№46, 14.11.2013 МУШОҲАДА
ЁЛҒОН, ЁЛҒОНЛАР...
Агар ёлғон тушунчаси онгимизда бўлмаганида эди, балки биз ҳақиқатни тўла англаб етмаган бўлармидик. Танганинг ҳам икки томони бўлганидек, ёлғоннинг бир тарафлама хусусияти унинг ижобийлигидир.
Кузатувчиларнинг таҳлилига кўра, кун давомидаги инсонлар ҳаракатининг кўп қисми ёлғондан иборат экан. Шу ўринда псилохология ҳам ҳақиқатдан кўра ёлғонга ишониш инсонларда осонроқ кечишини таъкидлайди. Бу сизни таажжублантириши табиий. Ҳаёлингизда "мен ҳеч қачон ёлғон гапирмайман-ку ёки ким менга ёлғон гапириши мумкин..." деган ўйлар кечиши аниқ. Хулоса чиқаришга шошилманг, ўйлаб кўринг, аслида бу тушунча бутун ҳаётингизда Сизга ҳамроҳдир.
Эрта тонгдан кайфиятингиз йўқ уйғондингиз, бу атрофдагиларга таъсир этмаслигини ўйлаб, сохта бўлса-да, табассум қилишга уринасиз. Ёки бирор жойингиз оғриётган бўлса-да, шунчаки кайфиятим йўқ, дейиш билан чекланасиз. Ҳа, майли булар-ку яхшиликкадир. Аммо баъзан эътибор бермай, баъзан эса атайин шундай ёлғонларни гапирамизки, натижада, биргина алдовни деб яна қанчадан-қанчасини тўқишимизга тўғри келади. Бизнинг бу йўлимиз эзгулик учун хизмат қилса-ку яхши. Аммо ундай бўлмаса-чи?
Балки инсон иложсизликдан ҳам ёлғон гапириши мумкин, деган ўй сизни тинчлантирар! Яхшилик учун айтилган ёлғонни кимлардир оқлар. Айтайлик, қайнона-келин муносабатларидаги сохта табассум, ширин сўзлар... Ахир булар оила тинчлиги йўлидаги ҳаракатлар эмасми? Ёйинки бирор кимсани ўлгудек ёмон кўрсангиз ҳам унга дилингиздагини айтишга андиша қиласиз, ўйлаганларингизни яширасиз. Аммо ҳар қадамимизда учрайдиган бу каби ҳолатларнинг ҳаммасини ҳам ижобий деб бўлмайди. Мисол учун туғишган акаси ёки синглисига кўмак керак бўлсаю, аслида шароити бўла туриб ҳам хоҳиш билдирмайдиганлар ҳам йўқ эмас. Бу кабилар осонгина "иложи йўғ эди-я, эссиз" дея қутиладилар. Ҳатто, ота-онасининг ҳолидан хабар олмайдиганлар орамизда йўқ дейсизми? Нима эмиш, бундайлар иш билан бўлиб вақт топа олишмас эмиш.
Шу ўринда баъзи ота-оналар фарзандларининг ёлғон гапиришларидан ўпкалаб қолишади. Аслида кўп ҳолларда бунга ўзлари сабабчи эканликларини англамайдилар. Доно халқимизда "Қуш инида кўрганини қилади" деган нақл бор. Балки сиз фарзандингиз ота-оналар йиғилиши ҳақида сўз очса, гарчи вақтингиз бўлса-да, "Аям, дадамнинг вақтлари йўқ экан, - дея қол, э, шу мажлисингни ҳам", - деб қўл силтарсиз. Тўғри, бу оддий бир мисол. Аммо ҳаммаси ана шу оддийликдан бошланади. Шунинг ўзи бола онгида "ёлғон гапирсам бўлаверади, онам айтаяпти", деган тушунча пайдо бўлиши учун етарлидир.
Баъзи одамлар "ўзи бу дунё - ёлғон дунё" деб қолишади. Балки қайсидир маънода бу гапда жон бордир. Афсуски, бугунги кунимизда ўз манфаати йўлида ёлғонни ниқоб қилаётган кимсалари кўплаб топилади.
Донишмандлардан бири агар ёлғон ҳам ҳақиқат сингари бир хил бўлганида, аҳволимиз анча енгиллашарди. У ҳолда биз ёлғон сўзлаётган одамнинг гапини тескари тушуниб қўя қолардик. Лекин ҳақиқатнинг акси бўлган ёлғоннинг минглаб қиёфаси бор ва унинг ҳад-чегараси йўқдир. Ундан қай мақсадларда фойдаланиш эса барчамизнинг ўзимизга боғлиқ.
Ҳувайдо ҲЎЖАМҚУЛОВА,
ЎзМУ талабаси.
|