Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№42, 17.10.2013

ҲИКОЯ

МАКТУБ

"Салом, кўкламда атиргул япроғига тўкилган шабнамдек бокира, беғубор инсоним Фарангиз!

Бу яна мен - сизни безовта қилишни сира истамайдиган, аммо хатлари билан безовта айлаб турувчи ўша йигит..."

- Яна мактуб, - деди Фарангиз кўзмунчоқдек кўзларига маюсликни ошно айлаб. Навбатдаги хатнинг ҳам давомини ўқимай, доимгидай дугонаси Севинчнинг қўлларига тутқазди.

- Сени сираям тушунмайман, Фарангиз, қара, хатларнинг ҳар бир сўзидан муҳаббат иси келади-ку, ахир! Сен бўлсанг бирор жавоб ёзай ҳам демайсан. Ўша оқ от минган шаҳзоданг ўқийдиган китобларда бўлади холос, кутганинг бефойда!

- Сенга ким айтди оқ от минган шаҳзодани кутаётганимни, - дея қошларини чимириб қаради Фарангиз.

- Нега унда бечора йигитнинг хатлари хали ҳануз бежавоб.

Фарангиз бир хўрсиниб қўйди-да, ўйчан нигоҳлари билан дугонасига қараб:

- Ҳеч қачон жавоб ёзмайман! Мен йигитлар ёзган хатларга жавоб ёзиб юрсам, ўқишимни сен ўқийсанми? Ахир йигитлар билан гаплашиб юрадиган қизлардан бўлсам яхшими? Шундай дугонанг бўлишини истайсанми?

- Йўқ, албатта. Фақат мен Шамшод ака ёмон йигит эмас, у сени чин дилидан яхши кўради, демоқчиман, холос. Ҳеч бўлмаса, дилингдагини айт. Очиғи, у сенга жуда мос...

Фарангиз яна хаёллар уммонига ғарқ бўлди. Дилидаги гапларини дугонасига тугул тилидан ҳам қизғонадиган бу қиз йигитни ёқтириб қолганди.

Фарангиз ниҳоятда чиройли: сочлари узун, нозик, узун бўйли, кўзлари эса бироз маъюсроқ қиз. Харидори зулфидан-да бисёр бўлишига қарамай ҳеч бирига бирор сўз айтмайди, оғир-босиқ, ақлли қиз. Унинг сумкаси ҳар кез бадиий китобларга тўла бўлади. Китобларга ошнолиги сабаб дугоналари орасида ажралиб туради: ташлар нигоҳлари ўринли, айтар сўзи маъноли. У кўнглидаги гапларини одамларга эмас ҳаммадан яширин тутган кундалик дафтарига ёзади...

Фарангиз ўқишдан чиқиб, Севинч билан бирга уйга кетди. Улар эртанги дарсга ҳамда тўгаракка астойдил тайёрландилар. Фарангиз дугонасини уйига жўнатиб, кечки овқат тайёрлади.

Кеч тушди. Дарсхонада китоб ўқиб ўтирган Фарангиз Севинчга ўзи севиб ўрганаётган турк тилида СМС ёзди.

* * *

Райҳоннинг бўйлари таралган хонадонда фарахбахш тонг отди. Фарангиз кўчаларни чиннидек қилиб супуриб, эрталабги нонушта тайёрлади...

Ўқишга борди. Ўқув хонасида қолдирган Рашод Нури Гунтекиннинг "Чолиқуши" асарини ўқиб ўтирган эди, дарс бошланиб қолди. Дарс тугагач, икки дугона доимгидай уйга йўл олдилар. Кун ўтган сайин Фарангизнинг бутун борлиғини ҳаяжон отлиғ бир ҳис қуршар эди. Чунки 1 август яқинлашаётганди. У ўзича тест синовларига тайёр эмасдай туюлаверар, ҳар сонияни фақат илм олишга сарфлагиси келаверарди. Аммо унинг бу ўйларини тарқоқ айлаб уйдан совчиларнинг қадами узилмай қолди. Ҳаммаларининг гаплари бир хил: "Қизингизни фақат бизга берасиз, ўғлимиз "ўша қиздан бошқаси керакмас", деб туриб олган". Ота-оналари Фарангизнинг фикрини сўраганларида Фарангиз, ҳали турмушга тайёр эмаслигини, ҳозир фақат ўқимоқчилигини, эрта турмушга чиқиб, кейинчалик жамиятдан айро, уй аёли бўлиб қолишни истамаслигини, ўқиб ҳаётда ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрнини топиб, сўнг турмуш қуриш тўғрисида ўйлашини айтиб, рад жавоб билдирди. Лекин шунда ҳам совчиларнинг қадами узилмасди.

* * *

Фарангиз ўқишдан келгач, бироз дарс қилиб, кечки овқатга уринмоқчи бўлиб турганида опаси Макнуна келиб қолди. Опаси, ойиси Нафиса опа билан суҳбатлашиб ўтиргунга қадар у овқат тайёрлади. Таом пишгач, у ҳам суҳбатга қўшилди. Улар дадалари Исмоил ака ва укаси Беҳруз келгандан сўнг овқатландилар. Сўнгра опа-сингиллар сирлашиб ўтирдилар.

- Бону, ўқишни танлаб тўғри қилибсан, мана мен ўқимай туриб, эрта турмушга чиқиб кетганимдан афсусланаман, - деди опаси, - яхшиямки, поччанг яхши инсон, бўлмаса нима қилардим, билмадим. Лекин бир тарафдан... фақат... фотиҳанг қилинса, ўқиб юраверсанг бўлади-ку, Бону.

- Йўқ, опа, оёғим боғлиқ юришни истамайман, доимий назорат остида.

- Синфдошим Бобур жуда яхши йигит, мактабда ўқиб юрган кезларимда ҳам уни барча ўқитувчиларимиз ҳурмат қилишарди. Ўзи ҳам яхши муносабатга лойиқ, ақлли йигит-да. Агар Бобурнинг совчиларига розилик берсанг, сираям адашмайсан, сингилжон.

- Келинг опа, бошқа мавзуга ўтайлик. Мен сизга айтсам, яқинда коллежимизда "Инглиз тилини севамиз" танловида 1-ўринни эгалладим ва инглиз тили бўйича фан олимпиадасининг вилоят босқичида ҳам ғолиб бўлдим. Яқинда республика босқичида қатнашаман. Агарда олимпиадада 1-ўринни олсам истаган олийгоҳимга имтиҳонсиз кириш ҳуқуқига эга бўламан. Устозларим менга катта ишонч билдиришяпти. Айтинг-чи, қандай қилиб бундай имкониятлардан воз кечиб кета оламан? Турмуш ҳақида ўйлашга ҳали вақт бор...

* * *

Фарангиз опасини кузатиб, йўлнинг нариги бетидаги дўконга ўтмоқчи бўлиб турганида бехосдан бир йўловчи машина уни уриб кетди. Воқеани кўрганлар қиз томонга югура бошладилар. Машина ҳайдовчиси қизни касалхонага олиб борди. Жароҳатнинг кўп қисми қизнинг бошида эди. Машинага урилган заҳоти ҳушини йўқотган Фарангиз ҳамон беҳуш эди. Тез орада ота-онаси ҳам етиб келди. Исмоил ака ҳайдовчининг ёқасидан олиб, уриша кетди. Нафиса опа эса тинмай йиғларди...

Шифокорлар Фарангизнинг ҳушига келганини айтганларидан сўнг, ота-она фарзанди томон отилдилар. Бошининг ҳамма ёғи оққа ўралган қизни кўрган Нафиса опа қўрқиб кетди ва йиғлашдан ўзини тўхтата олмади.

- Яхшимисан, она қизим, - деди Исмоил ака. Жавоб бериш у ёқда турсин бошини қимирлатиб қўйишга ҳам ҳоли йўқ Фарангиз индамай ётаверди. Фарангизнинг эгнидаги оппоқ кўйлаги, ёйилган узун сочлари, ҳаттоки, унинг юзидаги тушкунлик акси ҳам ҳуснига соя сололмаган эди.

Фарангизга кетадиган барча дори-дармонларни ҳайдовчи ўз зиммасига олди. Ҳар куни келиб хабар олиб турди. Бундан таш-қари, дугоналари, яқинлари ҳам уни йўқлаб турдилар Фарангизни ёқтирган бир йигитнинг куни ҳам касалхонада ўтадиган бўлиб қолди.

Фарангиз икки ҳафта деганда анча ўзига келди. У хонасида ҳар куни янгиланиб турадиган "Архидея" гуллари "муаллифи" ким эканлиги ҳақида ўйларди. Ҳамширалардан сўраса ҳам, келган яқинларидан сўраса ҳам "билмадик" деб жавоб беришар эди. У Севинчдан сўраган эди, дугонаси:

- Сенга совчи жўнатаётганлардан бирортасидир-да, кўп ухлаяпсан, ухлаганингда қўйиб кетаётгандир-да.

Фарангиз касалхонадан чиқди. Ўқишини давом эттира бошлади. Ўқув йили ҳам якунланиб бормоқда. Фарангиз барча дугоналарини туғилган куни муносабати билан базмга таклиф этди.

Севинч дугонасининг туғилган кунига кетмоқчи бўлиб кўчага чиққанида, қўшни йигит Шамшодга дуч келди.

- Қалайсан, Севинч, яхшимисан? Йўл бўлсин, - дея гўёки ўзини билмаганликка олди.

- Туғилган кунга, Фарангизларникига.

- Ҳа, яхши, ўқишларинг яхшими ўзи, тайёргарликлар бўляптими?

- Яхши, раҳмат! Тайёрлан-япман. Ўзингиз-чи? Бу йил ҳам уриниб кўрарсиз-а?

- Ҳа, бу йил ҳам ҳаракат қилиб кўрай-чи, ажабмас, кириб кетсам.

- Ҳаракат қилинг-да, Шамшод ака, дугонам доим "Ақлли, ўқиган қизларни қадрлайдиган йигитга турмушга чиқаман", дейди - деб кулиб қўйди, - ўқиган одам ўқиганни тушунади-да тўғрими?

- ... Севинч, бироз тўхтаб тур, хўпми? Мен ҳозир уйга кириб чиқаман - деб югуриб уйга кириб кетди.

Севинч "Шамшод ака Фарангизнинг туғилган кунини биларди, балки совға олиб қўйгандир ёки бошқа нарса учун кириб кетдимикан? - деб ўйланиб турганда Шамшод чиқди. Айтганидек чиройли безатилган иккита совғани Севинчнинг қўлларига тутқазиб:

- Шуни бериб қўй синглим, мен берганимни айтмагин, бўлмаса олмаслиги мумкин, - деди.

Шамшод икки йилдан буён олийгоҳга киришга уринади-ю, билимлари "камлик" қиладими ёки омад етишмайдими, ҳаракатлари бесамар кетмоқда. Севинчнинг гаплари Шамшоднинг хаёлидан сира кетмади. Шамшод исми жисмига мос - сарвқомат, қош-кўзи тим қора, истаганига шу кунгача эришиб келган, бошлаган ишини охирламай қўймайдиган, мақсадлари йўлида ҳар нимга шай йигит. Аммо бу сафарги истагининг ушалиши қийин бўлмоқда. Фарангизга жўнатган совчилари тайинли жавобсиз қайтишмоқда.

Фарангизнинг туғилган кунига келган дугоналари кеч туша бошлагач, бир-бир уйларига кетишди. Севинч эса дугонаси билан қолди. Икки дугона Фарангизнинг дарсхонасига киришди. Севинч:

- Бону, кел, совғаларни очамиз, - дея секин Шамшод берган совғага қўл чўзди.

- Майли, - деди Фарангиз жилмайиб.

- Мана бу совғани Шамшод ака берди, Бону, мени кечир, олмай десам маъюс чеҳрасини кўриб, бирам раҳмим келди, бирам раҳмим келди. Ишон, бундай муҳаббатни киноларда ҳам кўрмаганман. Мен севгисига юз фоиз эмас, икки юз фоиз ишонаман. Кел, очгин, ўртоқ!

- Йўқ, очмаймиз, Севинч ... сен энг яқин дугонамсан-ку, ахир мен бирорта йигитдан совға олганманми?!

- ... майли, сен очмасанг мен очаман, сени раҳмдил деб юрибман-а, - дея аразлагандай Фарангиздан юзини буриб олди ва совғани оча бошлади.

- Китоб экан, "Дафтар хошиясидаги битиклар" ва "Ўтган кунлар", Бону. Бу китоблар сенга ёқармиди? "Ўтган кунлар"ни ёқтиришингни билади шекилли-а, - деб қандайдир севинч билан иккинчи совғани очаркан, дугонасига ҳаваси келиб кетди. Сабаби, совғалар бетакрор, юксак дид ва чинакам соф муҳаббат билан безатилган эди.

- Воой, архидея!!! Сен ёқтирган гуллар-ку, Фарангиз! - баланд ва шодон овозда деди Севинч. Энди ташқарига чиқмоқчи бўлиб турган Фарангиз "архидея" сўзини эшитиш биланоқ эшик олдида қотиб қолди. У гўёки шифохонада жумбоқ бўлган, жавобини тополмаган саволига жавоб топгандай эди...

Архидея чиройли шиша идиш ичига дид билан солинган ва безатилган эди. Ёнида мактуб ҳам бор.

"Мактублар ёзаман сизга

беадоғ,

Фақат боролмайман

ҳузурингизга.

Наҳот шавқатингиз

бўлмаса мутлоқ,

Кўзларим қадалмиш

изларингизга".

Мен ҳаётда ҳусну латофатда унга ўхшаш бирор хилқат кўрмадим. Лайли, Ширин, Кумушлардан гўзал, иболи, иффатли қизга ўн тўққиз баҳори қутлуғ бўлсин. Бундан ўн тўққиз йил аввал бутун борлиқ бу фаришта мисол қиз дунёга келганида қувончи кўксига сиғмаган бўлса, не ажаб! Туғилган кунингиз билан, Фарангиз!"

Севинч хатни ўқиб тугатаркан, Фарангиз узун киприкларидан юзларига томаётган кўз ёшларини артиб олди ва индамай таш-қарига чиқиб кетди. Севинч янги китобларни дугонасининг китоб шкафига жойлаб қўймоқчи бўлиб бир шеърий китобга кўзи тушди. Уни ўқимоқчи бўлиб қўлига оларкан, ерга китоб ичидан бир неч-та қоғозлар тушиб кетди. Қоғозларни олиб, нима эканлигига қизиқиб очиб кўрди. Мактуб! Севинч ноёб нарса топиб олгандай севиниб кетди. Хатларнинг ҳар бирининг бошига "Эгасига етиб бормас мактублар" деб ёзилган экан.

"Бу мактубларни сизга ҳеч қачон етиб бормаслигимни биламан, лекин пинхона ишқнинг юки оғир бўларкан. Юрагимга оғирлик қиляпти. Ҳеч бўлмаса бу қоғозларга ёрилиб, сўнг сирдош шу қоғозларни йиртиб ташламоқчиман..." - хатнинг ушбу жойига келганда Севинч дугонасининг оёқ товушларини эшитди-ю, шошиб хатларни китоб орасига солиб яна жойига қўйиб қўйди.

Ойлар ўтди. Фарангиз ҳам, Севинч ҳам, Шамшод ҳам талабалик бахтига сазовор бўлдилар.

Шамшоднинг кўнглидаги поёнсиз, покиза муҳаббати туфайли юборган совчилари Фарангизларникидан қуруқ қайтмадилар...

Тўй бўлди!

Ойбарчин

ХУДОЙБЕРДИЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди