№45, 07.11.2013 ИБРАТ
ОНА ДУОСИ
Машҳур классик шоир Шамсуддин Муҳаммад Ҳофиз Шерозий отасидан жуда эрта етим қолган экан.
Унинг икки акаси тирикчилик азобларига дош беролмай, онаси ва укасини ташлаб, ўз кунини ўтказиш мақсадида уйдан чиқиб кетишибди.
Онаизор эса нимжонгина гўдаги Шамсуддиндан умид қилиб, кечаю-кундуз унинг дардига шифо тилаб, дуо қилаверибди. Онанинг дуолари ижобат бўлиб, ўғли соғайибди, кучга кириб, нонвойга шогирд тушибди.
Шамсуддин ҳар сафар ишлаган ҳаққини олганида, пулни уч қисмга бўлиб, икки қисмини онасига элтиб берар, бир қисмини мударрисга тўлаб сабоқ оларкан.
Ҳали балоғатга етмаган фарзандининг бу каби ҳолати онаизорни ҳайратлантирар, Аллоҳдан уни турли фалокатлардан, ёмон кўзлардан асрашини сўраб илтижо қиларкан.
Муштипар аёлнинг дуоси Яратганга хуш келиб, фарзандига назарини зиёда қилибди. Шамсуддин униб ўсиб, шуҳрати бутун оламни тутган Ҳофиз Шерозий бўлиб етишибди.
Онасини ташлаб кетган икки ўғил эса, кечани кеча, кундузни кундуз демай, тер тўксалар ҳам бирлари икки бўлмай, қашшоқлик сабаб оламдан ўтишибди.
Қиссадан ҳисса шуки, кимки онасининг дуосини олса, икки дунёси обод бўлади. Унинг дилини ранжитган фарзанд эса ҳеч қачон рўшнолик кўрмайди.
Мадина МАҲМУДОВА
тайёрлади.
|