Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№43, 24.10.2013

БУГУННИНГ ГАПИ

САНАЛМАЙ ҚОЛГАН САВАТЛАР

Ҳайит байрами арафасида анчадан буён кўришмаган бир танишим билан шаҳарга тушаётганимда ҳамроҳ бўлиб қолдим.

- Тўрт ой аввал узатган қизимга ҳайитлик жўнатишим керак, - деб қолди аёл.

Хўш, шаҳардан қандай совға олмоқчисиз? - сўрадим қизиқиб.

- "Ўттизта сават жўнатаман. Бунинг устига дадасини тўрт ярим миллион сўмлик мебеллар тўпламини олишга кўндирдим. Хуллас, қўни-қўшнилар олдида орзу ҳавасларим қандайлигини бир кўрсатиб қўймоқчиман".

Ҳа, орзу-ҳаваслар уммонида сархуш сузаётган бу аёлга айни дамда гап уқдириб бўлмасди. Тавба, дейишдан бошқа изоҳли сўз тополмадим.

Барча оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик, маҳалла фаоллари, мутасадди идоралару ҳокимликлар тўйлар ва бошқа маросимларни камхарж қилиб ўтказишга уриниб ётган бир паллада орамизда мана шу аёл каби "ўзини кўрсатишга" уринувчиларнинг борлиги ачинарли. У эртага қизига кўнглидагидек ҳайитлик совғасини жўнатади, индинга эса унинг ортидан эргашувчилар, унга ҳавас қиладиганлар ҳам топилади. Натижада жамиятда бу иллат урчиб боради.

Ўтган йили тадбиркор, ўзига яраша давлатманд аёл ўғлини уйлантирди. Қиз ҳам бой хонадондан эди. Маҳалладаги ғийбатчи хотинларга мавзу топилди. Улар "Қани, кўрайлик-чи, келинга қандай ҳайитлик келар экан?"- дея кун санашди. Қурбон ҳайитдан сал аввал қизнинг туғилган куни бўлди. Бадавлат қудаларга бас келиш, қизининг тили узун бўлиб юришини ўйлаб ўнлаб сават, беш-олти сидра сарпо, мебеллар билан ташриф буюрган қизнинг ота-онаси, ака ва келинойиларини қуда хушмуомалалик билан кутиб олди. Улар бу табассумнинг боисини совғаларда деб тушунишди, албатта. Бироқ ўз ўрнида айтилган гап барчани саросимага солиб қўйди.

- Қизингизни менга келин қилиб бердингиз, тўғрими? -деди остонадаёқ куёвнинг онаси қуда аёлга.

- Ҳа, шундай,- деди ҳаяжон билан у.

- Мен уни келин эмас, қизим дедим.

- Раҳмат, минг раҳмат, қуда.

- Демак, бугун менинг қизимнинг ҳам туғилган куни. Шу кунгача фарзандларимни ўзим боқиб олганман, уларни яхши кунларида совғалар билан сийлашга ҳам қурбим етган. Қизимиз шу хонадонда палак ёзсин десангиз, олиб келган нарсаларингизни машинангизда қолдиринг, ичкарига кириб меҳмонимиз бўлинг. Акс ҳолда, совға саватларингизга қўшиб қизингизни ҳам олиб кетишингиз мумкин!

Меҳмонлар бир-бирига қарашди.

- Вой, қуда, айланай сиздан, ахир буларни акалари чин кўнгилдан олишган-а, қўлимизни қайтарманг, - деди келинойиси бу ҳолни қуданинг шунчаки нози деб ўйлаб.

- Гапим гап. Мен бу маҳаллада ёлғиз яшамайман. Қолаверса, менга яқин, юпқа қўл билан яшаётган қўшниларим бор. Бири ҳавас қилади, бирининг кўнгли ўксиши тайин. Қурби етмайдиганларнинг юрагига ниш санчиш иймондан эмас. Мени тўғри тушунинглар. Тўғри, сизлар қизингиз учун ҳамма нарсага тайёрсизлар, бироқ, мен элдан чиқишни истамайман.

Бу гапларга эътироз билдиролмаган қудалар ноилож меҳмон бўлишиб, совға ва саватларни қайтариб олиб кетишди.

Кейинги байрам ва Ҳайитларда ҳам бу ҳол такрорланмади. Қайнона келинига байрамларда савату сарполар келтирилишига чек қўйди.

Дарҳақиқат, бундай аёллар ҳаётда кам, лекин оз бўлса-да бор. Бу кўнгилга таскин беради. Аммо орамизда ҳаммага кўз-кўз, етти маҳаллага овоза қилиб қўша-қўша савату сарполар, мебелларни ҳайитлик совғаси сифатида жўнатишни урф қилиб олган молпараст аёллар ҳам йўқ эмас. Бундай аёллар имон, инсофни унутган, жамиятга иллат олиб кирувчилардир. Яратган ундайларга инсоф берсин.

Маҳалла фаоллари, зиёлилар, умуман, кенг жамоатчилик бу каби иллатларнинг урчишининг олдини олиш учун астойдил ҳаракат қилишимиз лозим.

Шаҳло ТОШБЕКОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди