№42, 17.10.2013 ЮЗ БИЛАН ЮЗЛАШГАНЛАР
ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ЮЗДАН ОШДИНГИЗ МОМО?
- Ҳалол меҳнат, яхши ният ва сабр-қаноат билан, - дейди 103 ёшли Ойтожихон момо Хидирова.
Асака тумани Зарбдор ҚФЙ "Янгисор" маҳалласида яшовчи Ойтожихон момо Хидирова ҳақида туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитасининг раиси Раҳимахон опа Низомиддиновадан кўп эшитган эдиму, лекин бу табаррук онахоннинг зиёратига боришга фурсат тополмаётгандим. Қурбон ҳайити байрами арафасида опа билан момони йўқлаб, кўргани бордик. Ҳовли ўртасидаги сўрида бизни чеҳрасидан нур ёғилиб ўтирган онахон айланиб, ўргилиб, қучоқ очиб кутиб олди. Бир пиёла чой устида момо билан суҳбатимиз бошланди.
- Не-не кунларни кўрмади бу бошим, қизим, - дея гап бошладилар Ойтожихон момо. - Йўқчиликни ҳам, мана тўқчилик кунларни ҳам кўрдим. Аллоҳга шукр. Турмуш ўртоғим билан тўрт қиз, уч ўғилни тарбиялаб вояга етказдик, уйли-жойли қилдик. Болаларим далада, қир-адирда отаси билан қўйчилик қилиб катта бўлишди. Қурт ҳам боқдик, ғўза чопиғими, яганами, пахта теримидами, хуллас, болаларимни ёнимга олиб ишдан бўйин товламадим. Пахтани яхши терганимдан даладагилар мени "машина" деб аташарди. Ахир кунига 300 килограммдан пахта терардим-да. Қўш-қўш мукофоту медаллар олиб ишлаганман. Болаларим ҳам шу меҳнатнинг ичида улғайишган. Турмуш ўртоғим билан (худо раҳмат қилсин) ҳам эллик йил бирга яшадик.
Онахоннинг туйқус кўзларига ёш келди. "Аллоҳнинг берган ҳар бир кунига сабр қилдим, аммо фарзанд доғи ёмон бўларкан, бир эмас, уч ўғлим, икки қизим мендан олдин бу оламдан ўтиб кетишди. Улардан кейин болаларининг кўзига қараб яшаш қийин экан, болам... Айниқса, кенжа ўғлим Муҳаммаджон эрталаб дуо олиб ишга кетиб, у ҳам... "
Момонинг ғамгин юзига, йўқотишлардан кичрайган жуссасига қараб таскин - тасалли бердик. Суҳбатни бошқа томонга бурдик.
- Кўряпман, келинларингиз, қизларингиз, набира келинларгача атрофингизда парвона, балки узоқ яшашингизга бу ҳам туртки бўлгандир, - дейман момога юзланиб.
- Кенжа келиним Муборакхон, невара келинларим Гулбаҳор, Нурхонлар доимо атрофимда парвона. Бир зум ёлғиз қолдиришмайди. Катта ҳовли бўлгани учун келди-кетдининг ҳам кети узилмайди.
Ҳа, 7 нафар фарзанд, 41 нафар набира, 81 нафар чевара, 37 нафар эвара кўришнинг ўзи бўладими? Ҳайит, байрам арафасида буларнинг ҳаммаси онахонни йўқлаб келса борми, уйи гўёки, тўйхонага айланади.
- Бу ҳовлига келин бўлиб тушганимга ҳам қирқ йилдан ошди, - дейди кенжа келин Муборакхон. - Ёшгина, ғўргина қиз эдим. Ҳатто, хамир қоришни, кўпган хамир қандай бўлишини ҳам билмасдим. Шу онажоним менинг ёмонимни яшириб, яхшимни ошириб, билмаганимни ўргатиб, ҳаётга тайёрладилар. Мана турмуш ўртоғим оламдан ўтганига ҳам ўн йил бўлди. Ўғил-қизларимни биргалашиб уйли-жойли қиляпмиз. Уларнинг ёнимда борлиги бу менинг давлатим. Илоҳим, бахтимизга доимо соғ бўлсин.
Ойтожихон момони, нафақат фарзандлари, балки бутун қишлоқ аҳли ҳам табаррук момо, дея эъзозлашади, зиёратига ошиқади, дуосини олишга, бир зум суҳбатлашишга интилади.
- Онажон, бахт сиз учун нима? - сўрайман чеҳрасидан нур ёғилиб турган момодан.
- Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, эмин-эркинлик билан шундай дориламон кунларга етиб келдик. Шунинг ўзи бахт-ку, қизим. Юртимиз тинчлиги, тўкинчилик билан яшаётганимиз, қишлоқларимиз кун сайин обод бўлаётганлиги ҳам бахт. Илоё, юртимиз бундан кейин ҳам тинч бўлсин, ҳамфикрлик йўқолмасин.
Биз ҳам момони улуғ айём билан муборакбод этиб, онахонга тетиклик тилаб, хайрлашдик.
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
|