№43, 24.10.2013 "БИР БОЛАГА ЕТТИ ҚЎШНИ ОТА-ОНА"
"Оила" илмий-амалий маркази Андижон вилоят филиали ҳамда Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида "Бир болага етти қўшни ота-она" мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
"Обод турмуш йили" давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Андижон шаҳрининг Деҳқонобод, Иттифоқ, Муҳаммад Алибой, Чўлпон 100 йиллиги номли маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилган давра суҳбатларида фарзанд тарбиясида нафақат ота-она, балки қўни-қўшни, маҳалла ҳам масъул эканлиги, оила-маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлигини кучайтириш, ёшларни миллий қадриятларимизга, истиқлол ғояларига ҳурмат руҳида тарбиялаш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.
Тадбирда мутахассислар томонидан ёшларнинг кийиниш маданияти, уларни турли диний оқимлар, гиёҳвандлик таъсирига тушиб қолишларининг, ёшлар ўртасида жиноятчилик ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш мавзуларида маърузалар ўқилди. Шунингдек, гиёҳвандлик, жиноятчиликнинг жирканч оқибатлари ҳақидаги видеофильмлар намойиш этилди.
Давра суҳбатларида ёшлар тарбияси борасида маҳалла, таълим муассасаси, ички ишлар бўлимлари, умуман, кенг жамоатчилик ҳамкорлигини, олиб борилаётган тарғибот ишларини янада кучайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Ф. ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|