№43, 24.10.2013 КЕЛИН ҲАМ ФАРЗАНД
Кейинги пайтларда тўйлардаги турли машмашалар, хусусан, қиз узатаётган томон зиммасига юкланаётган ортиқча қийинчиликлар на шариатимизга ва на миллий урф-одатларимизга мос бўлмаган ҳолатлардир.
Тўғри, тўйларни ихчам, камчиқим ўтказиш ҳақида кўп гапирилмоқда. Шукрки, бу борада олиб борилаётган кенг кўламли тарғибот ишлари натижасида аксарият ҳолларда бундай кўринишларга барҳам берилмоқда. Айрим босар-тусарини билмаётган, обрў эътибор топаман деб ким ўзарга дабдабали тўйлар қилаётганлар сафи озайиб бораётган бўлса-да, бу борада хали қилишимиз лозим бўлган ишлар жуда кўп.
Шу ўринда мен кейинги пайтларда жамиятимизда юзага келаётган бир жиҳат хусусида фикр-мулоҳазаларимни айтиб ўтишни жоиз деб биламан. Сир эмаски, айрим хонадонларда арзимас баҳоналар билан ёш келинлар жабр чекмоқдалар, ҳатто, бир-икки ойлик келинларни ҳайдаб юбориш ҳолатлари ҳам юз бермоқда. Натижада оила деб аталмиш муқаддас гўша барбод бўлмоқда. Бу каби ҳолатлар таҳлил этилганда келинга қўйилаётган "айб"лар шунчалар ўринсизки, бундан соғлом фикрли ҳар қандай инсон таажжубда қолади. "Мени орзу-ҳавасим катта эди, келиним сарпони кам қилибди", "мебели хорижники эмас экан", дегувчи қайноналар, наҳотки оилани нечоғли муқаддас эканлигини англаб етмасалар? Оила бошлиқлари эса келинларига зуғум ўтказаётган турмуш ўртоғини тартибга чақиришга ожизлик қилаётганликлари ҳар биримизни ташвишга солиши керак.
Туманимиздаги маҳаллалардан бирида Худодан қўрқмай, на бандадан уялмай келинининг бўйи пастлиги учун ёки "кўп овқат ейди", деган айб билан ҳайдаб юбориш ҳолатларини қандай тушуниш мумкин? Нега аввал бўлажак келинини бўйи паст эканлигини кўрмади, бу ҳақда нима учун тўйдан олдин ўйламади? Бу ахир, инсон учун уят, иснод эмасми?
Энг ачинарлиси, хотинни қўйиб юборган эркакка оиладагилар бош бўлиб тез фурсат ичида яна турмуш қурмаган қизни олиб беришмоқда. Ҳатто, учинчи бор уйлаб қўяётган ота-оналар ҳам бор. Шундай ҳолатларни кўрган ёшларда оилани муқаддас билиш, оилага ҳурмат қай тарзда шакллансин? Қизи бор хонадонлар қизимнинг ёши ўтиб кетяпти, дея ана шундай ҳолатларни кўра била туриб иккинчи, учинчи бор уйланаётган йигитга қизларини турмушга узатаётганликлари ҳам мутлақо нотўғридир. Улар шу тариқа қизларининг бахтига зомин бўлаётганликларини билармиканлар?
Баъзида шундай воқеанинг гувоҳи бўляпмизки, совчиликка келган аёл маҳалладаги бир қизни кўриб чиқиб, ўша маҳалладаги яна бир хонадонга қиз кўргани киряпти. Ҳатто, маҳалладаги бир неча хонадонга бош суқиб чиқиши инсонийликка, одоб-ахлоқ меъёрларига тўғри келармикан? "Ҳой, инсофсиз! Келин танлаш бозордан мол танлаш дегани эмас-ку! Бундай иш тутишга наҳотки уялмасак, халқимизга хос уят, андиша қаерда қолди? Халқимизда "Ким нимани хор қилса, ўшанга зор бўлади", деган гап бор! Бу ҳикматни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.
Куёв томон шариатда келиннинг бурчлари билан бирга, ҳақлари ҳам борлигини яхши билиб олиши керак! Тақдир тақозоси билан сизнинг остонангизга бош эгиб келган келин ҳам кимнингдир азиз фарзанди. Ўзи емаса ҳам едириб, ичмаса ҳам ичириб, "уҳ" деса атрофида парвона бўлиб катта қилиб қўйган, қўлидан энди иш келиб қолганда не-не яхши умидлар, орзу-ҳаваслар билан сизга фарзанд қилиб берган. У сизга Аллоҳнинг омонати эканини унутманг!
Албатта, қарс икки қўлдан чиқади. Банда камчиликдан ҳоли бўлмайди. Аммо ҳар қанча бўлганда ҳам танамизга ўйлаб кўрайлик. Ёш, навниҳол келинни билмаганини ўргатиб, тарбиялашимиз лозим. Ахир Сизнинг ҳам қизингиз бор, айниқса, аёлларимиз, қайноналар буни яхши билиб олсинлар ёки ўзларининг келинлик даврини бир эсласинлар.
"Эркаклар хотинлар устидан қоимдурлар" (Нисо сураси, 34-оят) калималарини муфассирларимиз "раҳбарлари, одоб бергувчилари, тўғри йўлга солгувчилари" деб тафсир қилганлар. Демак, эркак оилада раҳбар сифатида мазкур оятга қиёмат кунида Аллоҳ азза ва жаллага рўпара келиш масъулиятини ҳис қилган ҳолда амал қилмоғи лозим.
Абу Хурайра (р.а.)дан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қиладилар: "Хотинлар билан яхши муомалада бўлинглар. Чунки хотин киши қобирғадан яралган. Қобирғада энг қийшиқ жой юқорисидур. Бас, агар тўғрилашга урунсанг уни синдириб қўясан. Ва агар ташлаб қўйсанг эгрилигидан қолмайди. Шунинг учун аёлларни эҳтиёт қилиб, ушбу васиятимни ҳам қабул қилинглар" (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Тўғри, келин бўлмиш овқат қилиш, нон ёпиш каби уй ишларини кўнгилдагидек билмаслиги мумкин. Бундай ҳолатда қайнона уни ҳайдаб юборишга ошиқмасдан, билмаганларини ўргатсин, тарбияласин. Бу тутумга момоларимиз қадим-қадимдан амал қилиб келишган, шу тариқа ёш оилаларни мустаҳкам бўлишига замин яратганлар.
Яна Абу Ҳурайра (р.а.) Пайғамбаримиз (с.в.а)дан ривоят қилади.: "Мўъмин киши мўъмина хотинни ёмон кўрмасин. Агар унинг бир одатини ёмон кўрса ҳам бошқа бир (одат)идан рози бўлсин". Қолаверса, Қуръони каримда "Улар билан яхши муошарат қилинг. Бас, агар бир нарсани ёқтирмасаларингиз ҳам, шоядки Аллоҳ ундан кўпгина яхшиликларни қилиб қўяр" ("Нисо" сураси, 19-оят).
Азизлар! Юқоридаги ояту калималарга қулоқ тутайлик. Келинларимизга ғамхўрлик қилиб, фарзандларимизни бахтини тилаб, дуолар қилайлик. Зеро, ўғлимиз, келинимиз - наслимиз давомчиларидир. Улардан соғлом фарзандлар дунёга келсин. Биз кексайганимизда хизматимизни бекаму кўст адо этадиган фарзандлар бўлсин. Аллоҳ таоло ана шундай фарзандлар тар-биялашимизни, хонадонларимизга оқила ва меҳрибон келинлар келишини насиб этсин.
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,
Асака тумани.
|