№44, 31.10.2013 ҚАТРА
ВИЖДОННИ УЙҒОТГАН ТОШ
Бу воқеани менга дадам айтиб берди:
Бир куни йўлда бир бола жонсараклик билан у ёқдан, бу ёққа ўтиб машина тўхтатишга уринар, бироқ ҳеч бир машина тўхтамасди. Шу пайт "Каптива" русумли машина ўтиб қолди. Бола йўл четидан қўлига илинган бир тошни унинг ойнасига отди. Ойна дарз кетди. Машинанинг эгаси четроққа тўхтаб, жаҳл билан тушди ва болани койий бошлади:
- Машинамни нима қилдинг, ярамас бола, тарбия кўрганмисан ўзи? - Ҳайдовчи ҳуморидан чиққунча сўкди. Бола сукут сақлаб тураверди ва тилга кирди:
- Кечиринг, амаки, бундай қилмоқчи эмасдим. Машина тўхтатишга роса уриндим, аммо ҳеч бир машина тўхтамагач, бунга мажбур бўлдим.
- Хўш, нима ёрдам керак сенга?
- Менга эмас, тўғрироғи акамга. У ногирон, юра олмайди. Уни аравачада олиб кетаётсам, тошга қоқилиб, йиқилиб тушди. Унга ёрдам керак.
Бола нотаниш кишини акаси йиқилган жойга бошлаб борди. Машина эгаси ногирон йигитни кўриб, гапирган гапларидан афсусланди. Болага акасини қатновчилар йўлагига олиб боришга ёрдамлашди. Сўнгра ҳамёнидан пул чиқариб, болага узатди. Улар миннатдорчилик билдириб, йўлда давом этишди.
Ҳайдовчи бу воқеани узоқ вақт ўйлаб юрди, дарз кетган ойнани ҳам янгиламади.
Бир куни ўртоқлари билан зиёфатга кетаётганди, шунда бир дўсти сўради:
- Ойнага нимадир текканга ўхшайди. Эътибор бердингизми?
- Ҳа, бир бола тош отганди.
- Биродар,бу савлатли машинага дарз кетган ойна ярашмайди. Қайси нодон отганди, ўзи?
- Ундай деманг, бу ойнани янгиламаганим маъқул. Пул топиб ўзлигимни унутиб қўйибман. Менинг виждонимни қайта уйғотган тошнинг зарби бу. Бу ҳолат менга ҳамма қатори инсон эканлигимни англатиб туради, - дея дўстларига бўлган воқеани айтиб беради.
Оддийгина йўл четидаги тош бир инсонни инсофга чақиради деб ким ҳам ўйлабди дейсиз?!
Мадина АКБАРОВА,
Балиқчи иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.
|