Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№43, 24.10.2013

ҲИКОЯ

ОНАМНИНГ ТУҒИЛГАН КУНИ

Стефан ЛИКОК,

Канада ёзувчиси.

Стефан Батлер Ликок (1869-1944) юмористик ҳикоялар устаси сифатида маълум ва машҳурдир. У аслида Англияда таваллуд топган бўлса-да, етти ёшга тўлганида ота-онаси билан Канадага мигрант сифатида кўчиб боради.

Торонто университетини тамомлаган ёзувчи сиёсий иқтисод ҳамда тарих фанлари бўйича бир қанча китоблар ёзади. Лекин Стефан Ликокни юмористик ҳикоялари дунёга машҳур қилди.

Менимча, йилда бир маротаба бўлса ҳам "Оналар байрами"ни нишонлаш - бебаҳо фикр.

Шундай экан, биз ҳам онамизнинг туғилган куни учун маҳсус тантана уюштиришга қарор қилдик. Бу қароримиз ўзимизга ҳам жуда маъқул тушди. Ахир онаизоримизнинг биз учун нечоғлик жон куйдиришларини дил-дилимиздан ҳис этамиз. Ўз навбатида биз - фарзандлар меҳрибонимиз учун ҳотамтойлигимизни кўрсатиб қўйиш учун маҳкам бел боғладик.

Дастлаб уйимизни гуллар билан безатишга киришдик. Бунинг учун онамиздан бир оз кўмак сўрадик, негаки, онам ҳар байрам кунларида бу ишни қойилмақом тарзда уддаларди. Сингилларимиз шундай муҳим кун шарафига ўзлари учун янги шляпалар харид қилишди. Онамиз учун ҳам янги шляпа олмоқчи бўлгандик, бироқ онамиз ўзининг эски шляпасини маъқул кўргач, биз ҳам янгисига ҳожат йўқ, деб ҳисобладик.

Шундай қилиб, нонуштадан сўнг онамизни шаҳар ташқарисига, табиат қўйнига айлантириб келмоқчи бўлдик. Чунки онамиз бутун кунни уй ичида, бир дунё ишга кўмилганча ўтказар, шу важдан ҳеч сайру саёҳатга чиқишга вақт тополмасди.

Бироқ бу режамизни бироз ўзгартиришимизга тўғри келди. Чунки дадам яхшиси, онамни балиқ овига олиб боришни афзал деб билди.

Ов учун бор нарсамиз тахт бўлгач, шу вақтда онамиздан биз учун бир-икки дона бутерброд тайёрлаб беришини сўрадик. Балиқ овига олиб бориш учун машина эшик олдига келиб тўхтагач, у ерда ҳаммамиз учун етарли жой йўқлигини кўриб, бор қувончимиз ичимизга тушиб кетди. Дадам уйда қолиб, боғда ишлашини билдирди. Кейин иккала қиз - Анна билан Мария ҳам уйда қолишларини айтдилар, бироқ бошларидаги янги шляпаларини ҳеч кимга мақтана олмасликларидан уларнинг ҳам кўнгиллари чўкди.

Охир-оқибат сўнгги қарор шу бўлдики, онамизнинг ўзи уйда қолиб, кечки овқатни тайёрлаб турадиган бўлди. Умуман олганда, балиқ ови онамга унчалик ҳам хуш келмасди.

Ана энди ҳаммамиз машинага сиғиб, севинганча жўнаб кетарканмиз, то қорамиз кўздан йўқолгунича онамиз айвонда турганча бизларга қўл силкиб қолдилар.

Оҳ, шаҳар ташқарисида шу қадар маза қилиб дам олибмизки! Дадам анчагина катта-катта балиқ тутди, қизлар эса ўзларига дугоналар топишиб, уларга янги шляпаларини мақтаниб олишди. Қайтаётганимизда қуёш аллақачон уфққа бош қўйиб бўлганди.

Хайриятки, кечки таомимиз анча аввал ҳозирлаб қўйилган экан, барчамиз шоду хуррамлик билан байрамона безатилган дастурхон атрофига ўтирдик. Овқат пайтида ҳам онам ҳеч бемалол ўтиролмади, ошхонадан егуликларни келтириш ҳамда бўшаган идишларни йиғиштириб олиш учун ошхона билан дастурхон ўртасида тинмасдан бориб келаверди.

Ниҳоят, кечки нонушта тугагач, биз ҳаммамиз онамизга идишларни ювиб олишда ёрдам беришни хоҳладик, лекин онамизнинг бу ишни ўзим қилмасам кўнгилдагидек бўлмайди дейиши бизга маъқул тушди. Онаизоримизнинг истакларини ерда қолдирмаслик учун, ноилож, бу ишни ҳам ўзларига қолдирдик, ахир биз нима қилиб бўлса-да, меҳрибонимизни хурсанд қилишга қарор қилгандик-да!

Уюштирган тантанамиз ўз поёнига етганида анча кеч бўлиб қолганди, уйқуга ётишдан олдин барчамиз онажонимизни ўпиб қўйдик, у эса бахтиёр ҳолда бу кунни ҳаётидаги энг ажойиб кун бўлганини айтар экан, нигоҳларида бир дунё меҳр товланар, бахтдан гўё сармаст эди.

Инглиз тилидан

Қандилат ЮСУПОВА таржимаси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди