№42, 17.10.2013 МУЛОҲАЗА
"СЕНДАҚАЛАРНИ КЎПИНИ КЎРГАНМАН ..."
Кўча-кўй, бозорларда деярли ҳар куни оғир юкларни кўтариб кетаётган инсонларни учратамиз. Тирикчилик деб куйиб-ёнаётган, қийналибгина базўр одимлаётган ҳамюртларимиз ҳожатини чиқармоқчи бўламиз-у нечундир айримларининг бу кўмакка монелик билдиришлари бизни бир оз ўйга толдиради. Ҳатто, баъзан ҳақорат қилиб, сал бўлмаса ўғрига ҳам чиқаришларига нима дейсиз? Гўёки инсонийлигимиз ҳам замонга мослашаётгандай? Ишонч, меҳр - оқибат орамиздан кўтарилаётгандай.
Бир куни дугонам билан шаҳримиз деҳқон бозорига йўлимиз тушди. Одатдагидек одамлар билан гавжум бозорда ҳеч ким "нима бўляпсан" демайди. Ҳамма ўзи билан ўзи оввора. Одамлар орасида эллик ёшлар атрофидаги бир онахон рўзғор халтасини қийналиб кўтариб кетарди. Дугонам билан унга ачиниб, йўлимиз бир томонга экан, унинг қўлидаги юкларини олдик.
Буни қарангки, Ҳилола билан суҳбатга берилиб, онахондан йироқлашганимизни ҳам сезмай қолибмиз. Ҳали бозор дарвозасидан чиқмаган ҳам эдик, у бақирганича бизни койиб кетса бўладими. Онахон гапимизни эшитишни ҳам хоҳламас, тушунтиришга эса имкон бермасди. Тинмай "сендақаларнинг кўпини кўрганман, бунчалар сурбетсанлар ёш туриб", - дея жаврарди. Атрофдагилар бизга ўзгача қараш қилар, бу ҳолатни кутмаганимиз учунми нима қилишимизни билмай, карахт эдик. Шу қисқагина вақт мобайнида онахоннинг айтмаган гапи, бизга қилмаган туҳматлари қолмади. Ҳилола табиатан кўнгилчангроқ қиз эди. Зум ўтмай йиғлаб юборди.
Тавба, яхшилик эвазига бунчалар ноўрин гаплар... Бу воқеа кўнгилни қайсидир маънода янада ҳаёт синоатларига шўмғитди. Бу борадаги ўзгаларнинг фикрини билишга қизиқа бошладим. Атрофимни янада синчковроқ кузатдим. Таъкидлаганимдек, хоҳлаймизми, йўқми бу каби воқеалар ҳар қадамимизда учраб турар экан. Бу ҳақида мушоҳада кетганда, курсдошим Қобил ҳам шунга ўхшаш бир воқеани айтиб берди.
-Ёз кунларининг бирида туманимиз деҳқон бозорига харид учун кирдим. Айни тушлик палласи. Кун қизигандан-қизиган. Шу алпозда оғир юк кўтаришнинг ўзи бўлмайди. Хали харид қиладиган нарсаларим бир олам. Бунинг устига онам ҳам бир қанча маҳсулотларнинг рўйхатини қўлимга тутқазган. Шу он ўзимга қулайлик яратиш мақсадида ўша атрофдаги дўконларнинг бирига қўлимдагиларни қўйиб туришни режалаштирдим. Яқинроқ дўкон олдига бориб, унинг эгалари билан ҳол-ахвол сўрашгач, мақсадимни айтдим. Аммо улар:
-Ким билади, сумкаларингизни ичида нима бор... Ҳозирги замонда инсонларга ишонч йўқ" - дея норозилик билдиришди. Бу жавоб менга жуда ҳам эрш туюлди.
-Нима ҳам бўларди ичида, озиқ-овқат маҳсулотларида, - дея дўкондан чиқдим.
Беихтиёр "наҳотки шу даражага етдикми ҳали", - деган ўй ҳаёлимни чулғаб олди. Буни хазм қиломай, уйга боргач, бобомга воқеа ҳақида гапириб бердим. Бобом эса
-Қўй, хафа бўлма болажоним, уларнинг бу йўлни танлашларига ҳам маълум сабаблар бордир. Балки илгари улар ҳам бировнинг ҳожатини чиқараман, деб панд егандир ёки бирор шу каби воқеа ҳақида эшитгани учун шубҳалангандир. Ахир инсоннинг кўнглидаги ниятини ўзгалар қайдан билсин? - дея елкамни қоқиб қўйди.
Биз қаламга олган мисоллар кундалик ҳаётимизнинг маълум бир қирраларигина холос. Агар эътиборлироқ бўлсак, бу каби воқеаларга ҳар қадамимизда кўплаб дуч келишимиз мумкин. Чунончи, кимдир жамоат жойида овозига эрк бериб бақираётган бўлса ажабланманг, уни тўхтатишга ҳам уринманг. Ахир ўзингиз ҳам "воқеа қаҳрамони"га айланиб қолишингиз ҳеч гап эмас.
Хулоса ўрнида таъкидлашни истар эдимки, ўзимиз ҳам худди шу ҳолга тушсак, гумонларимизни очиқ-ойдин билдирмай, аста-секинлик билан иш тутишга одатланайлик. Бир-биримизга бўлган ишончни йўқотмайлик. Чунки бизга яхшилик қилишни истаб, кўмак қўлини чўзган инсонларнинг дилини оғритиб қўйишимиз мумкин.
Хувайдо
ХЎЖАМҚУЛОВА,
ЎзМУ талабаси.
|