№42, 17.10.2013 ЖАННАТ РАЙҲОНЛАРИ
Тангри томонидан бандалари учун ато этган энг улуғ неъматлардан бири фарзанд ҳисобланади. Ҳар бир банда ана шу улуғ неъматга шукр қилиши, уни қадрига етиши, хақларини гўзал ҳолатларда адо этиши, рисоладагидек тарбия бериши муҳимдир. Энг муҳими, фарзандларни етук инсон қилиб вояга етказиш ҳар бир ота-она зиммасидаги бурчдир.
Муқаддас Қуръони каримда хазрати Луқмони ҳакимнинг ўз ўғлига қилган насиҳатлари ибрат тариқасида келтирилган: "Ўғлим намозингни тўла-тўкис адо эт. Яхшилик йўлидан юриб, ёмонлик йўлидан ўзингни қайтар ва сенга келган мусибатларга сабр қил. Одамлардан такаббурла юз ўгирма, ҳеч қачон кибр-ҳавога берилма. Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас".
Ҳадиси шарифда пайғамбаримиз (с.а.в) шундай марҳамат қилади: "Фарзандларингизни ҳурмат қилинглар, уларга одобни ўргатинглар" деб буюрганлар. Демак, ота-она зиммасидаги биринчи вазифа шулардан иборат.
Ота-онанинг яна бир вазифаларидан бири фарзандларнинг барчасини бир хил кўришдир. Бу ҳақида ҳадисларда ва пайғамбаримиз (с.а.в) ўгитларида жуда кўп далиллар келтирилган. Улуғ саҳобалардан бири Нўъмон ибни Башир (р.а) минбарда туриб шундай деганлари ривоят қилинади: "Отам менга бир ҳадя берди, шунда онам "Расулуллоҳни бундан хабардор қилмагунингизча, ўғлим ҳадянгизни қабул қилмайди, бунга розилик бермайман" дедилар. Сўнгра отам Расулуллоҳ ҳузурларига бориб, "Мен Умра бинти Равоҳадан туғилган ўғлимга бир ҳадя берган эдим. Умра буни сизга хабар қилишимни сўради" дедилар. Расулуллоҳ "бошқа фарзандларингга ҳам шундай ҳадя бердинг-ми?" дедилар. Отам: "йўқ" деб жавоб берди. Шунда ҳазрат "Аллоҳдан қўрқинглар ва ҳамма фарзандларингизга бир хил муомалада бўлинглар" деб насиҳат қилди.
Бу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, ота-она фарзандларининг барчасига бир хил меҳр-мурувват кўрсатиши керак. Бизнинг ўзбек халқи азалдан бу насиҳатларга амал қилиб келган. Ҳатто, ўз фарзандидан ошиниб, ота-онасиз қолган болаларга ҳам ҳиммат кўрсатган.
Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши йилларида, ўзи зориқиб турган бўлса-да, ўзга миллат фарзандларини асраб-авайлаган. Ўзбек халқининг кўрсатган бундай саҳовати инсонийликнинг юксак намунасидир. Бундай меҳрпешалик ўзбек халқига хос хусусият, пайғамбаримиздан қолган меросдир. Ул зот болаларга жуда меҳр қўйган ва уларнинг кўнглини олиш у кишининг гўзал фазилатларидан бири бўлган.
Ривоят қилишларича, пайғамбаримиз бир етим боланинг кўнглини олиш учун ерга чўккалаб, туя бўлиб уни айлантирган. Яна ҳадисларда мусулмонларнинг энг яхшиси деб хонадонида етим бола бўлиб, унга яхши муомалада бўлганларидир. Мусулмонларнинг энг ёмони эса, хонадонида етим бўлиб унга ёмон муомалада бўлганларидир, дея келтирилган.
Бугунги кунда айни шу қадриятлар давомийлиги ҳамда Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда фарзандларимизни ҳар соҳада етук ва баркамол қилиб тарбиялаш, уларни турли ёмон иллатлардан ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, барча қулайликларга эга меҳрибонлик уйларининг фаолият кўрсатаётганлиги, турли нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан фарзандларимизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар фикримизнинг яққол далилидир.
Бизлар барча имкониятлардан унумли фойдаланиб, фарзандларимизни юртимизга, миллатимизга ва аждодларимиз анъаналарига садоқатли қилиб тарбиялашимиз, уларни ҳар хил оқимлардан, ғарб маданияти таъсирига тушиб қолишдан ва бошқа турли салбий ҳолатларидан сақлашимиз керак. Қуръони каримда: "Эй иймон келтирганлар ўзингизни, яқинларингизни турли балолардан эҳтиёт қилинг", дейилган. Ўзимизни, яқин кишиларимизни ҳимоя қилишлик, уларни асраб-авайлашлик, меҳр-мурувват кўрсатиш ўз қўлимизда. Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладилар: "Ота фарзандига чиройли одобдан кўра афзалроқ нарса бера олмайди". Дарҳақиқат, одоб инсонни камолотга етаклайди, қолаверса, инсонга дунё ва охиратда нажот келтирувчи бу - унинг чиройли хулқи-одобидир.
Аллоҳ фарзандларимизни залолат ва барча разил ахлоқлардан йироқ қилсин. Уларни жаннат райҳонлари каби униб-ўсишларини насиб этсин. Юртимиз осмонини ҳамиша фарзандлар кулгуси билан ёруғ ва мунаввар қилсин!
Абдураҳмон ОРТИҚОВ,
Андижон шаҳридаги "Чинор" жомеъ масжиди имоми.
|