўртасида қандай фарқ бор?
- Албатта, давр ўзгарди, ҳаёт ўзгарди. Демакки, томошабинлар ҳам ўзгарди. Бугунги томошабин ўта талабчан, сохталикни ёқтирмайди, юксак маҳорат билан тайёрланган кўрсатувларни танлаб кўради. Бошловчининг сўзига ҳам эътиборли. Биз ишлаган даврда сухандонлик касб эди. Ҳозир эса муҳаррирлар ўзлари ёзганларини ўзлари ўқишяпти. У вақтда видео йўқ эди. Ҳамма нарса эфирга жонли узатиларди. Биз дикторлар ҳам бир кунда нечта кўрсатув бўлса ва у қай вақтда берилса, ўша вақтда жонли ўқирдик. Тунда иш вақтимиз тугаган вақтлар кўп бўлган.
- Сизни сухандон сифатида овозингиз ҳеч кимни бефарқ қолдирмаган. Бу борада ёш сухандонларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?
- Суҳандон учун энг асосийси, сўз қалбдан чиқиши керак.Томошабин сизга ишониши учун самимий бўлишингиз шарт. Уларга маслаҳатим, касб сирларини пухта ўрганиб, бу касбда ўз йўлини топишга ҳаракат қилишсин.
- Бахт деганда нимани тушунасиз?
- Инсон ўзини кимгадир керак эканлигини сезиб туриши, ўзгаларга меҳр бериш ва унинг эвазига меҳр олиш, севимли инсонларингиз ва касбингиз бўлиши, соғлом ва гўзал бўлиш, тинч-тотув ҳаёт кечириш бахтдир.
- Насиба опа, айни пайтда нима ишлар билан машғулсиз?
- Нафақага чиққач, тадбиркорлик йўналишида ўзимни синаб кўрдим. Ҳар қалай эплай олдим, шекилли, ишларим юришиб кетди. Ҳозир фирмамиз бор. Набирам Азамат билан шу фирмани юргизамиз. Бундан ташқари Президентимизнинг болалар спортини ривожлантириш ҳақидаги фармонларидан руҳланиб, Тошкент шаҳридаги Сергили массивида болалар спорт майдончасини ташкил қилдик. Уларнинг қувончидан ўзимиз ҳам ғоят шод бўлдик.
- Суҳбатимиз якунида "Иқбол" газетаси орқали аёлларимизга тилакларингиз?
- Ҳар бир хонадонга тинчлик-хотиржамлик, унинг тиним билмайдиган бекаларига тўкис аёллик бахтини тилайман. Орзу- умидлари ҳамиша рўёбини топсин. Фарзандлар бахту камолини кўриб юриш ҳар бир аёлга насиб этсин.
Суҳбатдош:
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
Суратда: Н. ҚАМБАРОВА.
|