№43, 24.10.2013 ҲАЁТИЙ ВОҚЕА
ОЗОРЛИ ОДАТ ОҚИБАТИ
"Ҳар бир гапга фаришталар омин дейди," деган гапда жон бор экан. Шарофатхон ая икки ўғилни вояга етказди, эл хизматига қўшди.
Каттасини уйли-жойли қилди, битта набиранинг бувисига айланди. Аянинг бу кунларга етишиши осон бўлмади. Турмуш ўртоғи эрта оламдан ўтди, икки нафар болани тарбиялаб, катта қилиш унинг зиммасида бўлди. Ўгай ота қўлига тушмасин, дея бошқа рўзғор қилмади. Бировдан кам, бировдан зиёд қилиб бўлса ҳам фарзандларини ҳалол луқма билан боқди. Аммо ҳар бир одамнинг бир камчилиги, одати бўлгани каби, Шарофатхон аянинг ҳам бир қусури бор эди. У жаҳли чиққанда болаларини "жувонмарг бўлгур, биринг ўлиб, биринг қолгур" дея сўкарди.
Бу одати фарзандлари улғайганда ҳам қолмади. Бир куни катта ўғли Икромжон онасининг ёнига келиб "Онажон, нега бизни бундай сўкасиз? Ахир бу ёмон сўз-ку. Ундан кўра Насима холага ўхшаб "ўзингдан кўпайгур, умринг узоқ бўлгур" демайсизми? Олтин нафас деган гап бор. Ўша вақтга тўғри келса нимаики десангиз ижобат бўлади. Сиз мени кечиринг, бундай сўзлаганим учун" деди.
Оғир-босиқ, залворли сўзлайдиган ўғлининг гапларини тинглаган она унга "оҳ болажоним-а, жаҳлим чиққанда ўзимни тийиб туролмайман, нима қилай" деб хўрсиниб қўйди. Аммо "букрини гўр тўғрилайди" деганларидек, аяда ўзгариш бўлмади.
Аянинг кичик ўғли бўлмиш Иқболжонга барибир. "У аямга одат бўлиб қолган, ўзгармайди ҳеч ҳам", дейди нуқул. Сўкиб- сўзлагани билан бир нима бўлармиди, деб акасини тинчлантиради.
Ош дамлаётган Шарофатхон ая келган ноҳуш хабардан оёқ-қўли увушиб, танасидан мадор кетди. Қўлидаги капгир тушиб, чўкка тушганча ўтириб қолди. Эрталабда холасиникига ҳашарга жўнаб кетган ўғиллари қайтишаётиб, автоҳалокатга учрашибди.
Таъзияга кирганлар орасида кимнингдир "Икромжон бамаъни бола эди. Жувонмарг кетди бола бечора. Эсиз-эсиз, бири ўлиб, бири қолибди-я" деган гапи Шарофатхон аянинг бошига гурзи билан ургандек бўлди.
Назира УСМОНОВА.
|