Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№45, 07.11.2013

"СОҒЛОМ ҲАЁТ - СОҒЛОМ КЕЛАЖАК!"

Ушбу саҳифа "Аҳолининг экологик ва тиббий саводхонлигини, маданиятини юксалтириш - соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг муҳим омили" номли лойиҳа доирасида тайёрланди.

МУҲАРРИР МИНБАРИ

СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИГА ЭРИШИШ - БОШ МАҚСАДИМИЗ

Азиз муштарийлар! Газетамиз таҳририяти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грантлар танловида "Аҳолининг экологик ва тиббий саводхонлигини, маданиятини юксалтириш - соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг муҳим омили" деб номланган лойиҳа билан иштирок этиб, фонднинг молиявий кўмагини олишга сазовор бўлди. Таҳририятимиз ноябрь ойидан ана шу лойиҳани амалга оширишни бошлади.

Лойиҳага, асосан, газетамизда бир ойда икки марта "Соғлом турмуш - соғлом келажак" деб номланган махсус саҳифа чоп этилади. Мазкур саҳифада фақат лойиҳа доирасидаги материаллар бериб борилади.

Табиатни асраб авайлаш, экологик мусаффоликни таъминлаш, тозаликка риоя этиш, чор-атрофни кўкаламзорлаштириш, сув ресурсларидан, айниқса, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш, покизаликка, соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиш, аҳолининг, хотин-қизлар, айниқса, ёшларнинг бу борадаги тушунча ва билимларини кенгайтириш, уларнинг экологик ва тиббий маданиятини юксалтирш лойиҳадан кўзланган асосий мақсаддир. Шунингдек, саҳифада фуқароларнинг тиббий билимларини бойитиши, тиббий кўрик, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг зарари, бу борада мутахассислар маслаҳати, шу билан бирга, вилоятимизнинг асосий сув манбаалари - дарёлари, каналлари, сойлари, табиати гўзал гўшалари ҳақида маълумотлар бериб борилади.

Умуман, ана шу йўналишларда олиб борилаётган ишлар, илғор тажрибаларни оммалаштириш, мавжуд муаммоларга жамоатчилик эътиборини жалб этиш, ҳаётий мисоллар асосида ёзилган мақолалар, фотосуратлар орқали аҳоли ўртасида кенг кўламли тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бориш кўзда тутилади.

Бундан ташқари, вилоятдаги лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқуачилари ўртасида "Инсон ва экология", "Соғлом турмуш тарзи - саломатлик гарови" мавзуларида учрашувлар ҳамда иншолар танлови ўтказилади. Бу саъйи ҳаракатлар ёшларнинг экология ва соғлом турмуш тарзи ҳақида билим ва тушунчаларни янада бойитишга хизмат қилади.

Ўзбек халқи азал-азалдан ариқлар, хонадонлар, кўча ва гузарларнинг тозалигига, покизалигига катта эътибор қаратган ва покизаликни таъминлаган. Бугун эса, афсуски, бу борадаги ишлардан у қадар кўнглимиз тўлаётгани йўқ. Ёки ичимлик сув масаласини олайлик. Айни кунда сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш масаласи глобал муаммога айланган. Шу сабабли ҳам сув ресурсларини муҳофаза қилиш, ундан оқилона фойдаланиш ва истеъмолчиларга етиб бориши билан боғлиқ масалалар ҳам долзарб ва аҳамиятли бўлиб қолмоқда. Бу албатта, аҳоли ўртасида экологик тарбия, маданиятни шакллантириш борасида тарғибот ишларини олиб бориш зарурлигини тақазо этади.

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишлар аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар онгида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, она табиатимизни асраб-авайлаш, табиат неъматларидан оқилона фойдаланиш борасидаги тушунчаларини бойитишга, уларнинг тиббий ва экологик билимларини юксалтиришга хизмат қилади.

Фахриддин

ИБАЙДУЛЛАЕВ.

АТРОФ-МУҲИТГА НАЗАР

САЛОМАТЛИГИМИЗ

ЎЗ ҚЎЛИМИЗДА...Она табиатимиз ниҳоятда гўзал, унинг инсониятга марҳамати беқиёс. Боиси, инсон учун зарур бўлган ноз-неъматларнинг барчаси табиат бағрида етилади.

Афсуски, бугунги кунда аксарият шаҳар ва туманларда атроф-муҳитнинг ифлосланиши ана шу гўзал табиатимизнинг мусаффолигига раҳна солмоқда. Шу билан бирга, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши, турли касалликларнинг авж олишига сабаб бўлмоқда.

Шаҳардаги экологик вазиятнинг ёмонлашуви албатта, саноат, маиший корхоналар фаолияти ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши билан боғлиқ. Чунки улардан чиқадиган заҳарли газлар миқдори тобора ортиб бормоқда. Шу боис, ҳаво мусаффолигини таъминлашда манзарали дарахтларнинг аҳамияти беқиёсдир. Мутахассисларнинг фикрича, шаҳар ҳудудида қанчалик кўп дарахтлар, кўкаламзор майдонлар бўлган тақдирдагина экологик мувозанат таъминланар экан.

Кўкаламзорлаштириш ишларига юртимизда катта эътибор берилмоқда. Айниқса, кейинги йилларда вилоятимизда олиб борилаётган ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари туфайли шаҳримиз кўркамлашиб кундан-кунга чирой очиб бормоқда.

Афсуски, бугунги кунда аҳоли яшаш жойларида, айниқса, кўп қаватли уйлар ҳудудида фуқаролар томонидан чиқарилаётган чиқиндиларни тартибга солиш, уларни назорат қилиш муаммоси кўнгилни хира қилади. Кўп қаватли турар-жойлар атрофида уюлиб ётган ахлатлар ҳар қанча гапирилишига қарамай тозаланиб, тартибга солинмаяпти.

Айниқсаа, бу ҳолат ана шу ерда яшовчиларнинг соғликларига салбий таъсир қилиши кўпчиликни қизиқтирмаётгани ачинарлидир.

Бу муаммони бартараф этиш учун аҳоли яшаш жойларида чиқинди ташланадиган алоҳида жой ҳозирланиши, ва қатъий тартиб жорий этилиши, аҳолининг ана шу туртибга амал қилиши учун тегишли тарзда тушунтириш ишларига эътибор қаратиш керак. Бунда маҳаллалар фаоллари, ҳокимликлар, мутасадди идоралар ҳамкорлиги жуда зарур.

Шунингдек, айни кунларда кўчалар хазон барги билан қопланган. Афсуски, тўпланган баргларни ёқиб юбориш ҳолатлари жуда кўп учраб турибди. Аҳоли пунктларида хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш оқибатида атроф-муҳит ҳавоси зарарли моддалар билан ифлосланмоқда. Шу ўринда айтиш жоизки, хазон баргларини ёқмаслик, атроф-муҳит тозалиги, мусаффолигини таъминлаш, аввало, ўзимизнинг соғлигимизни асрашдир.

Шундай экан, уюлган чиқиндилар, хазон баргларини ёқиб йўл қўймайлик. Ён атрофимиздагиларга ҳам ана шуни тушинтирайлик. Зотан, бизнинг табиатга, атроф-муҳитга бўлган муносабатимиз, қарашларимиз, турмуш тарзимиз қандай эканлигини белгилайдиган мезонга айланмоғи даркор. Саломатлигимиз ўз қўлимизда, уни асраш эса ён-атрофимизни тоза ва озода тутиш билан чамбарчас боғлиқдир.

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.

СУВ - БЕБАҲО НЕЪМАТ

АНДИЖОННИНГ СУВ РЕСУРСЛАРИ

Сув - табиатнинг бебаҳо неъмати, ҳаёт манбаидир. Унинг ҳар томчисини қадрлаш, исроф қилмаслик барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир. Чунки сувнинг ҳаётимиздаги ўрни ва ролини ҳеч қандай неъмат билан тўлдириб бўлмайди.

Ота-боболаримиз қадимдан сувни ҳаёт манбаи сифатида эъзозлаб, уни муқаддас билиб, тежаб-тергаб сарфлаганлар. Бу қарашлар бугунги кунда ҳам ўз моҳиятини асло йўқотган эмас. Ҳаётимизни сувсиз тасаввур қилиб бўлмагандек, деҳқончилик ҳам оби-ҳаётсиз бўлмайди. Чунки пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш бевосита сув билан чамбарчас боғлиқ. Хусусан, вилоятимизда, айниқса, қишлоқ хўжалигида сувнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Истеъмолда, саноатда, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш, ерлар унумдорлигини ошириш жараёнида сувдан оқилона ва унумли фойдаланиш муҳим стратегик аҳамиятга эга йўналиш ҳисобланади.

Андижон вилояти Фарғона водийсининг шимолий-шарқида жойлашган бўлиб, умумий ер майдони 430,3 минг гектарни ташкил этади. Жанубий-шарқий ва шимолий-шарқда Қирғизистон Республикаси билан, ғарб томондан Фарғона вилояти, шимол томондан Наманган вилояти билан чегарадош. Вилоятдаги экин майдонларни суғоришда Норин-Қорадарё ҳавзасига кирувчи канал ва сойлар алоҳида аҳамиятга эга. Бундан ташқари, вилоятнинг сув ресурслари ер усти, ер ости, зовур ва оқова сувларни ҳам ўз ичига олади. Асосий сув манбаларимиз Андижон сув омбори, Қорадарё ва Норин дарёсидир.

Улар орқали вилоятимизнинг 273,5 минг гектар экин майдони сув билан таъминланади.

Йил давомида вилоятимиз халқ хўжалигида фойдаланилаётган жами сувнинг асосий қисмини дарё сувлари, яна бир қисмини эса ер ости ва қайта ишлатиладиган сувларлар ташкил этади. Вилоятимизнинг ўз сув ресурслари 16 фоиздан иборат.

Умуман, жаҳон миқиёсида сувга бўлган талаб ва эҳтиёж ортиб бораётган ҳозирги даврда сувдан тежаб-тергаб, оқилона фойдаланиш муҳимдир. Шу сабабли ҳам мазкур масалага жиддий ёндошиш талаб этилади. Келгусида "Иқбол" газетаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида мазкур йўналишда қатор материаллар бериб борилиши, албатта, фойдадан холи бўлмайди. Бу борада аҳолининг кенгроқ маълумотларга эга бўлиши учун вилоятимиздаги Қорадарё, Норин дарёси, Оқбўрасой, Аравонсой, Майлисой, Тентаксой, Катта Фарғона канали, Жанубий Фарғона канали сингар қатор сув ҳавзалари ҳақида тўла ва қизиқарли маълумотлар, шунингдек, ичимлик сувидан фойдаланиш, суғориш, суғоришда илғор ва тежамкор усулларни қўллаш борасида зарур тавсия ва маслаҳатлар бериб боришга ҳаракат қиламиз.

Шуҳратбек ЭРГАШЕВ,

Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг

1-ўринбосари.

ҲАЁТ - ИБРАТ МАКТАБИ

СОҒЛОМ ОИЛА - ЮРТ КЎРКИ

Соғлом турмуш тарзини шакллантириш, баркамол авлод тарбияси бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.

Соғлом она - соғлом фарзанд - соғлом оила, булар бир-бирига узвий боғлиқ мезонлар бўлиб, ҳар бирида бахтни англатувчи ришталар бисёр.

Ҳаёт ҳар доим ҳам биз истаган орзулар рўёбини беравермайди. Рўзғор-ғор,турмуш-мушт, дея бежиз айтмайдилар. Айниқса, оила аталмиш қўрғонни бешикаст ривожлантириш, ундаги муҳитнинг соғлом бўлишида ҳар-бир оила аъзосининг ўз ўрни бор. Фарзанд камолининг бенуқсон бўлиши соғлом турмуш ва келажакнинг асосидир.

* * *

Бир дугонам турмушга чиқдию, аммо фарзандли бўлиши қийин кечди. Ниҳоят, олти йил деганда ҳомиладор бўлди. Унга қадар эшитмаган маломати қолмади. Бу бахт ҳам унга татимади, аниқроғи, набирага "ташна"қайнонага келиннинг бошқоронғиликдаги инжиқликлари малол келди. Дугонам қайнонасининг турткилашларидан зада бўлар, асаблари таранглашар, бироқ бирор сўз демай сабр қиларди. Оқибатда табиатан жуда вазмин бўлишига қарамай, уни ҳомиладорликда турли касалликлар безовта қила бошлади: қон босимининг ошиши, анемия, бола тушиш хавфи... Булар ҳақида шифокордан эшитган қайнонанинг фиғони фалакка ўрлади: "Ҳозирги келинларга ҳайронсан: ҳаммаси касал! Битта болани ҳам эплаб туғолмайди. Бизга раҳмат экан-да,5-6 тадан болани "их" демай дунёга келтирганмиз!..."

Бундай дашномларни эшитган келин касалхонага ётишдан бош тортди. Қайнонасига ўхшаб фарзандини "их" демасдан дунёга келтиришга аҳд қилди, даволанмади. Аммо гўдак ногирон туғилди...

* * *

Опа-ука қариндошлик ришталарини мустаҳкамлашга қарор қилдилар. Бир-бирини ака-сингил сифатида қадрлаган ёшларнинг фикри инобатга олинмади. Тўй тадоригини эшитган маҳалла фаоллари, отинойилар эшик қоқдилар. Бироқ одилона маслаҳат опа-ука "қудалар"га кор қилмади. Тўй бўлди. Данғиллама ҳовли-ю, мол-мулкнинг соҳибаси жияни - келини ёт эмаслигига тоға-қайнота хурсанд, қизининг бегонанинг эмас, ўз жигари уйида "яйраб яшаши" опа-қудага завқ бағишлади. Икки ёш эса ота-она раъйидан чиқолмай, мажбурий никоҳга кўниккан. Бирин-кетин оила риштаси бўлган ширингина фарзандлар туғилди. Турмушга шодлик улашувчи гўдаклар, афсуски кўзларига завқ бағишлашдан маҳрум. Чунки улар ногирон дунёга келдилар. Опа-ука қудалар бошини чангаллаган. Келин-куёв кимнинг ёқасидан олишни билмай гаранг.

Кечаги кунни "эслатаверадиган" қайноналар яхши билиб олсин: келинингиз сизнинг эртангизни яратади. Бенуқсон фарзанд туғилишига ёрдам беринг. Набирангизнинг соғлом туғилиши кўп жиҳатдан Сизга боғлиқ эканини асло унутманг.

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди